Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Барса»да мағлубият, ван Персининг ўғлидан шедевр голлар
АПЛда «Арсенал» кетма-кет икки ўйинда ютмасдан ҳам илгарилаб кетмоқда, Испанияда «Реал» ва «Барселона» ўртасидаги фарқ 1 очкогача қисқарди. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Фото: Juan Manuel Serrano Arce/Getty Images
Англия: «Астон Вилла» «Арсенал»га рақобатчи эмас
«Вулверҳэмптон» – «Нюкасл Юнайтед» 0:0
«Вулверҳэмптон»: Жозе Са, С. Буэно, Крейчи, Москера, Андре, Гомес (Ариас, 71), Мане, У. Буэно, Чачуа, Ҳванг Ҳи Чҳанг (Гомеш, 86), Арокодаре (Ларсен, 65)
«Нюкасл Юнайтед»: Поуп, Ботман, Тшау, Ҳолл, Триппиер, Тонали (Майли, 67), Жоэлинтон, Гимарайнс, Гордон (Висса, 67), Барнс, Волтемаде (Эланга, 67)
Огоҳлантиришлар: Москера, 78. Андре, 90 – Тонали, 58. Ботман, 89
Турнир жадвалининг биринчи ярмига қайтиб олган «Нюкасл» еврокубоклар учун курашни давом эттирмоқда. Аммо бу сафарги рақиб инқироздан чиқиб олган ва қаторасига тўрт ўйинни ютқазмаган «Вулверҳэмптон» бўлди.
Меҳмонлар биринчи бўлимда тўпга эгалик қилган бўлса-да, деярли голли вазиятларга эга бўлмади: узатмалар аниқлиги 94 фоиз бўлгани ҳолда бирорта зарба рақиб дарвозаси томон тўғри бормади.
Эдди Ҳау иккинчи бўлимда бирданига учталик алмаштириш қилди: 20 декабрдан буён гол ура олмаётган Волтемаде, шунингдек, ҳужумдаги икки муҳим ижрочи – Гордон ва Тонали майдондан олинди. «Нюкасл» ўйин охирида жокерлар ҳисобига босимни кучайтиришди, бир неча вазиятда «бўрилар» дарвозабони Сага ҳам иш топилди, аммо ҳисоб очилмай қолди. «Нюкасл» ғалаба қозониб, «Челси»ни қувиб ўтиши ва очколар сони бўйича «МЮ» билан тенглашиб олиши мумкин эди, аммо бу имкониятдан фойдалана олмади ва саккизинчи ўринда қолди. Шу билан бирга, тўртинчи ўрин билан фарқ атиги уч очкони ташкил этмоқда.
«Астон Вилла» – «Эвертон» 0:1
Гол: Барри, 59 (0:1)
«Астон Вилла»: Мартинес, Конса, Пау Торрес, Матсен (Динь, 73), Кэш, Тилеманс, Богард (Ҳеммингс, 73), Роджерс, Буэндия, Макгинн (Гессан, 18), Уоткинс
«Эвертон»: Пикфорд, Тарковски, О`Брайен, Миколенко, Паттерсон, Рель, Гарнер, Армстронг, Грилиш, Макнейл, Барри (Бету, 84)
Огоҳлантиришлар: Богард, 56 – Макнейл, 23. Гарнер, 47
Унаи Эмери Макгинн жароҳат олиши туфайли ўйиннинг дастлабки қисмидаёқ ўзгариш қилишга мажбур бўлди. Оқсоқланганча майдонни тарк этган сардор ўрнини шу кунларда Африка кубогидан қайтиб келган форвард Гессан эгаллади.
Мезбонларда ўйинни қайтадан қуриш жуда оғир кечди ва «Астон Вилла» меҳмонларнинг голи бекор қилинганидан кейингина ташаббусни ўз қўлига ола бошлади. Бир неча дақиқа ичида Пикфорд ва унга ёрдамга келган ҳимоячи Роджерс навбатдаги голини уришига тўсқинлик қилишди, Гессаннинг бошда йўллаган зарбаси эса дарвоза тўсинига борди.
Иккинчи бўлимда эса бирмингҳэмликлар ҳимояси панд берди: Пикфорднинг узун узатмасидан кейин Пау Торрес тўпни қайтаришда хатога йўл қўйди ва Макнил айланма зарба йўллади. Эмилиано Мартинес унинг зарбасини тўсди, аммо қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Барри ҳисобни очди.
Бунгача «Вилла Парк»да қаторасига тўрт ўйинда ютқазган «Эвертон» ғалабали ҳисобни ушлаб қолди. Бунинг учун Пикфорд Роджерснинг зарбасидан кейин дарвоза тўсини остидан кираётган тўпни қайтаришига тўғри келди. Бу орқали у амалда «Вилла»ни чемпионлик пойгасида қолишдан маҳрум этди. «Арсенал» билан орадаги фарқ етти очкога етди ва Унаи Эмери энди кучли тўртликда қолиш ҳақида қайғуриши керак бўлади.

Испания: Сёрлот ва Гедешнинг куни
«Атлетико» – «Алавес» 1:0
Гол: Сёрлот, 48 (1:0)
«Атлетико»: Облак, Ганцко, Пубил, Руджери, Лиоренте, Кардозо (Ле Норман, 78), Барриос, Алмада (Коке, 62), Симеоне (Баэна, 62), Сёрлот (Молина, 86), Алварес (Гризманн, 62)
«Алавес»: Сивера, Пачеко, Теналя, Парада, Отто, Бланко (Маняс, 81), Гуриди (Суарес, 54), Ибанес (Гевара, 55), Аленя (Реббач, 69), Висенте, Мартинес (Бойе, 55)
Огоҳлантиришлар: Кардозо, 27 – Ибанес, 6
Биринчи бўлимда «Атлетико» «Алавес» мудофаасини ёриб ўтишга беҳуда уринди, аммо танаффусдан кейиноқ керакли рецепт топилди. Жулиано Симеоне барча қанотдан узатма беришини кутиб турганида ерлатиб берган паси билан Барриосни олдинга бошлади, унинг узатмасини эса Сёрлот бош билан голга айлантирди.
Норвегиялик ҳужумчи бу мавсумдаги голларининг барчасини стартда тушган ўйинларида урмоқда. Ҳолбуки у ўтган мавсумда захирадан тушиб урган голлари сони бўйича (12) Ла Лига рекордини ўрнатганди.
Лекин энг муҳими – жамоа ғалабаси. «Атлетико»нинг якшанба кунги муваффақияти янада ишончли кўринишда бўлиши мумкин эди, аммо Алекса Баэнанинг зарбасини дарвоза устуни тўсиб қолди. Ўйин охирида эса мадридликларнинг омади келиб, дарвоза дахлсизлиги сақланиб қолди.
«Матрасчилар» Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи кучли тўртликдаги ўрнини мустаҳкамлади. Бешинчи ўриндаги «Эспанёл» билан орадаги фарқ етти очкога етди, битта захира ўйини бор бўлган «Вилярреал» эса фақат қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига Симеоне жамоасинидан олдинда жойлашган.
«Реал Сосиедад» – «Барселона» 2:1
Голлар: Ойярсабал, 32 (1:0). Рэшфорд, 70 (1:1). Гонсалу Гедеш, 71 (2:1)
«Реал Сосиедад»: Ремиро, Субелдия, Хон Мартин, Гомес (Айен Мунос, 69), Арамбуру (Чалета-Цар, 82), Туррентес (Одриосола, 58), Солер, Гонсалу Гедеш, Кубо (Барренечеа, 69), Ойярсабал, Мендес (Горротчатеги, 58)
«Барселона»: Х. Гарсия, Кубарси (Мартин, 86), Э. Гарсия, Балде (Жоау Канселу, 62), Кунде (Барджи, 85), де Йонг, Олмо (Рэшфорд, 63), Педри, Фермин Лопес, Ямал, Торрес (Левандовски, 62)
Огоҳлантиришлар: Туррентес, 37. Арамбуру, 51. Субелдия, 78 – Э. Гарсия, 76. Левандовски, 84. Фермин Лопес, 85
Четлатиш: Солер, 88
«Реал Сосиедад» бош мураббий алмашганидан кейин ҳар қандай жамоа учун кучли рақибга айланди. Басклар яккакурашларда кескин, тажовузкор ҳаракат қилмоқда ва ўйин охиригача курашмоқда. Жамоа Пеллегрино Матараццо бошқарувга келганидан кейин «Атлетико»дан очко тортиб олди (1:1), «Хетафе» билан ўйинга қўшиб берилган олтинчи дақиқада ғалаба голини уриб кетди, кейин эса кубок доирасида «Осасуна»га қарши ўйиннинг қўшимча дақиқаларида ҳисобни тенглаштириб, пеналтилар сериясида ғолиб чиқди. Умуман олганда, ушбу жамоа «Барселона»га қарши ўйинга яхши кайфиятда етиб келганди.
Каталонияликлар эса бу ўйинда асосий етакчиси Рафинянинг хизматларидан фойдалана олишмасди: бразилиялик футболчида жароҳат йўқ, аммо Ҳанси Флик уни асрашга қарор қилди. Бош мураббий ёзда «ПСЖ»га ўтиши аниқ бўлган Дро Фернандесни ҳам қайдномадан ташқарида қолдирди. У бу орқали Ла Масия тарбияланувчиларига жиддий сигнал юборди: «Улар бор эътиборини жамоага қаратиши керак. Мен футболчиларда бу клуб рангларини ҳимоя қилиш истагини кўришни истайман. Иккиланадиганлар бизга керак эмас».
Мезбонлар Испания Суперкубоги ғолиблиги шарафига «Барселона» учун чемпионлик йўлаги ташкил этишди. Аммо ўйин бошланганидан кейин меҳмоннавозлик унутилди ва 25-сониядаёқ Гарсия қўриқлаётган дарвозани ишғол этишди. Гол яққол «ўйиндан ташқари» ҳолат туфайли бекор қилинди. Кейин эса «Барселона» ҳисобни очишига офсайд ҳолати халақит қилди. Аввалига 7-дақиқада Фермин Лопеснинг голи Дани Олмонинг Кубога фоли туфайли инобатга олинмади, кейин Ямалнинг голи бекор қилинди (VAR вазиятни икки дақиқадан ортиқ вақт давомида текширди, чунки тўп Ламинга кимдан келганини аниқлаш осон эмасди), кейин эса офсайд ҳолати туфайли «Барса» фойдасига пеналти берилмай қолди.
«Реал Сосиедад»нинг биринчи бўлимда урган голи эса ҳисобга олинди. Оярсабал Гонсалу Гедешнинг узатмасидан кейин тўпни тўхтатмасдан дарвоза тўрига жойлади. Бу вазиятда унинг бошқа жамоадоши офсайдда эди ва Кундени чалғитганди. Аммо арбитрлар буни пассив офсайд ҳолати деб топишди.
Иккинчи бўлимда эса «Сосиедад» дарвозабони Ремиро ўзининг энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди ва бир неча бор қутқарди. 70-дақиқада Рэшфорд барибир ҳисобни тенглаштирди, аммо мезбонлар дарҳол иккинчи гол билан жавоб беришди. Бу вазиятда Жоан Гарсия у қадар хавфли бўлмаган зарбани қайтаришда ишончсиз ҳаракат қилди ва рақиб ҳужуми давом этди, бу ҳужумни Гедеш қайтариб бўлмас зарба билан якунлади.
Ўйин охирида икки жамоада ҳам гол уриш учун имкониятлар бўлди, аввалига Кубарси тўпни чизиқ устида қайтариб қолди, кейин Кунденинг зарбаси тўсинга тегди. Сўнгги дақиқаларда Солер қизил карточка олиб жамоасини қийин аҳволга тушириб қўйди, аммо басклар охиригача курашиб, ғалабани ва чемпионатдаги интригани сақлаб қолишди. Энди «Барселона» ва «Реал» ўртасидаги фарқ атиги бир очкони ташкил этмоқда.

Италия: Дибаланинг юбилейи
«Торино» – «Рома» 0:2
Голлар: Мален, 26 (0:1). Дибала, 72 (0:2)
«Торино»: Палеари, Исмайли, Коко, Тамез, Амирхон Илҳан (Анджорин, 77), Влашич, Гинейтис (Казадеи, 46), Абуҳилол (Педерсен, 31), Лазаро, Адамс, Нгонге (Нжие, 78)
«Рома»: Свилар, Н`Дика, Эрмосо (Гиларди, 22), Манчини, Кристанте, Коне, Уэсли Винисиус, Ренч (Цимикас, 77), Пеллегрини (Соуле, 52), Дибала (Пизилли, 77), Мален (Ваз, 76)
Огоҳлантиришлар: Исмайли, 9. Влашич, 90 – Манчини, 55
«Рома» бир кун олдин «Каляри»га сенсацион равишда ютқазган «Ювентус»дан совға олганди. Шу кунларда «Астон Вилла»дан трансфер қилинган Донни Мален эса бу имкониятдан фойдаланиш ва туринликлардан уч очкога ўзиб кетишда ёрдам берди.
Нидерландиялик ҳужумчи римликлар сафидаги илк ўйинини яқин бурчакка хавфли зарба йўллаш билан бошлади. Кейин эса унинг голи микроскопик офсайд ҳолати туфайли бекор қилинди. Аммо у фаол ҳаракатдан тўхтамади ва бўлим ўрталаридан ўтганида Дибаланинг узатмасини голга айлантирди.
Жан Пиеро Гасперини шогирдларини ўтган ҳафтада Италия кубогидаги мағлубият учун ўч олишга руҳлантиргани кўриниб турди. «Торино» ўшанда Рим жамоасини учта гол билан карахт ҳолатига туширган, бу голлардан учинчиси арбитр томонидан қўшиб берилган дақиқаларда урилганди (2:3).
Афтидан, анорранглилар ўшанда омад лимитини тугатиб бўлганди ва иккинчи бўлимда Дибаланинг голидан кейин бу ўйинни қутқаришнинг имкони қолмади. Энди ушбу аргентиналик ҳужумчи А Серияда сўнгги йигирма йил ичида гол+пас бўйича 200 (131+69) довонни забт этган илк легионерга айланди.
«Милан» – «Лечче» 1:0
Гол: Фюллкруг, 76 (1:0)
«Милан»: Менян, Габбиа, де Винтер, Томори, Риччи (Лофтус-Чик, 73), Рабио, Яшари (Модрич, 87), Эступинян, Салемакерс (Атекаме, 80), Леау (Нкунку, 87), Пулишич (Фюллкруг, 72)
«Лечче»: Фалконе, Зиберт, Тиагу Габриэл, Галло (Н`Дри, 84), Ндаба, Рамазоний (Мале, 85), Кулибали, Ганделман, Перотти, Соттил (Банда, 54), Штулич (Тете Моренте, 68)
Огоҳлантиришлар: де Винтер, 21 – Рамазоний, 84
«Милан» – А Серияда интрига сақланиб қолишини таъминламоқда. «Интер»ни таъқиб этаётган россонерилар ҳафта ичида иккинчи бор ўз ўйинини ҳамшаҳарларидан кейин ўтказди ва жамоанинг хато қилишга ҳуқуқи йўқ эди. Бу бир томондан руҳий босим. Бошқа томондан эса максимал иштиёқ ва эътиборни жамлаган ҳолда ўйнашга имкон беради. Бу пайшанба оқшомида мавсум кашфиёти «Комо» устидан ишончли ғалабага (3:1) эришишда ёрдам берганди.
Қаторасига икки дурангдан кейин Массимилиано Аллегрида скудетто учун курашда қолишнинг бошқа варианти ҳам қолмаганди. Аммо турнир жадвалининг қуйи қисмида келаётган «Лечче»га қарши ўйин ўта оғир кечди. Барчасини захира имкониятлари ҳал қилди: Салемакерснинг узатмасидан кейин жамоага қишки трансферлар доирасида «Вест Ҳэм»дан келиб қўшилган Фюллкруг ғалаба голини урди.
Энди «Интер» билан орадаги фарқ уч очкогача қисқарди. Кейинги турда «Милан» «Рома» майдонига сафар қилади.

Нидерландия: ўғил отаси учун

«Фейеноорд» – «Спарта» 3:4
Голлар: Ҳванг Ин Бом 64, Шакил ван Перси 87,88 – Китолано 40, 90+3, Митчелл 55, Мито 71
Роттердам дербиси мухлислар учун ажойиб сюжет тақдим этди. Ҳисоб 0:2 кўринишига келгач, «Фейеноорд» бош мураббийи Робин ван Перси майдонга ўзининг 19 ёшли ўғли Шакилни туширди. Ёш форвард бунгача асосий жамоада Эредивизя, Европа Лигаси ва Нидерландия кубогида жами учта ўйинда захирадан туширилиб, 21 дақиқа ўйнаганди. Бу сафар анча кўпроқ вақтга эга бўлган ҳужумчи бу имкониятдан фойдаланди ва барчанинг эътиборини ўзига қаратди. Кичик ван Перси икки дақиқа ичида аввалига товонида йўллаган зарбаси билан ҳисобни қисқартирди, кейин эса қайчи услубидаги зарба билан мувозанатни тиклади.
Бу голлардан кейин «Де Кайп» стадионида йиғилган мухлислар ақлдан озай деди, аммо барибир ўйин байрамга айланмади. Қўшимча дақиқаларда «Спарта» тўртинчи голни уриб, ғалабани илиб кетди, «Фейеноорд» эса турнир жадвалида иккинчи ўринда қолди.

Мавзуга оид
12:13 / 27.03.2026
Италия ва Туркия ЖЧга яқинлашди. Кун ўйинлари
12:16 / 23.03.2026
Мадрид дербисида “Реал” устун келди, “Барселона” минимал ҳисобда ғалаба қозонди
07:22 / 19.03.2026
«Барса»да 7 гол, «Ливерпул»да камбэк. ЕЧЛда кун ўйинлари
05:35 / 18.03.2026