Жамият | 00:10 / 21.04.2023
77212
3 дақиқада ўқилади

«Қизим ҳозир стресс ҳолатида» – номаълум эркак ҳамласига учраган 17 яшар қизнинг отаси

Жабрланувчи яшайдиган маҳалла раиси ва қўшнилар воқеадан шокда эканликларини айтишган бўлса, қизнинг отаси айбдорга қаттиқ чора кўрилишини сўраган. 

19 апрель куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманида номаълум эркак кўчада кетаётган ўқувчи қизга ташланган, сўнгра воқеа жойидан қочиб кетган. 

“Сукут сақлама” лойиҳаси томонидан эълон қилинган видеода эркак ортдан келиб қизнинг оғзини қўли билан ёпгани, қучоқлагани, қиз эса унга қаршилик кўрсатиб ерга ўтириб қолгани кўринади. Эркак қочиб кетган, қиз нима бўлганини англаб етмасдан унинг ортидан қараб қолган, кейин ўтириб йиғлаган.

“Миллар” дастури ижодкорлари жабрланувчининг отаси, қўшнилари ва устозларидан интервью олди.

Қизнинг отаси воқеани тонгда рафиқасидан эшитганини, шундан сўнг ИИБга мурожаат қилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда қизи кучли стресс ҳолатида. 

“Қизим мактаб ўқувчиси. 19 апрель куни дарсдан қайтаётганда орқа томондан нотаниш фуқаро келиб, қизимнинг оғзини беркитиб, бўйнидан бўғиб йиқитган. Қизим ҳозир стресс ҳолатда. Видеода қарасангиз орқада келаётганида кўрмай қолган, [у одамни] танимайди. Яхши ҳам бақиргани учун қочиб кетган, ҳеч нарсасини олмаган. Туман ИИБга бориб, мурожаат қилдим. Ўша болага нисбатан қаттиқ чора кўришларини сўраб қолардим”, — дейди қизнинг отаси.

“Тўғри, ҳаммамиз жуда шокка тушдик. Ҳозир психологлар келишди, қиз билан ишлашяпти. Ўзим ҳам суҳбатлашдим. Озроқ қўрққан, лекин ҳаммаси жойида, худога шукр. Видеодаги йигитни ўзим ҳам кўрдим, лекин танимадим”, дейди “Иноқобод” МФЙ раиси Нурсулув Сабикова.

“[Бўлган воқеани эшитиб] оёқ-қўлим қалтираб қолди. Унақа нарса бўлишини кутмовдим. Бизнинг ҳам қизларимиз, ёш болаларимиз бор. Шу боис бу каби воқеаларга жиддий эътибор қаратиш керак. Қўшнилар билан ҳаммамиз хавотирдамиз”, дейди жабрланувчининг қўшниси.

“Ҳозирги кунда қизимиз 11-синфда ўқийди. Бу ўқувчимиз синфдошлари ичида ҳам жуда фаол, лидерлардан. Мактабга бориб, соат 10:00ларда ЎзМУ математика факультетида бўлиб ўтган олимпиадада қатнашиб, уйига қайтаётганда – ўзи яшайдиган маҳалланинг кўчасида шу ҳолат юз берган”, дейди жабрланувчи таҳсил оладиган мактаб ходими (у “Миллар”га берган интервьюсида шахси очиқланишини истамаган).

Тошкент шаҳар ИИББга кўра, вояга етмаган қизга ташланган эркак бир суткага ҳам бормай қўлга олинган, бу ишни Оқдарё туманида яшовчи Озод О. исмли шахс содир этгани аниқланган. Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Мавзуга оид