Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Япон мактабларида ўқувчилар ўзлари мактабни йиғиштиради – бу тажрибани бизда қўллаш мумкинми?
Японияда болаларни мактабда тозалик ишларига жалб қилиш орқали уларни жамоавийлик ва озодаликни қадрлайдиган қилиб ўстиришади. Шу сабаб Япония кўчалари ҳам тозалиги билан ҳаммани ҳайратда қолдиради: одамлар кўчага чиқинди ташлашмайди. Ўзбекистонда ҳам худди Япониядагидек ўқувчиларни тозалаш ишларига жалб қилиш ва бунинг билан атроф-муҳитга меҳрни ошириш мумкинми?
Фото: Kun.uz
Болаларни кичик ёшдан тозаликка, жамоавийликка ўргатиш, турли нарсалар учун жавобгарлик ҳиссини шакллантириш улар катта бўлганда, албатта, асқатади. Масалан, дарсдан кейин синфхоналарни тозалаш орқали ҳам бунга эришиш мумкин. Бу борада Япония мактабларида ажойиб тажриба бор.
Япон мактабларида фаррошлар ишламайди
Япон мактабларида болалар, одатда, ўзи ўқиётган синфхонани ўзлари тозалашади. Мактаб хусусий ёки давлатники бўлишидан қатъи назар, уларда фаррошлар ёки тозаликка жавобгар шахслар ишламайди.

Мактабларда "Осоужи Жикан" – "Тозалик вақти" бор, у тахминан 20 дақиқа давом этади. Бошланғич синфларда болалар ўзлари билан биргаликда олиб келган овқатни ейишади ва биргаликда тозалашни бошлашади. Бу одат мактабни ўқувчилар тозаламайдиган давлатлар учун ғалати туюлиши мумкин, бироқ японларда бу одатий ҳол саналади. Ҳатто ўқув қуролларининг ичида латта деган элемент ҳам бор.
Ўқувчилар, одатда, гуруҳ ва қаторларга бўлиниб, тозалашга жалб қилинади, ҳеч кимга бир хил вазифа тушиб қолмайди. Юқорига ўтган синфларга эса мактабнинг маълум қисмларидаги тозалаш ишлари юкланади. Буларга ювиниш хоналари, ҳожатхоналар, ҳайвонлар яшайдиган жонли бурчак ва стадион кабилар киради.
Ҳар йили 3 марта ўқувчилар мактаб атрофи ва маҳаллани тозалаш бўйича ҳашар уюштиради. Бунда ўқувчилар кичик гуруҳларга бўлиниб, атрофдаги чиқиндиларни теришади. Бу тозалаш вақтига ота-оналар ва ўқитувчилар ҳам қўшилиши мумкин.

Ҳар семестрда бир марта мактабда асосий тозалаш вақти ташкиллаштирилади: мактаб йиғиштирилади, катта синф ўқувчилари кичик синфларга хоналарини йиғиштиришда ёрдам беради.
Мактабни бўяш, боғдаги ишларни бажариш учун эса профессионал ходимлар ёлланади. Бошланғич синфлар, асосан, мактабдаги элементар тозалик ишларига жавобгардирлар.
Умуман олганда, бу мамлакатда болаларни кичик ёшидан тозаликка жавобгарликка ўргатиш – одат. Ҳатто ўзига тўқ оилалар ҳам боласи мактабни тозалашига қарши бўлмайди.
Тозалаш Хитой ва Жанубий Корея ўқувчиларига ҳам хос одат
Гарчи Япониядаги каби жуда оммалашмаган бўлса-да, мактабларда тозалик учун ўқувчиларнинг масъул бўлиши Хитой мактабларига ҳам хос. Болаларнинг биргаликда синфхонани йиғиштириши, тушлик пайти бир-бирига ёрдамлашиши нафақат атроф-муҳитга бўлган муҳаббатни пайдо қилади, балки болаларни жамоавийликка ҳам ўргатади, деб ҳисобланади.

Жанубий Корея мактабларида ҳам ўқувчиларнинг мактабни тозалаши одатий ҳол саналади. Ҳар семестр бошида болаларга тозалашнинг қайсидир қисми бўлиб берилади ва улар дарсдан сўнг ажратиладиган маълум вақтда бу вазифаларни бажаради. Масалан, кимдир супуриш, кимдир пол артиш, яна кимдир ахлатларни тўкиб келишни зиммасига олади.

Сингапур ҳам япон тажрибасини ўзлаштирган
2016 йилда Сингапур мактабларида ҳам тозалаш ишлари ўқувчиларга топширилиши Таълим вазирлиги томонидан маълум қилинган. Бунинг билан давлат Япония тажрибасини ўзлаштириб, болаларда тозаликка бўлган меҳрни шакллантиришни мақсад қилган.
Тозаликка ўч японлар
Мактаб давриданоқ доимий тозалаш ишларида бевосита қатнашган японлар кейинчалик ҳам бу одатларини сақлаб қолишади. Мамлакатда кўча супурувчиларни учратиш маҳол, бироқ атроф доим озода туради.
“12 йиллик мактаб даврида, бошланғичдан то юқори синфни тугатгунча тозалик вақти – ўқувчилар кундалик ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келган. Уйимизда ҳам ота-оналаримиз болаларига ўзига тегишли буюмлар ва ўзимиз яшайдиган жойни озода сақлаш муҳимлигини доимо ўргатиб боради”, дейди Ҳирошима префектураси ҳукуматининг Токиодаги офиси директори ўринбосари Маико Аване.

Шундай қилиб, болалигидан тозаликка жалб қилинган япон халқи буни доимий одатига айлантиради.
Ўқувчилар тозалашга жалб қилинса, бу тўғрими?
Розалия Габдулҳақова, психолог:
— Болаларнинг дарсдан сўнг биргаликда синфхонани тозалаши улар учун фойдали. Бу уларни жамоа бўлиб ишлашга, бир-бирининг кучли-кучсиз томонларини тушунишга ва ўзи қилган ишдан натижани ҳис қилишига ёрдам беради. Масалан, ўзининг ортини тозалаб юрадиган болалар ахлатни шунчаки қолдириб кетмайди, тозаликка эътиборли бўлади. Бундан ташқари, уларда масъулият ҳам шаклланади.
Тозалаш орқали болалар ўз ишидан завқ олишни, меҳнатнинг қадрига етишни ўзлаштиради. Ҳозирги кунда ота-оналар болаларини, асосан, ақлий меҳнат билан банд қилишяпти. Лекин амалий тарзда ишларни бажариш ҳам болалар учун фойдали.
Бироқ бу жараёнда болалар жамоавий бўлиб ишлайдиган ҳолатда адолат бўлишига эътибор қаратиш лозим. Чаққон, ҳамма ишни қила оладиган болага ҳаммаси қолиб кетиб, қўлидан иш келмайдиганлар четда қолмаслиги, ҳаммага ишлар тенг тақсимланиши керак бўлади.
Ўзбекистонда одамларнинг тозаликка эътибори қандай?

Тан олиб айтиш керакки, кўчаларда чиқинди ташлаш одатий ҳол: эрталаб кўча супурувчилар тозалаган йўлаклар кечгача чиқинди билан тўлади. Айниқса, одам гавжум бекатлар ва бозорлар атрофи.
Белгиланмаган жойга чиқинди ташлаганлик учун жарима мавжуд, бироқ бу амалда деярли ишлаётгани йўқ. Кимдир шунинг учун жаримага тортилганини қабул қила олиши ҳам қийин.
Лекин ечим сифатида Ўзбекистонда ҳам худди Япониядаги сингари одамларни тозаликка ўргатиш учун мактаблар тажрибасини татбиқ қилиш ҳам қийин.
Ичимлик сувисиз мактаблар
Муаммо: Ўзбекистон мактабларида ҳали ҳам ичимлик суви муаммоси тўла ҳал қилинмаган.
“2000га яқин мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари марказий ичимлик суви тармоғига уланмагани сабабли сувни ташиб келишга мажбур бўлмоқда. Тасаввур қилинг, 30 йил бўлди мустақил бўлганимизга, бу масалалар ҳозир ҳам бор”, деганди президент ўтган ой ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича ўтказилган йиғилишда.
Бундан ташқари, мактабларда бошқа муаммолар ҳам мавжуд. ЮНИСЕФ ташкилотининг 2019/2020 йилларда Ўзбекистонда болалар вазиятига бағишланган ҳисоботида қайд этилишича, таълимнинг барча секторларида иситиш, ёритиш, сув таъминоти, канализация тизимларининг ва тегишли санитария-гигиена иншоотларининг йўқлиги ёки носозлиги каби муаммолар бор.
Яхши шароитда бўлмаган мактабларда ўқувчиларни тозалаш ишларига жалб қилиш шундоғам яхши шароитда ўқимаётган болани жазолашдай гап.
Қолаверса, ҳисоботга кўра, умумий ўрта таълим мактабларининг қарийб 75-80 фоизи икки ва ундан кўп сменада фаолият юритади. Яъни аксар ўқувчиларнинг дарси шундоғам кеч тугайди ва уларни тозалаш ишлари билан шуғулланишга деярли вақти қолмайди.
Ўқувчиларни тозалаш ишларига жалб қилиш уларнинг меҳнатга, тозаликка меҳр қўйишлари учун фойдали бўлса-да, ҳали аксар мактабларда бунга етарли даражада шароит йўқ. Лекин болаларда атроф-муҳитни асраш ҳиссини шакллантиришни кўпроқ ўйлашни кечиктирмаслик зарур. Шунда кечки пайт бекатларда, бозорлар атрофида чиқиндилар камроқ, табиатимиз чиройлироқ бўлади.
Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.
Мавзуга оид
11:05 / 24.12.2025
Ўзбекистондаги биринчи АЭС лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди
19:32 / 22.12.2025
Эко-стикер бўйича жарималар қўллаш 2 йилдан сўнг бошланади
09:09 / 17.12.2025
Республика бўйлаб “Долзарб 20 кунлик” тозалик тадбирлари эълон қилинди
14:26 / 15.12.2025