Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эроннинг нефт экспортидан даромади икки баравар ортди
Теҳрон «энергетика уруши»да ютмоқда, деб ёзади The Economist.
CFOTO / Future Publishing / Getty Images
Уруш туфайли Форс кўрфазидаги барча мамлакатлар нефт қазиб олишни қисқартирди ва экспортдан даромадлари кескин тушиб кетди. Худди шу вақтда Эрон нефт сотувидан Америка ва Исроилнинг зарбалари бошланишидан олдинги даврдагига қараганда икки баравар кўпроқ фойда кўрмоқда, дейилади The Economist мақоласида.
Эрон экспорт қилаётган нефтнинг аниқ ҳажмини аниқлаш қийин. Мамлакат кўп йиллардан буён санкциялар шароитида яшамоқда. Ҳозирда эса унинг танкерлари нефтни ҳар қачонгидан кўра махфий равишда ташимоқда, чунки уруш туфайли Форс кўрфазидаги вазият ҳақида маълумот олиш деярли имконсиз.
The Economist манбасига кўра, ҳозирда Эрон кунига 2,4–2,8 миллион баррел нефт ҳамда нефт маҳсулотлари экспорт қилмоқда. Шундан 1,5–1,8 миллион баррел хом нефт ҳисобланади. Бу эса ўтган йилдаги ўртача кўрсаткичдан кўп бўлса кўп, лекин кам эмас. Бундан ташқари, энди нефт анча юқори нархларда сотилмоқда, Эроннинг нефт инфратузилмаси эса ҳарбий зарбалар ва санкцияларга чидамлироқ бўлиб қолди. The Economist шундан келиб чиқиб, Эрон «энергетика урушида ютмоқда», деган хулоса чиқарган.
Эрон нефт экспорти қандай йўлга қўйилган?
Расмий равишда Эрон нефтини Эрон миллий нефт компанияси (NIOC) экспорт қилади. The Economist мақоласида келтирилишича эса, валюта етишмовчилигини бошдан кечираётган мамлакатда амалда нефт ўзига хос ҳисоб-китоб воситасига айланган ва ҳокимиятдаги турли фракциялар – ташқи ишлар вазирлигидан тортиб полиция ва диний жамғармаларгача унинг сотуви билан шуғулланади.
Эрондаги манбаларга кўра, бу тузилмаларнинг барчаси тахминан 20 киши томонидан назорат қилинади. Улардан кўпчилиги Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига алоқадор, сўралган экспертларнинг айтишича, корпуснинг ўз нефт конлари ҳам бор.
Уруш бошланганидан кейин Муҳофизлар корпуси нефт ташуви устидан назоратни кучайтирди. Корпус Ҳўрмуз бўғозини, шунингдек, Форс кўрфазининг катта қисмидаги коммуникацияни назорат қилади. Унга Эрон нефти ортилган танкерлар ҳақидаги маълумотлар олдиндан келиб тушади, экипажга махсус кириш кодлари юборилади, шундан кейин корпус катери кемани бўғоздан ўтказиб қўяди.
Яқинда санкциялар юмшатилганига қарамай, Эрон танкерлари кимнинг нефтини ташиётганини барча усуллар билан яширишга ҳаракат қилмоқда: бошқа кемаларнинг ўғирланган маълумотларидан фойдаланилмоқда, ҳужжатлар сохталаштирилмоқда, координаталар ўзгартирилмоқда, Малайзия ёки Сингапур қирғоқлари яқинидаги очиқ денгизда нефт бошқа кемаларга юкланмоқда.
Эрон нефтини кимлар харид қилмоқда?
Эрон нефтининг 90 фоиздан ортиғи якунда Хитойга боради. Унинг харидорлари – мамлакат шимолидаги Шандун провинциясида ишловчи юздан ортиқ кичик нефтни қайта ишлаш заводларидир. Расман улар Хитой давлат компанияларидан мустақил ҳисобланади (давлат компаниялари АҚШ санкцияларига учрамаслиги учун), аммо улар билан ҳамкорлик қилади. Масалан, шундай заводлардан бири, Эрон нефтини сотиб олишда фаол бўлган Shandong Shouguang Luqing Petrochemical давлат компаниялари билан ҳамкорликдаги учта қўшма корхонада улушларга эгалик қилади.
Урушга қадар Хитойдаги кичик нефтни қайта ишлаш заводлари Эрон нефтини катта чегирма билан харид қиларди. Форс кўрфазининг бошқа мамлакатлари Ҳўрмуз бўғозидан ўта олмаётгани туфайли энди чегирмалар йўқ, лекин Эрон нефтига қизиқиш сақланиб қолмоқда.
Журналистларга кўра, Хитой ҳам Эрон нефти учун яширин тўлов схемасида иштирок этади. Хитой ва бошқа мамлакатлардаги харидорлар Эронга тўловни тўғридан тўғри амалга оширмайди, балки пулни Хитойнинг кичик банкларида бундай битимлар учун махсус очилган бир марталик траст ҳисоб рақамларига ўтказади. Бу ҳисоблар кўпинча хитойлик воситачилар томонидан ҳақ эвазига рўйхатдан ўтказиладиган сохта компанияларга расмийлаштирилади. Кейин пуллар бошқа ҳисоблар занжири орқали Эрон хоҳлаган жойга бориб тушади. Ушбу тизимни Эрон мудофаа вазирлиги ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан назорат қилинадиган компаниялардаги махсус бўлинмалар бошқаради.