Ўзбекистон | 08:10 / 28.07.2021
3853
3 дақиқада ўқилади

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишнинг электрон тизими жорий этилади

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишнинг электрон тизимини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»ги қарор қабул қилинди.

Қарор билан Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ягона электрон иш юритув тизими («E-ma'muriy ish» тизими) орқали маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритиш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланди.

Низомда қуйидагилар назарда тутилади:

  • маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш ҳужжатларини электрон шаклда расмийлаштириш ҳамда уларни маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш ва кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган давлат органларига электрон шаклда юбориш тартиби;
  • ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, жабрланувчи, гувоҳ ва холислар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, сақлаш ва таҳлил қилиш қоидалари;
  • ваколатли органлар ўртасида идоралараро ахборот алмашишнинг ягона марказлаштирилган электрон тизимини юритиш тартиби;
  • маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни ваколатли органлар томонидан жойида планшет ва компьютер ёрдамида расмийлаштириш тартиби;
  • маъмурий баённома ва маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорни электрон шаклда расмийлаштириш қоидалари.

Ички ишлар вазирлиги «E-ma'muriy ish» тизимини ташкил этиш, унинг сифатли ва узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича масъул орган ҳисобланади.

Қуйидагилар белгиланди:

  • «E-ma'muriy ish» тизимини юритишда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар гувоҳ, жабрланувчи, холис ва ҳуқуқбузарнинг шахси электрон рақамли имзодан (бармоқ изи ёки график имзодан) фойдаланган ҳолда идентификация қилинади. Ишни кўриб чиқаётган ваколатли органларнинг мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ва ишга тааллуқли ҳужжатлар QR-код билан тасдиқланади;
  • маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ваколатли органлар томонидан текшириш, зарур маълумотларни олиш ва улардан фойдаланиш «E-ma'muriy ish» тизими орқали амалга оширилади;
  • «E-ma'muriy ish» тизимидаги маълумотлар ваколатли органларнинг мансабдор шахслари фойдаланадиган маълумотлар ҳисобланади ҳамда улар ушбу маълумотлар билан фақат қонунчилик ҳужжатлари билан зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун танишиши ва фойдаланиши мумкин.

2021 йил 1 сентябрга қадар Молия вазирлигига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, МБ, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ билан биргаликда суд қарори билан ёки бошқа сабабларга кўра бекор қилинган маъмурий жарималарни ёки камайтирилган жариманинг фарқи суммасини автоматлаштирилган тарзда фуқароларга қайтариш механизмини яратиш топширилди.

Шунингдек, 2021 йил 1 сентябрга қадар Транспорт вазирлигига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда «E-ma'muriy ish» тизимидан фойдаланган ҳолда автотранспорт воситаларини жарима майдончаларига қўйиш ва уларни чиқариш тартибини электрон форматга ўтказиш топширилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид