Ўзбекистон | 07:49 / 24.06.2021
43822
3 дақиқада ўқилади

Қабул квоталари тасдиқланди. Хорижий ва хусусий ОТМларда ҳам грант ўринлари бўлади

Президент “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

2021/2022 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрлари:

а) бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

  • кундузги таълим шаклига – 113 530 нафар этиб;
  • сиртқи таълим шаклига – 37 675 нафар этиб;
  • кечки таълим шаклига – 6 550 нафар этиб;

б) магистрлар тайёрлаш бўйича – 12 900 нафар этиб;

в) филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича – 500 нафар этиб тасдиқланди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб давлат гранти асосида кадрларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотлари учун ҳам шакллантирилади. Бунда:

  • филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантирилади;
  • филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган ва ўқишни тамомлагандан сўнг кадрлар буюртмачиси тизимида 5 йилдан кам бўлмаган муддат давомида ишлаб бериш истагини билдирган абитуриентлар билан уч томонлама (кадрлар буюртмачиси–талаба–олий таълим ташкилоти) шартнома тузилади;
  • филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган абитуриентлар кадрлар буюртмачиси билан шартнома имзолаш истагини билдирмаган тақдирда, шартнома тузиш ҳуқуқи кириш имтиҳонларида тўплаган баллар кетма-кетлигига мос равишда кейинги ўриндаги абитуриентга берилади;
  • давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг ўқитиш харажатлари кадрлар буюртмачилари томонидан давлат бюджети параметрларида мазкур мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси параметрларини шакллантириш тартибини тасдиқлайди.

Мавзуга оид