Ўзбекистон | 16:49 / 13.01.2019
21989
9 дақиқада ўқилади

Ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг сабаби нимада?

Kun.uz сайти таҳририяти Иқтисодий ривожланишга кўмаклашув маркази раҳбари Юлий Ботирович Юсупов билан туркум суҳбатлар уюштиришни режалаштирган. Туркум «Юлий Юсупов билан натижалар ҳақида» деб номланади. Журналист Шокир Шарипов таҳририятимиз меҳмони билан биргаликда ўтган йилга назар ташлаймиз ва иқтисодий ислоҳотлар борасида нималарга эришганимиз ва нималарни бой берганимиз ҳақида суҳбат қуради.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Ш.Ш. – Биринчи саволим кенгроқ мазмунда: «бизга нега ислоҳотлар керак?»

Ю.Ю. – Савол ҳақиқатан кенг мазмунда. Ислоҳотлар нима учун кераклигини тушуниш учун гапни ислоҳотлар нима эканлигидан бошласак. Сал узоқроқдан келишга ҳаракат қиламан. Масалан, бир ночор оила бор. Бу оила нима учун ночор яшаётганлигини тушунишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Улар турли сабабларга кўра ночор яшаётган бўлишлари мумкин. Масалан, аёл олий маълумотли эмас. Шунинг учун маош кам тўланадиган ишда ишлайди ва оз ойлик олади. Эри эса, айтайлик, кўп ичади. Шу боис бир жойда узоқ ишлолмайди – эртами-кечми ишдан ҳайдалади. Аён бўладики, оиланинг қашшоқлиги унинг аъзоларининг ўзларига боғлиқ.

Аммо янада чуқурроқ сабаблари бўлиши мумкин. Аёлнинг оиласида қизлар ўқиши шарт эмас - «қизлар мактабда ўқиса етади, асосийси эрга тегиб, бола боқиш» деган тамойил бўлганлиги сабабли аёл олий маълумотли бўла олмаган. Бу ерда таълим иккинчи ўринга тушиб қолади. Бу ҳам қашшоқликнинг чуқурроқ сабабларидан бири. 

Лекин бошқа –ташқи сабаблар ҳам бўлиши мумкин. Айтайлик, эр ичувчи, дангаса ёки ёмон ишчи бўлганлиги учун эмас, балки оиласи билан яшаётган жойда иш йўқлиги учун иш тополмайди. Унда нима учун у ерда етарлича иш ўринлари яратилмаётгани ҳақида савол туғилади.

Калаванинг учини топишга уринар эканмиз, оилаларнинг ночорлиги нафақат уларнинг ўзларига, балки ташқи сабабларга ҳам боғлиқ деган хулосага келамиз.

Агарда кенгроқ миқёсда оладиган бўлсак, одамлар ўртача жуда яхши яшайдиган ва одамлар жуда ёмон яшайдиган мамлакатлар, ҳудудлар борлигини кўришимиз мумкин.

Турмуш даражасини баҳолайдиган кўрсаткич – ЯИМ – ялпи ички маҳсулот мавжуд. Айрим давлатларда у киши бошига йилига 30 минг доллардан кўпроқни, яна баъзи мамлакатларда эса ЯИМ йилига минг доллардан камроқни ташкил этади. Қаранг, ўртадаги фарқ ўттиз-қирқ баравар!

Бундай вазият одамларнинг шахсий хусусиятларига боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Қайсидир мамлакат ёки ҳудудда қўлидан ҳеч нарса келмайдиган одамлар кўп бўлиши ва шунинг учун улар ночор яшашларини тасаввур қилиш қийин. Аслида, ҳамма одамлар бир хил. Тўғри, одамлар орасида дангасалар, меҳнаткашлар ва бошқалар бўлади. Аммо биология нуқтаи назаридан олиб қараганда, одамлар бир хил. Ишёқмас ва меҳнатсеварлар ҳамма мамлакатларда бор. Аммо қайсидир давлатларда одамлар анча яхши, қайси бирларида эса анча ёмон яшайди. Буни одамларнинг шахсий хусусиятларига тўнкаб бўлмайди.

«Нега?» - бу саволни XVIII асрдаёқ Адам Смит берганди. Унинг қаламига мансуб китоб «Халқларнинг бойлиги табиати ва сабаблари борасида тадқиқот» деб номланади. «Нима учун айрим давлатлар бой, бошқалари эса қашшоқ?».

Ва бугунги кунда иқтисодчилар ва бошқа йўналишлар вакиллари гап одамларнинг шахсий қобилиятида эмаслигини, шахсий қобилият билан мамлакатлар ва ҳудудларни эмас, алоҳида оилаларнинг ҳолатини изоҳлаш мумкинлигини айтишади. Гап қандайдир бошқа нарсада.

Хўш, нимада? Гап қоидалар ва одамларнинг ўзини тутишидаги стереотипларда. Одамлар табиатан бир хил, аммо ўзларини турлича тутишади. Ҳаттоки биргина одам турли вазиятларда ўзини турлича тутади. Бу жамият, оила ёки шаҳар ёхуд бутун бир мамлакатда мавжуд бўлган қоидалар ва стереотиплар билан боғлиқ. Мутахассислар бу стереотиплар ва қоидаларни  институт ёки жамоатчилик институтлари деб атайдилар. Булар расмий қоидалар: қонунлар, қонуности ҳужжатлари, йўл ҳаракати қоидалари, иш берувчи ва ишчилар ўртасидаги шартномалар бўлиши мумкин – буларнинг барчаси расмий қоидалар. Булар шунингдек, норасмий қоидалар бўлиши ҳам мумкин, одамлар қонунда ёзилгани учун эмас, балки шундай ҳаракат қилишга ўрганиб қолишгани учун ёки урф-одатлардан келиб чиқиб иш тутишади. Булар расмий ва норасмий институтлардир.

Шуни ҳам англаш лозимки, қонунда ёзилган ҳамма нарса ҳам амалдаги расмий институт бўлмаслиги мумкин. чунки қоғозда ёзилган нимадир амалда ишламаслиги мумкин. 

Масалан, Конституциямизда қонун олдида ҳамма тенглиги, ҳамма бир хил ҳуқуққа эга эканлиги, бизда Конституция олий қонун ҳужжати ҳисобланиши ёзилган. Бошқа томондан эса, қандайдир идоранинг норматив ҳужжати бу Конституцияни инкор қилади. Ва Конституцияни йўққа чиқарадиган айнан мана шу норматив ҳужжат ижро этилади.

Мисол учун, бизда икки тоифадаги фуқаролар бор эди: тошкентликлар ва Ўзбекистоннинг бошқа фуқаролари. Иккинчи тоифадагилар Тошкентдан уй сотиб ололмасди, яқин вақтгача Тошкентда ишга жойлаша олмасди. Бу Конституцияга зид. Конституция олий кучга эга бўлиши лозим. Аммо қандайдир норматив ҳужжат уни йўққа чиқаради. Маълум бўладики, биз Конституцияси асосида эмас, қандайдир буйруқ, фармон ёки яна бошқа бирор ҳужжат асосида иш кўрамиз.

Яна шундай ҳолатлар бўладики, ёзилган қоидалар эмас, оғзаки буйруқлар амал қилади. Ўн йил олдин банкка имзоланган шартнома билан боргандим. Ҳисобимга пул тушиши учун шартномани рўйхатдан ўтказиш керак эди, менга «шартномадаги айрим бандларни ўзгартириб келинг» дейишди. Иккита сўз қўшиш керак экан. Аммо шартнома имзолаб бўлинган, халқаро ташкилот билан имзоланган эди, энди мана шу иккита аҳмоқона сўз учун шартномани ортга қайтаришим керак эди. Улардан буни қандай асосда талаб қилишаётганини, қайси норматив ҳужжатда бу нарса ёзилганини сўрадим. Улар эса ҳеч қандай норматив ҳужжат йўқлигини, «текширув бўлгани ва улардан шундай тузатиш киритиш талаб қилинганини» айтишди. Тамом-вассалом! Қонун ҳужжатларига тупуриш учун оғзаки буйруқ кифоя. ва бундай ҳолатлар ҳамма жойда тиқилиб ётибди.

Мана, мамлакатлар, ҳудудлар, жамиятлар нимаси билан бир-биридан фарқ қилади – бу уларда мавжуд бўлган қоидалардир. Бу фарқлар мамлакатлар орасидаги иқтисодий вазиятларнинг турли-туманлигини белгилаб беради. Турли турмуш даражасини ҳам. Қаердаки одамларга эркин ишлаш, яхши пул топиш, бизнес билан эркин шуғулланиш учун шароит яратилган бўлса, ўша ерда жамият гуллаб-яшнайди. Қаердаки қоидалар ёмон бўлса, қоидалар одамларга эркин иқтисодий фаолият юритишга халақит берса, ўша ерда жамият қашшоқ бўлади.

Ва ислоҳот нима? Ислоҳот бу қоидаларни ўзгартиришдир. Ёмон қоидаларни яхшиларига ўзгартириш. Ёмон қоидаларни энг яхшиларига алмаштириш. Ислоҳотлар қачонки бизда қоидалар ёмонлигини тан олганимизда керак бўлади.

Жамиятимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, бизда жуда кўп нарсани ўзгартириш керак. Ўн йилликлар давомида деярли ҳамма жойда ёмон қоидалар йиғилиб қолган.

Ш.Ш. – Айнан шу ҳақда сўрамоқчи эдим. Биз ҳаммамиз совет даврида яшаганларнинг меросхўрларимиз. Сиз ўша даврда яшагансиз, мен ёш бўлганман, аммо эслай оламан. Ўша даврда қандайдир стереотиплар эмас, балки тўлақонли дунёқараш шаклланган деб тахмин қиламан. Бундан қандай қутулса бўлади, балки янада чуқурроқ «кириш» керакдир?

Ю.Ю. – Совет иттифоқида Ўзбекистондан ташқари бошқа республикалар ҳам бўлган. Социалистик лагернинг бошқа мамлакатлари ҳам бўлган. Ҳаттоки «социалистик лагернинг Лотин Америкасидаги қўрғони» бўлган - Куба. Аммо Совет иттифоқи анча илгари тарқалиб кетган - чорак асрдан ортиқроқ вақт ўтди. Агарда социалистик лагердан қолган мамлакатларга назар ташласак, турлича вазиятни кўрамиз. Биздагидек ёмон қоидалар барчада ҳам мавжуд эмас. Айримлари бизга нисбатан анча илгарилаб кетишган. Советлардан қолган мерос улкан, аммо кимдир уни енгиб ўта олди. Кимдир эса қўшимча муаммо ҳосил қилди. Бизда худди шундай ҳолат – биз бу меросни олиб юришдан ташқари яна кўплаб муаммолар орттириб олдик. 

Асосий муаммо нимада? Мавжуд камчиликлар ҳақида лом-мим демасликда. Бизда яқин вақтга қадар деярли ҳеч қандай муаммо муҳокама қилинмасди. Муаммолар нафақат ечилмас, балки тўпланиб борарди. 

Ва бу ҳолатни бартараф қилиш учун агарда биз амал қилаётган қоидалар эскирди деб ҳисобласак – ислоҳотлар ўтказишимиз шарт.

Мавзуга оид