Ўзбекистон | 16:55 / 06.08.2018
152007
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар август ва сентябрь ойида неча кун дам олади?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 декабрь куни «2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармони асосида Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари арафасида кетма-кет 5 кунлик дам олиш кунлари белгиланган эди. 

Мазкур фармон асосида август ҳамда сентябрь ойида ҳам кўчирилган дам олиш куни мавжудлигини ҳисобга олиб, амалиётда юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида ушбу масала юзасидан қисқача шарҳ бериб ўтилади.

Энг аввало ҳафтадаги иш кунлари сони дам олиш кунларига таъсир қилишини унутмаслик керак. Яъни ҳафтасига 5 кун ёки 6 кун ишлайдиган ходимларнинг дам олиш кунлари ўртасида тафовут бўлади.

Қурбон ҳайити кунида дам олиш қандай ташкил қилинади?

Ўтган сафар Рамазон ҳайитида дам олиш кунларининг тақсимланиши ҳақида маълумот берган эдик.

Шу ўринда яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити ҳақида ҳам тушунтириш бериб кетмоқчимиз.

Йил бошида ижтимоий тармоқларни кузатар эканмиз, кўпчилик Президент фармонидаги фақат Янги йил, Наврўз, Мустақиллик байрамлари арафасидаги кўчирилган дам олиш кунларига эътибор беришган эди. Лекин август ойининг сўнгги 10 кунлигида кўчирилган дам олиш кунлари назардан четда қолганди. Фармонга кўра, 25 август – шанба 23 август – пайшанбага ҳамда 26 август – якшанба эса 24 август – жумага кўчирилган.

Мазкур кўчиришлар айримлар ўйлагандек Мустақиллик байрамига алоқадор эмас. Аксинча, бу муқаддас Қурбон Ҳайити байрами арафасида аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш билан боғлиқ.

Ушбу ўзгаришлардан англашиладиган биринчи жиҳат шундаки, 2018 йилда ўзбекистонлик ходимлар кўчирилган дам олиш кунининг ҳисобига бир марта якшанба куни ҳам ишга чиқишлари керак бўлади. Аниқроғи 26 август – якшанба куни оммавий иш куни сифатида эълон қилиниб, ушбу дам олиш куни 24 август – жума кунига кўчирилди.

Иккинчи жиҳати, мазкур ўзгартиришлар жараёнида Қурбон Ҳайитининг биринчи куни тахминан 22 август кунига белгиланиши ҳисобга олинган. Албатта барчамизга маълумки, Ҳайит байрамларини олдиндан аниқ кунини белгилаш имконсиз, бу ой чиқишига қараб ҳал қилинадиган масаладир. Шу сабабли ҳам Фармонда Ҳайит кунларига ҳеч қандай ишора берилмаган. Лекин ўтган йили юртимизда 1 сентябрь куни Қурбон Ҳайити нишонлангани инобатга олиниб, фуқароларга ушбу муқаддас байрам арафасида қўшимча дам олиш кунларини ташкил этиш учун олдиндан замин ҳозирланганини айтиш мумкин.

Агар ой тақвими бўйича Қурбон Ҳайити байрами 22 августга белгиланса, унда ҳафтасига 5 кун ишловчилар кетма-кет 3 кун (22, 23, 24 август) дам олишлари мумкин бўлади. Агар Қурбон ҳайити байрами ой чиқиши ҳисобига бошқа кунга, масалан 21 ёки 23 августга белгиланса, бундай ҳолда бироз тушунарсиз вазият пайдо бўлади. Лекин шунда ҳам, шахсий фикримча, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Қурбон Ҳайитининг биринчи кунини белгилаш тўғрисидаги Президент Фармонида айни бир пайтда дам олиш кунларини кўчириш масаласи ҳам назарда тутилиши, яъни, 23-24 августга кўчирилган дам олиш кунларидан бири мос равишда 22 августга кўчирилиш эҳтимоли юқори.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, 25 август (шанба) ва 26 август (якшанба) куни барча ходимларга иш куни ҳисобланади - 5 кунликларга ҳам, 6 кунликларга ҳам.

Мустақиллик байрами арафасидаги дам олиш кунлари

Энди Мустақиллик байрами арафасидаги дам олиш кунларига келсак. Бунда ҳам 5 ва 6 кунлик иш ҳафтасидагилар учун дам олиш кунлари фарқланишига гувоҳ бўламиз.

Ҳафтасига 5 кун ишловчи ходимларга қуйидаги кунлар дам олиш куни ҳисобланади (5 кун кетма-кет):

31 август – қўшимча дам олиш куни;

1 сентябрь – Мустақиллик байрами;

2 сентябрь – якшанба;

3 сентябрь – кўчирилган дам олиш куни;

4 сентябрь – кўчирилган дам олиш куни.

Изоҳ: 8 ва 15 сентябрь – шанба кунлари ҳафтасига 5 кун ишловчилар учун расман иш куни бўлади.

Ҳафтасига 6 кун ишловчи ходимларга қуйидаги кунлар дам олиш куни ҳисобланади (3 кун кетма-кет):

31 август – қўшимча дам олиш куни;

1 сентябрь – Мустақиллик байрами;

2 сентябрь – якшанба.

Изоҳ: 3 ва 4 сентябрь (душанба-сешанба) кунлари ҳафтасига 6 кун ишловчи ходимлар учун иш куни бўлади.

 

Хушнудбек Худайбердиев, ҳуқуқшунос.

Мавзуга оид