Ўзбекистон | 21:18 / 17.12.2024
6181
3 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги қувватлаш станцияларини тармоқдан узиш бўйича топшириқ бермаганини маълум қилди

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги электромобил зарядлаш станцияларини тармоқдан узиб қўйиш ҳақида вазирлик томонидан топшириқ берилмаганини маълум қилди. Аввалроқ қуёш панелларига мажбурлаш билан боғлиқ ҳолатда ҳам Энергетика вазирлиги бундай топшириқ бермаганини билдирган, лекин тадбиркорлар айнан шу вазирлик тизимига кирувчи ҲЭТКлар томонидан панел ўрнатмагани учун электрдан узилган эди.

Фото: Kun.uz

Баёнотда айтилишича, электромобилларни зарядлаш станцияларини тармоқдан узиш бўйича Энергетика вазирлиги “ҳеч қандай топшириқ бермаган”.

“Таъкидлаш керакки, айни пайтда мамлакатимизда генерация, яъни электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ. Ишлаб чиқарилаётган электр энергияси эса ўз эҳтиёжимизни тўлиқ қоплашга етади.

Энергетика вазирлиги қувватлаш станцияларини тармоқдан узиш бўйича топшириқ бермаган.

Шуни алоҳида айтиш керакки, Энергетика вазирлиги экологиямизни асрашга катта ҳисса қўшадиган электромобилларни Ўзбекистонда оммалаштириш тарафдори”, – дейилади вазирлик матбуот хизмати ахборотида.

Электромобилларни қувватлаш станцияларини ўрнатган тадбиркорлик субъектларидан, агар улар қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатларига дуч келса, Энергетика вазирлигининг +99871-231-16-61 (ички 7037, 7046 ва 7057) рақамли “Ишонч телефонлари”га мурожаат қилиш сўралмоқда.

Kun.uz хабар берганидек, электромобилларни зарядлаш станцияларига электр узатиш ҳеч қандай ҳуқуқий асос кўрсатмаган ҳолда тўхтатиб қўйилган.

“Ҳудудий электр таъминотидан келишиб, ҳеч қандай сабабсиз станцияларимизни ўчириб ташлашяпти. Нима сабабдан ўчиряпсан, бу трансформатор қонуний ёқилган, деяпмиз. Улар эса “тепадан шундай буйруқ бўлди” дейишяпти. Бошқа ҳеч қандай гап йўқ. Рақобатчи компаниялар билан ҳам худди шундай бўляпти, битта бизда эмас”, – деди бозордаги етакчи компаниялардан бирининг вакили.

Kun.uz билан деярли бир вақтда Spot нашри ҳам шундай ҳолат бўлаётгани ҳақида хабар берди. Нашр боғланган компаниялардан бири станциялар тармоғидаги тахминан 20 та станция электрдан узилган. Илк узилишлар ўтган ҳафта бошидаёқ бошланган. Эслатиб ўтамиз, ҳаво совиши сабаб метан-шохобчаларнинг иш вақти чекланиши ҳақида ҳам ўтган ҳафта бошида маълум бўлганди.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги тадбиркорларни қуёш панелларига мажбурлаш ҳолатлари ҳақида берган баёнотида ҳам бундай мажбурлаш юзасидан вазирлик томонидан топшириқ берилмаганини билдирган, лекин бундай ҳолат бўлаётганини рад этмаганди. Ўшанда ҳам тадбиркорлар ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан электрдан узилган эди, ҲЭТКлар эса Энергетика вазирлиги тизимидаги ташкилотлар ҳисобланади.

Мавзуга оид