Жаҳон | 01:22 / 20.08.2025
4101
2 дақиқада ўқилади

Хитой ва Ҳиндистон хавфсизлик йўналишидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди

Хитой ва Ҳиндистон бир-бирига “рақиб ёки таҳдид” сифатида эмас, “ҳамкор” сифатида қараши керак, деди Деҳлига келган Хитой ташқи ишлар вазири Ван И. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди келаси ҳафта Хитойда бўладиган ШҲТ саммитига боради.

Фото: pib.gov.in

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ини қабул қилди. Учрашувда томонлар чегараолди ҳудудларда хавфсизлик борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди, деб хабар берди Hindustan Times нашри.

"Ўтган йили Қозон шаҳрида бўлиб ўтган БРИКС саммити доирасида Си Жинпинг билан ўтказган учрашувимдан буён Ҳиндистон-Хитой алоқалари мунтазам ривожланмоқда. Тянжинда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити доирасида навбатдаги учрашувимизни сабрсизлик билан кутмоқдаман", - деб ёзди Моди ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Ван И, шунингдек, Ҳиндистон миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Ажит Довал билан ҳам учрашди. Улар чегаралардаги хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди.

Хитой ташқи ишлар вазирининг Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар билан учрашувида икки томонлама ҳамкорлик ва глобал масалалар бўйича фикр алмашилди.

Ван Ининг сўзларига кўра, Хитой ва Ҳиндистон бир-бирига “рақиб ёки таҳдид” сифатида эмас, “ҳамкор” сифатида қараши керак.

Субраманям Жайшанкар эса икки давлат “ўзаро муносабатлардаги мураккаб даврдан чиқиб кетиш”га уринаётганини айтди.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 31 август куни Хитойда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида қатнашади. Бу унинг Хитойга 2018 йилдан буён амалга оширган илк ташрифи бўлади.

Мавзуга оид