Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда тасдиқланади
Фото: Depositphotos
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Аудиторлик фаолияти тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Қонуни” лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги 734-XII-сонли Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланиши мумкин.
Янги таҳрирдаги “Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Қонунга кўра, Банкларни ва бошқа кредит ташкилотларини аудиторлик текширувидан ўтказишнинг ўзига хос жиҳатлари Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан белгиланади. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Қайд этилишича, аудиторлик фаолияти мустақиллик, холислик, ҳалоллик, профессионал малакалилик ва махфийлик принциплари асосида амалга оширилади. Аудиторлар фаразларга асосланиб фикр билдиришдан ҳоли бўлиши ва обрўсини тушириши мумкин бўлган омилларга йўл қўймаслиги лозим. Аудиторлик ташкилотининг мустақиллигига тўсқинлик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, аудиторлик ташкилоти аудиторлик хизматларини кўрсатишдан воз кечиши керак. Аудиторлар холис бўлиши ва манфаатлар тўқнашуви ёки бошқа шахслар томонидан босимлар сабабли ўз профессионал мулоҳазасини рискка қўймаслиги лозим. Аудитор профессионал бурчига ва ахлоқий талабларга содиқ бўлиши, шунингдек, аудиторлик ташкилоти обрўсига таъсир кўрсатадиган ҳолатларга йўл қўймаслиги керак. Аудитор ушбу Қонун талабларига амал қилиши, аудиторлик ташкилоти таркибида сифатли аудиторлик хизматларини кўрсатиш учун етарли бўлган билим ва кўникмаларни ушлаб туриши лозим.
Аудиторлик ташкилотлари аудиторлари ва ишчилари аудиторлик хизматларини кўрсатиш жараёнида маълум бўлган маълумотларни аудиторлик хизмати кўрсатилган шахснинг ёзма розилигисиз ошкор этмаслиги лозим, коррупцияга қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
Аудиторлик фаолияти Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаган, Бухгалтерлар халқаро федерацияси томонидан чоп этилган, Ўзбекистон Республикасида расмий нашр қилишга Халқаро Аудиторлик Амалиёти Комитетидан рухсати олинган, махсус ваколатли орган ва (ёки) аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари веб-сайтида жойлаштирилган аудит, сифат назорати, умумий текширувлар ва турдош хизматлар билан боғлиқ халқаро стандартлар талабларига мувофиқ амалга оширилади. Аудиторларнинг профессионал аҳлоқ кодекси аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан тасдиқланади. Аудиторлик ташкилотлари аудиторларнинг ахлоқий хатти-ҳаракатлари жамият манфаатларига, умумий морал нормаларга, мустақиллик, холислик, ҳалоллик, профессионал малакавийлик ва махфийлик принципларига мувофиқ келишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги аудиторлик фаолиятини тартибга солиш соҳасида махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Ваколатли орган:
ўз ваколатлари доирасида аудиторлик фаолиятини тартибга солувчи норматив ҳужжатларни тасдиқлайди ва аудитнинг халқаро стандартларини қўллаш тартибини белгилайди;
сертификат топширади, қайта расмийлаштиради, унинг амал қилиш муддатини узайтиради ва тугатади, шунингдек аудиторлар реестрини юритади;
аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан келишган ҳолда сертификати олиш учун малака имтиҳонларини топшириш регламентини тасдиқлайди;
аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари иштирокида малака имтиҳонини ўтказади;
аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан келишган ҳолда аудиторларнинг малакасини оширишнинг ягона дастурини тасдиқлайди ва унга амал қилинаётганлиги мониторингини ўтказади;
аудиторлик ташкилотлари реестрни юритади;
аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари иштирокида мажбурий аудиторлик текширувини ўтказадиган аудиторлик ташкилотлари ишнинг ташқи сифат назоратини ўтказади;
аудиторлик хизматлар бозори ҳолатини таҳлил қилади.
Ваколатли орган қуйидагиларни веб – сайтида жойлаштиради:
аудиторлик фаолиятининг стандартларини;
аудиторлик ташкилотлари реестри ва аудиторлик ташкилотларининг халқаро аудиторлик тизими ҳамда халқаро ассоцацияларга аъзолиги тўғрисида маълумотлар;
аудиторлар реестри тўғрисида маълумотлар;
тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати ва малака имтиҳонини топшириш, қайта рассмийлаштириш ҳамда сертификат дубликатини олиш учун аризалар намунаси;
малака имтиҳонини ўтказиш регламенти;
аудиторлар малакасини оширишнинг ягона дастури;
мажбурий аудиторлик текширувини ўтказадиган аудиторлик ташкилотлар ишини ташқи сифат назоратидан ўтказиш услубиёти ва дастури;
мажбурий аудиторлик текширувини ўтказадиган аудиторлик ташкилотлар ишини ташқи сифат назоратидан ўтказиш натижалари;
аудиторлик хизматлари бозори ривожланиши тўғрисида маълумотлар;
ушбу Қонунга мувофиқ бошқа маълумотлар.
Марказий банк ўзининг ваколатлари доирасида:
аудиторлик ташкилотларига банкларни текшириш ҳуқуқини берувчи сертификат, шунингдек аудиторларга банкларни текшириш ҳуқуқини берадиган малака сертификатини бериш тартибини белгилайди;
банкларни текшириш ҳуқуқини берадиган сертификатга эга аудиторлик ташкилотлари, банкларни текшириш ҳуқуқини берадиган малака сертификатига эга аудиторларнинг реестрини юритади ва уларни веб-сайтида жойлаштиради.
Марказий банк томонидан бериладиган, банкларни текшириш ҳуқуқини берувчи малака сертификатига эга камида икки нафар аудитори бор аудиторлик ташкилотларига банкларни текшириш ҳуқуқини берувчи сертификат муддатсиз берилади.
Мавзуга оид
23:08 / 04.04.2026
Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш бўйича алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда
15:56 / 25.03.2026
Қирғизистонда йўлда жанжаллашганлардан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилиши мумкин
12:21 / 18.03.2026
Халқаро йўллар бўйида сервис объектларини жойлаштириш тартиби ўзгарди
13:30 / 09.03.2026