Иқтисодиёт | 15:16 / 30.05.2022
36899
3 дақиқада ўқилади

Чек можароси: Бир одам қайта-қайта шикоят йўллашига чеклов қўйилмоқда

Давлат солиқ қўмитаси чеклар можароси ортидан қатор янгиликларни эълон қилди. 1 июндан бошлаб, тадбиркорлар чек бермаслик ҳолати биринчи марта рўй берганда фақат огоҳлантирилади. Чек бермаганлик ҳолати текширилаётган тадбиркор устидан худди шу масалада тушган бошқа шикоятлар вақтинча кўриб чиқилмайди. Бир фуқаро 24 соат ичида 2 тадан кўп, 30 кун ичида 1 та шохобча бўйича 1 мартадан кўп мурожаат юбора олмайди.

Фотоколлаж: Kun.uz

2022 йилдан бошлаб харид чекини бермаганлик ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга мукофот пули бериш ва харид суммасидан бир фоиз кешбек харидорга қайтарилиши тизими йўлга қўйилганди. Бунинг ортида харидор ва тадбиркорлар ўртасида кўплаб нохуш воқеалар рўй бера бошлади. Давлат солиқ қўмитаси бу можаролар ортидан бир қатор янгиликларни эълон қилди.

Қўмитага кўра, чек бермаганлик юзасидан йил бошидан буён 13 мингга яқин фуқародан 66 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Таҳлиллар натижасида келиб тушган 30 мингга яқин – мурожаатларнинг қарийб ярми бўйича текшириш ўтказиш рад этилган. Қолган 33 минг мурожаат бўйича 97 фоиз ҳолатда чек урилмагани тасдиғини топган.

ДСҚга кўра, жорий йил 1 июндан бошлаб қуйидагича янги қоидалар киритилади.

Биринчидан, “Солиқ” мобил иловаси орқали мулкчилик шаклидан қатъи назар, биринчи маротаба келиб тушган мурожаат бўйича солиқ тўловчи ҳузурига борган ҳолда, профилактик суҳбат ўтказилиб, тадбиркорлик субъектининг қонун талабларида иш юритиши тўғрисида расман огоҳлантирилади. Унга нисбатан таъсирчан молиявий жазо чоралари кўрилмайди.

Мазкур огоҳлантиришдан кейин ҳам хулоса қилинмасдан, қонун бузилишлари давом эттирилиб, ушбу тадбиркорлик субъекти бўйича иккинчи маротаба мурожаат келиб тушса, белгиланган тартибда ўрганиш ўтказилади ва натижаси бўйича солиқ текшируви ташкил этилади.

Иккинчидан, мурожаат бўйича сайёр солиқ текшируви ўтказилаётган ёки ўтказилган текширув натижаси бўйича қарор қабул қилиш жараёнида ушбу субъект бўйича такрорий тушган мурожаатлар кўриб чиқилмайди.

Учинчидан, бир фуқаро томонидан 24 соат ичида 2 тадан ортиқ ҳамда 30 календар куни давомида 1 та шохобча бўйича 1 мартадан кўп мурожаат юборилишига чеклов ўрнатилади.

Тўртинчидан, давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатлари, мукофот тўланмайдиган мурожаатлар сифатида қайд қилинади.

Давлат солиқ қўмитаси ушбу ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда, чек талаб қилиб, яширин иқтисодиётга қарши курашишда фаол иштирок этаётган фуқароларни рағбатлантиришни ва ноқонуний ишлаш йўлини танлаган айрим субектларга нисбатан таъсирчан назорат тадбирлари изчил давом эттиришини маълум қилган.

Аввалроқ, солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов Kun.uz'га берган интервюсида чеклар можароси ҳақида фикр билдириб, бир одам томонидан қайта-қайта шикоят қолдириш ҳолатлари мавжудлиги, айримлар чек бермаслик ҳолатини вужудга келтириш учун атайин арзимаган суммага такрор-такрор харидлар қилаётгани ҳақида гапирганди.

Мавзуга оид