Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп яна Эрондаги кўприклар ва электр станцияларини бомбалаш билан таҳдид қилди
Фото: Getty Images
АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Эрон раҳбариятига мурожаат қилиб, уларни «ақлдан озган аблаҳлар» деб атади ҳамда Ҳўрмуз бўғозидан ўтиш йўлини очишни талаб қилди.
«Сешанба Эронда бир вақтнинг ўзида Электр станциялар куни ва Кўприклар куни бўлади. Бунақасини ҳали кўрмагансиз!!! Ақлдан озган аблаҳлар, лаънати [уятли сўз] (оригиналида – fuckin strait ) бўғозни очинг, акс ҳолда дўзахга равона бўласизлар. Буни кўрасиз!» – дейилади унинг постида.
Ўз постини у «Аллоҳга ҳамд бўлсин» ибораси билан якунлаган.

Якшанба куни Fox News учун берган интервюсида Трамп душанба куни, ўзи томонидан ўрнатилган муҳлат тугашидан олдинроқ Эрон билан келишув тузиш учун «яхши имконият» бўлиши ҳақида фикр билдирган.
«Ўйлайманки, эртага яхши имкониятлар бор, ҳозир музокаралар олиб борилмоқда. Агар улар битим тузишмаса ва буни тезда амалга оширишмаса, мен ҳамма нарсани портлатиб, нефтни қўлга киритиш имкониятини кўриб чиқмоқдаман», – деган у.
4 апрел куни Трамп Эронга навбатдаги бор ултиматум қўйиб, Теҳронда Ҳўрмуз бўғозини очиш учун икки кун қолаётганини айтганди.
«Ёдингизда бўлса, мен келишув тузиш ёки Ҳўрмуз бўғозини очиш учун Эронга ўн кун вақт берганман. Вақт тугамоқда – уларнинг бошига дўзах куни тушишига 48 соат қолди», – дея ёзганди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
У Эроннинг янги раҳбариятини зудлик билан ҳаракат қилишга чақириб, акс ҳолда мамлакатдан «ҳеч вақо қолмаслиги»ни қўшимча қилган.
Америка раҳбари Эронга биринчи марта 21 март куни Ҳўрмуз бўғозини очиш учун 48 соат муҳлат берганди. Ўшанда у мазкур муддат тугаши билан АҚШ Эроннинг энг йирик электр станцияларини йўқ қилишини айтганди.
Воқеалар ривожи қуйидагича кечди:
- 21 март куни Трамп агар Эрон 48 соат ичида бўғозни очмайдиган бўлса, «электр станцияларига зарба берилиши ва йўқ қилиниши, ҳужум энг йирикларидан бошланиши»ни маълум қилди;
- Икки кун ўтиб у томонлар ўртасида «жуда яхши ва самарали музокаралар» бўлиб ўтаётганини айтиб, энергетика инфратузилмаларига зарба беришни беш кунга кечиктирди;
- 27 март куни Трамп «Эрон ҳукумати илтимоси билан» энергетика объектларига зарба беришни 10 кунга кечиктириб, 6 апрелни сўнгги муддат этиб белгилади;
- Ушбу муддат яқинлашаётганида, шанба куни у Эронда 48 соат қолаётгани ҳақида огоҳлантирди. Трамп якшанба кунги ҳақоратомуз постида ушбу таҳдидини такрорлади.
Эрондаги стратегик кўприклар, электр станциялари, нефт объектлари, Харк ороли ва ҳатто сувни чучуклаштирувчи қурилмалар АҚШнинг навбатдаги нишонлари сифатида кўрилмоқда.
Эрон қуролли кучлари генерали Али Абдуллоҳи Алиабоди Трампнинг ултиматумини «чорасиз, асабий ва аҳмоқона ҳаракат» деб атади.
Генерал бевосита Трампга юзланиб, унинг таҳдидларини ўзига қайтарди. «Бу хабарнинг асл маъноси шуки, жаҳаннам эшиклари аслида сиз учун очилади», – деди у.