«Камп Ноу»да рекордлар ва антирекорд

«Барселона» – «Нюкасл» 7:2
Голлар: Рафиня, 6 (1:0). Эланга, 15 (1:1). Бернал, 18 (2:1). Эланга, 28 (2:2). Ямал, 45+7 – пеналти (3:2). Фермин Лопес, 51 (4:2). Левандовски, 56 (5:2). Левандовски, 61 (6:2). Рафиня, 72 (7:2)
«Барселона»: Х. Гарсия (Шченсни, 82), Кубарси, Мартин, Жоау Канселу (Эспарт, 66), Э. Гарсия (Араухо, 21), Педри, Бернал, Фермин Лопес (Олмо, 66), Рафиня, Ямал, Левандовски (Торрес, 66)
«Нюкасл Юнайтед»: Рамсдейл, Тиау, Бёрн, Ҳолл, Триппиер (Ливраменто, 46), Жоэлинтон (Ботман, 64), Тонали (Уиллок, 55), Рэмси, Барнс, Эланга (Мёрфи, 64), Гордон (Осула, 81)
Огоҳлантиришлар: Кубарси, 44 – Жоэлинтон, 17. Триппиер, 45. Уиллок, 60
Биринчи ўйин: 1:1

«Камп Ноу»даги ўйин турли-туман рекордлар жамланмасига айланди. Биринчидан, Англиянинг ҳеч бир клуби бунгача Чемпионлар лигаси плей-оффидаги бир ўйинда 7 гол ўтказиб юбормаганди. «Нюкасл» эса шундай имконсиз кўринган ишни уддалади. Ўз майдонида тўлиқ устунлик қилган ва сўнгги дақиқаларда пеналти туфайли ғалабани қўлдан чиқарган АПЛ вакили жавоб ўйинининг биринчи бўлимида ҳам муносиб қаршилик кўрсатди. Меҳмонлар учта гол ўтказиб юборган бўлса-да, ўзи ҳам рақиб мудофаасидаги қўпол хатолардан фойдаланиб, иккита гол урди.

Аммо Киран Триппиер биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда пеналтига сабабчи бўлди ва Ламин Ямал учинчи бор жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Танаффусдан кейин эса «Нюкасл»ни таниб бўлмай қолди. Эдди Ҳау жамоаси шунчаки сочилиб кетди ва 10 дақиқа ичида учта гол қўйиб юборди. Бундай ҳимоя чизиғи билан кўп нарсадан умид қилиб бўлмасди. Айниқса Жейкоб Рэмсининг хатоси йилнинг энг кулгили ҳолатлари коллекциясидан ўрин олиши тайин. Унинг қўпол хатоси еттинчи гол ўтказилишига олиб келди.

Рафиня бу ўйинда «гол+пас» тизимида 4 (2+2) очко ишлади, Роберт Левандовски дублни расмийлаштирди. Поляк ҳужумчиси бирданига бир неча рекордни урди. У Чемпионлар лигасида урган голлари сонини 41 тага етказиб, бу борада Лионел Мессининг рекордини янгилади. Бундан ташқари, Роберт энди Чемпионлар лигасида дубл қайд этган энг катта ёшли футболчи ҳисобланади – у ҳозир 37 ёшда. «Барса» учун ягона минус – дарвозабон Жоан Гарсия жароҳат олиши бўлди. Чоракфиналда жамоа усиз қийналиши мумкин.

Салоҳнинг бенефиси

«Ливерпул» – «Галатасарой»
Голлар: Собослаи, 25 (1:0). Экитике, 51 (2:0). Гравенберҳ, 53 (3:0). Салоҳ, 62 (4:0)