«Хоразм Беклари» яксон этилди. 6,5 млрд сўм кредит олиб меҳмонхона қурган тадбиркорнинг биноси ҳокимият томонидан бузиб ташланди
«Ҳар бир тадбиркор билан «Сиз» деб гаплашамиз. Одамлар бой бўлмаса, давлат бой бўла олмайди. Тадбиркор бўлиш, пул топиш ва банк билан ишлаш осон эмас. Унинг учун ўқиш керак, қўлга қалам олиш керак», - деб айтган эди президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз маърузаларидан бирида.
Президентнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсати ўлароқ, тадбиркорларга иқтисодиётни ривожлантиришдаги бўғин сифатида қарала бошланди. Масалан, улар бирор соҳада ишлаб чиқаришни йўлга қўяди, янги иш ўринлари яратилади, давлатга солиқлар тўланади ва давлатда пул айланишининг салмоғи янада ортади. Иқтисодиётни ривожлантиришда тадбиркорларнинг ўрни жуда муҳим ҳисобланади.
Бироқ, ҳамон жойларда янгича сиёсат мазмунини тушунмай келаётган мансабдор шахслар учраб турибди. Яқинда Kun.uz таҳририятига Хоразм вилоятидан мурожаат келиб тушганди. Унда туризмни ривожлантириш мақсадида тадбиркор қураётган меҳмонхона биноси ҳеч қандай асосларсиз бузиб ташлангани айтилганди. Ушбу мурожаатни жойига бориб ўрганишга қарор қилдик.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Маълум бўлишича, 2017 йилнинг 17 ноябрь санасида шаҳар ҳокими қарори билан «Хоразм Беклари» масъулияти чекланган жамиятига Урганч шаҳар 28-сон «Темир йўлчи» маҳалласи ҳудудидан (темир йўл вокзал олди майдони ҳудуди) тасдиқланган лойиҳага мувофиқ биринчи қавати ресторандан иборат кўп қаватли меҳмонхона биноси қурилиши учун ер майдони ажратилади. Тегишли рухсатнома ва хулосалар олингач, тадбиркор қурилиш ишларини бошлайди.
Бироқ, 2018 йилнинг 1 декабрида ҳудудга шаҳарнинг янги ҳокими Шуҳрат Абдуллаев келади ва деярли битиш арафасида бўлган бинони ҳеч қандай огоҳлантириш ва ҳужжатларсиз, оғзаки топшириқ билан буздиришни бошлайди.
Тадбиркорнинг айтишича, лойиҳани амалга ошириш учун Халқ банкидан 6,5 миллиард сўм кредит олинган. Шу вақтга қадар бинони кўтариш учун 4 миллиард сўмга яқин кредит ва 1 миллиард сўмдан ортиқ ўз ҳисобидан маблағ сарфланган.
Мурожаат муаллифи билан суҳбатдан сўнг, бузиб ташланган бино ўрнини кўздан кечирдик. У ерда ҳали ҳануз бузиш ишлари давом этарди. Бузиш ишлари «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли техника воситаси ёрдамида олиб борилаётган экан. Ушбу техниканинг ҳайдовчиси бинони бузиб ташлаш топшириғи ҳокимият томонидан берилганини тушунтирди. Бузиш ишлари давомида қурилишга сарфланган материалларнинг ҳеч бири омон қолмаган. Ҳали ишлатилмаган материалларнинг бир қисми бузиш жараёнидаги эҳтиётсизлик туфайли вайрон бўлиб, яна бир қисми номаълум шахслар томонидан талон-тарож қилинган.
Вазиятга ойдинлик киритиш ва мурожаат юзасидан ўтказилаётган журналистик суриштирувнинг холислигини таъминлаш мақсадида Урганч шаҳри ҳокими Шуҳрат Абдуллаев билан боғланишга уриндик. Аммо шу куни вақтимизни қабулхонада кутиш билан беҳуда ўтказдик. Кейинги куни ҳам худди шу аҳвол такрорланди. Ниҳоят учинчи куни, узоқ кутишлардан сўнг ҳоким Ш.Абдуллаевнинг қабулига кирдик ва масала юзасидан унинг изоҳини тингладик.
«Бу бино жойлашган ҳудуд бош режага кўра аҳоли дам олиш маскани бўлиши кўзда тутилган. Лойиҳа вилоят ҳокимлиги тасдиғидан ҳам ўтмаган экан. Эски ҳоким ерни бериб юборган. Топшириқ бўлди, бузиб юбордик.
Тадбиркорнинг ери, банкдан олган кредити ва зарарини қоплаш масалалари кўриб чиқилади», дейди ҳоким.
Суҳбатдан сўнг бизда ўз-ўзидан бир неча саволлар пайдо бўлди.
Аввалига белгиланган тартибда расмийлаштирилган ва тегишли ташкилотлар томонидан рухсатнома ва хулосалар олинган объект деярли қуриб битирилиши якунланай деб қолганда қандай қилиб ноқонуний бўлиб қолди? Тадбиркорнинг маблағлари ҳисобига қурилган бино Ҳокимнинг оғзаки топшириғига асосан бузиб ташланишини қандай изоҳлаш мумкин? Бузиш ишлари нега қонун билан белгиланган тартибда амалга оширилмади? Ҳокимнинг бинони бузиш ҳақида бузиш ишлари амалда бошланганидан кейин чиқарилган қарорида тадбиркорнинг кўрган зарарини қоплаш масалалари белгиланмади?
Шу каби саволларга ҳоким «буни ҳокимият юристидан сўраш керак»лигини айтиб, жавоб беришни истамади.
Бузиш ҳақидаги қарорга энг сўнгги бўлиб имзо чекадиган шахс ҳоким-у, лекин унинг «Буни мен билмайман», дейиши шубҳали эмасми? Қайси ҳокимликда ҳокимнинг буйруғисиз бирор бино бузилган? Бироқ, ҳар қанча қизиққанимиз билан берилган саволларга ҳокимдан тайинли жавоб ололмадик.
Қизиқ томони, «Хоразм Беклари» МЧЖга тегишли бинони бузилишига асосий сабаб сифатида кўрсатилаётган Урганч шаҳрининг бош қурилиш режаси ҳокимлик масъуллари томонидан танишиб чиқиш учун тақдим этилмади.
Ҳозирда жамият раҳбари Уморбек Беков тушкунликка тушиб қолган. Ҳар ойда кредит фоизларини сўндириш учун Халқ банкига 55 миллион сўмдан ортиқ тўлов қилмоқда. Тадбиркорнинг таъкидлашича, қарзларини ёпиш учун маблағ топиш масала жуда қийин кечмоқда, тез орада яшаб турган уйини сотишига тўғри келиши мумкин экан. Бу ҳолда у ногиронлиги бўлган отаси ва оиласи билан кўчада қоладими? Бу ҳам етмагандек, тадбиркорнинг кекса онаси фарзандига кредитни тўлашга кўмаклашиш учун уруш гирдобида бўлган Яман давлатига ишлаш (шифокорлик) учун кетибди.
Тасанно! Тадбиркорни хонавайрон қилсак, оиласини кўчага улоқтиришларини томоша қилиб турсак, уларнинг ўзлари ёки оналари нотинч юртларда ишлашга кетишга мажбур бўлишига ҳисса қўшсак...
Қани адолат? Нега жойларда баъзи ҳокимлар қонунни четлаб ўз билганини қилмоқда? Ахир бу президент олиб бораётган сиёсатга зид эмасми? Нега ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бундай ишларга панжа ортидан қараб келмоқда?
Тадбиркорнинг онаси эса ўзга юртларда зорланиб юрибди. У ўғлининг ишлари ўнгланишидан умидвор, адолат тикланишини истайди. Онаизорнинг ўғлига далда бўлиш учун жўнатган аудиоёзувларини эшитиб, бунга амин бўлишингиз мумкин.
«Ассалому алайкум, ўғлим Умарбек. Яхшимисан? Муаммоинг ҳал бўлмоқдами? Кўрган зараринг ўрнини қоплашнинг йўли бормикин?
Болам, хафа бўлма! Аллоҳ бор! У ҳаммасини кўриб-билиб турибди. Иншааллоҳ у ёрдам беради.
Мана, мен ҳам сенга ёрдам бериш учун шу нотинч юртларга келиб ишлаб юрибман. Ахир ҳурматли президентимизнинг гаплари бор-ку! «Кимки тадбиркорга тўсқинлик қилса, у менинг душманим», деганлар. Мен уларнинг бу сўзларига ишонаман.
Ўғлим, хафа бўлма. Мен сизлар учун ҳамиша дуодаман. Сенга Аллоҳдан куч-қувват, сабр-тоқат ва омад тилаб қоламан.
Ўзингни тушкунликка солма, билдирма. Бир кун албатта ҳақиқат юзага чиқишига ишонаман, ўғлим».
Ҳозирги кунда, очиқ айтиш керак, айрим ҳокимлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлардан четга чиқиш ҳолатлари ҳамон давом этмоқда. Бири фермерни дўппослайди, бошқаси исталган биносини буздириб ташлайди. Бундай шахсларга қонун ўтмайдими? Жиловини тортиб қўядиган давлат ташкилотлари қаерга қарамоқда? Президент Шавкат Мирзиёев ҳоким ва бошқа мансабдорларга тадбиркор учун барча шароитларни яратиб беришни қайта ва қайта таъкидлаётган бир пайтда бу каби ҳолатлар давлат раҳбари олиб бораётган одилона сиёсатга хиёнат эмасми?
Айни кунда бу тадбиркорга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий кўмак берилмоқда. Аммо айрим ҳокимнинг ҳаракатлари натижасида бир тадбиркор ва унинг оиласи чирқираб қолмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида давлат идоралари халққа, жумладан, тадбиркорларга яқин кўмакчи бўлиши зарурлиги ҳақида таъкидлади. Зора, мутасадди ташкилотлар бу ҳолатга жиддий эътибор қаратиб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқларининг тикланиши таъминланса...
Kun.uz мухбири Зафарбек Солижонов,
Тасвирчи Шерзод Эгамбердиев
Мавзуга оид
14:01 / 13.10.2024
“Кўп нарса ҳокимларнинг савиясига боғлиқ” — ватанга қайтган инвестор қандай тўсиқларга учради?
12:08 / 27.09.2024
Хоразмда МЧЖ масъул шахслари ижтимоий соҳа объектларига бериладиган кўмир учун ажратилган пулларни ўзлаштирди
16:06 / 08.08.2024
Хоразм вилоятининг икки туманига янги ҳокимлар тайинланди
08:26 / 10.07.2024