Ўзбекистон | 14:12 / 07.03.2026
5813
9 дақиқада ўқилади

Тошкентда юздан ортиқ қувват-станция тармоқдан узилди. Муаммо нимада?

Пойтахтда электромобилларни тезкор қувватлаш станциялари фаолияти бўйича кенг кўламли тафтиш бошланди. Тафтишнинг дастлабки икки кунида 100 дан ортиқ станциялар ҳужжатлардаги камчилик сабаб электр тармоғидан узиб қўйилган. Kun.uz муаммо юзасидан шарҳ тайёрлади.

Фото: Энергетика вазирлиги

Тошкент шаҳрида бошланган тафтиш доирасида ҳозиргача юздан ортиқ электромобилларни қувватлаш станциялари электр тармоғидан узиб қўйилди.

Kun.uz бу масала юзасидан тадбиркорлар ва ҳукумат вакилларининг изоҳларини тақдим этади.

Умуман олганда, вазиятни қуйидагича таърифлаш мумкин:

Электромобил қувватлаш станцияларини ўрнатган аксар тадбиркорлар ҳудудий электр тармоқлари билан бевосита шартномага эга эмас, улар ҲЭТК билан шартномага эга бирламчи истеъмолчилар (юридик шахслар)нинг трансформаторига уланган ва шу сабаб субистеъмолчи ҳисобланади.

Тадбиркорлар ўртасидаги бундай шартномавий муносабатлар ноқонуний эмас (ҳар ҳолда, ҳозиргача ҳеч қайси идора буни ноқонуний демади). Шундай бўлса-да, расмийлар бундай уланишни “нотўғри” демоқда: ҳисобга олинмаган юклама тармоқда муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бунга жавобан станциялар эгалари бирламчи истеъмолчига берилган техник шартда кўрсатилган қувватдан четга чиқмаётганини айтмоқда.

Шуниси эътиборлики, қувватлаш станцияларини ўрнатиш, электр тармоғига улаш ва шу каби бошқа масалаларнинг қонуний тартибини белгилаш топшириғи 2022 йилги президент фармонида кўрсатилганига қарамай, бу топшириқ ҳалигача бажарилмаган.

Ҳокимлик: Техник шартларсиз уланган станциялар – тармоққа ортиқча юк

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 5 март кунги баёнотига кўра, шаҳарда 20 kWдан юқори қувватли 1300 га яқин тезкор қувватлантириш қурилмаси ўрнатилган бўлиб, ўтказилаётган хатловдан мақсад – “уланишларни тартибга солиш ва аҳоли учун хавф-хатарларни камайтириш”дан иборат.

“Шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан 3 март куни 12 та ишчи гуруҳ тузилиб, улар хатлов ишларини бошлади. Бугунги кунга қадар 300 дан ортиқ шохобча хатловдан ўтказилди, бу эса уланишлар ҳолатини ва тармоққа тушаётган амалдаги юкламани баҳолаш имконини бермоқда.

Хатлов давомида айрим қоидабузарликлар аниқланди: 101 та шохобча зарур ҳужжатлари йўқлиги сабабли вақтинча тармоқдан узилди, шунингдек, 62 та шохобчанинг электр таъминоти корхоналари билан шартномаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди”, – дейилади расмий хабарда.

Изоҳланишича, қуввати 20 kWдан юқори тезкор қувватлантириш – бу электр тармоқлари учун жиддий юкламадир: битта автомобил қисқа вақт ичида ўнлаб kW энергия истеъмол қилиши мумкин.

“Агар уланиш ҳисоб-китобларсиз ва техник шартларсиз амалга оширилса, турар жой биноларининг электр таъминотида ҳаддан ташқари юклама ва узилишлар хавфи ортади”, – дейилади ҳокимлик баёнотида.

Бизнес-омбудсман: Қонунда белгиланган тартибга риоя этилиши керак

Ҳолатга 6 март куни Бизнес-омбудсман муносабат билдирди. Маълум қилинишича, тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатлар асосида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ваколатли органларнинг асоссиз хатти-ҳаракатлари аниқланган тақдирда, Бизнес-омбудсман айбдор мансабдор шахсларга нисбатан чора кўришга ваъда берди.

“Амалдаги қонунчиликка кўра, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки уларга тегишли бўлган мулкдан фойдаланишни чеклаш фақат қонунда белгиланган асослар ва тартибда, зарур ҳолларда эса фақат суд қарори билан амалга оширилиши лозим.

Ҳар қандай инвентаризация ёки тартибга солиш чоралари тадбиркорларнинг ҳуқуқларини камситмаслиги, уларга зарар етказмаслиги ҳамда олдиндан хабардор қилинган ҳолда, мувофиқлаштириш учун етарли вақт берилган тартибда ўтказилиши зарур. Тадбиркорнинг мулкини асоссиз тарзда тармоқдан узиш ёки бузиш ҳолатлари бизнес юритиш кафолатларининг бузилиши деб баҳоланади”, – дейилади Бизнес-омбудсман ахборотида.

Қайд этилишича, тадбиркорлар бундай ҳолатларда Бизнес-омбудсманнинг 1100 қисқа телефон рақами ёки @biznesombudsman_bot Telegram-боти орқали мурожаат қилиши мумкин.

3 йил олдинги топшириқ бажарилмаган

Kun.uz'нинг эътибор қаратишича, 2022 йил 19 декабр куни имзоланган “Электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонига асосан, электромобилларни қувватлантириш станцияларини электр қувватига улаш ҳамда улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар бўйича умумий талаблар ва ягона стандартларни белгилаш топшириғи берилган.

Шунингдек, электромобилларни қувватлантириш станцияларини ўрнатиш, эксплуатация қилиш ва даврий техник кўрикдан ўтказиш тартибини назарда тутувчи қарор лойиҳаси 2 ой муддатда ишлаб чиқилиши белгиланган.

Kun.uz очиқ манбалардан бундай қарор қабул қилингани ҳақида маълумот топа олмади.

Тадбиркор: Тартиб-қоида ишлаб чиқилмай туриб, ёппасига ўчириб кетиши нотўғри

Tokbor компанияси вакили / Савдо-саноат палатаси YouTube-саҳифасидаги трансляциядан кадр

Савдо-саноат палатасининг маълум қилишича, 28 феврал куни бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев тадбиркорлар билан ўтказган навбатдаги очиқ мулоқотида Tokbor компанияси вакили айни шу муаммони кўтарган (2:09:38).

“Биз Ўзбекистон бўйлаб мингтага яқин қувватлаш станцияларини ўрнатганмиз. Шундан 600 дан ортиғи Тошкент шаҳрида жойлашган. Тошкентдаги станцияларимизнинг 90 фоизини ўша жойнинг эгалари билан тузилган ижара шартномаси асосида, жой эгаларининг трансформаторига уланиш орқали ўрнатганмиз.

Биз тушунамиз, ҳозирча тартиб-қоидалар ўрнатилмаган, лекин тартиб-қоида ишлаб чиқилгунга қадар огоҳлантиришсиз, шунчаки келиб станцияларимизни ёппасига ўчириб кетилиши нотўғри деб ўйлаймиз”, – деган Tokbor вакили.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев масала энергетика тизимига юклама билан боғлиқлигини айтган.

“Гап шундаки, Энергетика вазирлиги сизлар [қувватлаш станцияларини] ишлатаётган жойларда электр энергияга бунчалик кўп талаб бўлишини ўзининг трансформаторида, линияларида назарда тутмаган. Шундан қўрқади булар. Эртага трансформатор куяди, қанақадир линиялар ўчади, текширса, ўша ерда жуда катта ҳажмда электр энергия ишлатилаётган бўлиши мумкин.

Сизлар шунчаки юридик шахснинг парковкасини, локациясини кўргансизлар, юридик шахс ҳам шу жойдан пул қиламан деб сизларга ижарага берган. Лекин энергетика нуқтайи назаридан у юклама ҳисобга олинмаган-ку?” – деган Хўжаев.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев / Фото: Ҳукумат комиссияси

Очиқ-мулоқотда қатнашаётган расмийлардан бири бу масала қонунчилик билан тартибга солинмаганини қайд этган.

Шундан кейин “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раисининг биринчи ўринбосари Бобур Исломов изоҳ берган.

“Булар билан йиғилишдан олдин ҳам анчагина гаплашиб олдик. Истеъмолчининг тармоғига уланган: истеъмолчи биз билан шартнома тузиб, электр энергия учун тўлов қиляпти, булар эса субистеъмолчи сифатида қувватлаш ускунасини ё унинг ҳудудига, ё унинг ҳудудидан ташқари кадастри йўқ объектга жойлаштириб оляпти.

Биринчидан, айтилганидек, бизнинг тармоғимизга юклама ошиб кетяпти. Улар айтишяптики: “Биз истеъмолчига техник шарт асосида берилган қувватдан чиқмаяпмиз, шунинг доирасида ишлатяпмиз”, дейишяпти. Лекин бизга ариза берган вақти қанақадир макарон цехи деб, ёки нима ишлаб чиқарса, шуни кўрсатади, лекин кейин фаолият турини ўзгартириб, зарядлаш станциясини ўрнатяпти. Бу нотўғри”, – деган ҲЭТК расмийси.

Жамшид Хўжаев барча масъул идоралардан вакиллар жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳ тузиб, масалани ҳам техник, ҳам қонуний томондан ҳал этиш бўйича 2 ҳафта муддатда таклиф киритиш топшириғини берган.

Метан йўқ пайтда...

Иқтисодчи Отабек Бакиров қувватлаш станцияларини тафтиш қилиш учун расмийлар ножоиз пайтни танлаганини таъкидлади.

“Зарядлаш станцияларига қарши янги кампания яна свет ўчишлар кўпайган ва метан газ таъминотидаги узилишлар авжига чиққан кунларга тўғри келаётганига эътибор қаратмаслик мумкин эмас.

[...] Кадастр келиб бир гапни, энергетиклар келиб иккинчи гапни, ҳокимият келиб учинчи гапни айтмаслиги керак. Аввал ўша тартиб-қоидаларни ишлаб чиқинглар, эълон қилинглар, мувофиқлик учун вақт беринглар, кейин жазоланглар ана”, – дея ёзди Бакиров.

Биринчи марта эмас

Ўзбекистонда электромобил станцияларини кенг кўламда тармоқдан узиб қўйиш 2024 йил декабр ойида ҳам кузатилган, натижада айрим станцияларда узун навбатлар пайдо бўлганди. Станциялар ҳеч қандай ҳуқуқий асос кўрсатмаган ҳолда ўчириб қўйилган, қуйи бўғиндаги масъуллар ҳолатни “тепадан шундай буйруқ бўлди” дея изоҳлаган эди.

Энергетика вазирлиги ўша вақтда қувватлаш станцияларини тармоқдан узиш бўйича топшириқ бермаганини маълум қилган. Аммо тармоқдан узиш айнан шу вазирлик тизимига кирувчи ҲЭТКлар томонидан амалга оширилганди.

Кўп ўтмай, Кадастр агентлиги тўсатдан тадбиркорларга қувватлаш станцияларини демонтаж қилишни талаб қилиб хатлар юбора бошлаган эди. Хусусий сектор барча станцияларни амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштиришга тайёрлигини билдирган бўлса ҳам, агентлик уларга ҳеч қандай ечим таклиф қилмаганди.

2025 йил январ ойига келиб, энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов фаолиятида камчиликка йўл қўймаган станциялар тармоққа қайта уланганини маълум қилганди (камчиликка йўл қўймаган бўлса, нега узилган?). Кўп ўтмай вазирликда қувватлаш станциялари раҳбарлари билан учрашув ўтказилган.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид