Жамият | 16:09 / 30.08.2022
14282
2 дақиқада ўқилади

ССВ: Мустақиллик байрами ва қўшимча дам олиш кунларида тиббиёт муассасалари тун-у кун ишлайди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Президентнинг тегишли қарорига кўра, Мустақиллик байрами муносабати билан 1-4 сентябр саналарида кетма-кет дам олиш кунлари белгиланган.

Ана шу даврда халқимиз саломатлигини таъминлаш, хусусан, байрам ва қўшимча ишланмайдиган кунларда мамлакатдаги тиббиёт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида штаб ташкил этилди. 

1-4 сентябр кунларида қуйидаги даволаш-профилактика муассасаларида 40 минг нафар тиббиёт тизими ходими қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатади:

  • 1028 та оилавий поликлиника;
  • 956 та оилавий шифокор пункти;
  • туман, вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар;
  • ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари;
  • тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари.

Шунингдек:

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 182 та аҳоли пунктида жойлашган шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади. Ушбу муассасалар зарур дори-дармонлар билан таъминланиб, захира ўринлари яртилган.

Мамлакат бўйлаб 2724 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар учун доимо шай ҳолатда.

Бундан ташқари, 227 та туғуруқ, 245 та болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради.

Республика Call-маркази (1003) орқали тиббиётга тегишли саволларга малакали мутахассислардан тун-у кун жавоб олиш мумкин. 

Санитария-эпидемиология хизматининг марказий аппарати ва ҳудудлардаги 14 та бошқарма ҳамда 203 та аҳоли пунктида жойлашган бўлимларида ҳам 24 соат давомида 200 нафардан зиёд навбатчи шифокор, қарийб 200 нафарга яқин врач-лаборант ва ёрдамчи ходимлар ўз фаолиятини давом эттиради. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Мустақиллик байрами ва дам олиш кунларида узлуксиз меҳнат қиладиган барча тиббиёт ходимларига ўз миннатдорлигини билдиради.

Мавзуга оид