Жаҳон | 07:50 / 29.12.2025
11941
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳам кирган рўйхат: IMEI талаб қилинадиган мамлакатлар

IMEI — мобил ускунанинг халқаро идентификатори. Инфографикада чет элдан сотиб олинган мобил телефонларнинг IMEI рақамини рўйхатдан ўтказиш мажбурий бўлган давлатлар кўрсатилган.

Фото: Getty Images

Кўпчилик телефонларга, жумладан смартфонларга ҳам, уникал IMEI берилади. Бу рақам одатда 15 та рақамдан иборат бўлади. Айрим давлатлар мобил қурилмаларнинг IMEI’сини рўйхатдан ўтказишни талаб қилади. Бу ўғирлик, фирибгарлик ва қалбаки телефонлар савдосига қарши курашишга ёрдам беради, деб ҳисобланади. Яна бир сабаб — қурилмаларни бошқа давлатлардан солиқ ва божларни айланиб ўтиб сотиб олишни назорат қилиш.

Давлатлар IMEI рўйхатдан ўтказишнинг турли тизимларидан фойдаланади. “Оқ рўйхат” (white list) тизими бўлган мамлакатларда ҳар бир фойдаланувчи телефон идентификаторини рўйхатдан ўтказиши шарт, акс ҳолда қурилма блокланади. Бундай давлатларга Чили, Колумбия, Туркия, Озарбойжон, Непал ва Миср киради. Айрим мамлакатлар туристлар учун истиснолар каби бир қатор енгилликларни жорий қилган.

Фото: Reddit

Бошқа давлатлар эса юмшоқроқ назорат шаклларини қўллайди. Улар қаторига, жумладан, Ҳиндистон, Покистон, Индонезия, Камбоджа, Таиланд, Нигерия ва Эрон киради. Масалан, Покистон ва Нигерияда IMEI SIM-картани фаоллаштириш пайтида қайд этилади. Ҳиндистонда ҳам реестр мавжуд, аммо у ерда қурилмалар танлаб блокланади — жумладан, ўғирлик ҳолатида.

Харитада Ўзбекистон кўрсатилмаган. Ўзбекистонда маҳаллий SIM-карталардан фойдаланувчи барча абонентлар IMEI’ни рўйхатдан ўтказиши шарт. Агар эгаси телефонни белгиланган муддатда рўйхатдан ўтказмаса, оператор тармоққа киришни чеклаши мумкин. Шунингдек, 2025 йилдан Қозоғистонда ҳам рўйхатдан ўтказиш мажбурий бўлди.

Ўзбекистонда маҳаллий GSM операторлари SIM-картасидан фойдаланиш учун телефон (ёки бошқа мобил қурилма)нинг IMEI-коди UZIMEI тизимида рўйхатдан ўтган бўлиши шарт. Расмий қоидага кўра, қурилма биринчи марта маҳаллий тармоқда ишлаган (SIM уланган) пайтдан бошлаб 30 календар кун ичида IMEI’ни рўйхатдан ўтказиш керак; акс ҳолда, IMEI рўйхатдан ўтказилмагунча алоқа хизматларига кириш чекланади (блокланади). 

2025 йил 1 августдан амалдаги тарифлар базавий ҳисоблаш миқдорига боғланган: жисмоний шахслар учун 30 кун ичида рўйхатдан ўтказиш — БҲМнинг 20 фоизи (82 400 сўм), 30 кундан кейин — 25 фоиз (103 000 сўм). Тўлов ва расмий тарифлар UZIMEI сайтида эълон қилинган. 

IMEI’ни рўйхатдан ўтказиш одатда UZIMEI портали орқали онлайн (тўловни электрон тўлов тизимлари ёки банк орқали қилиб) ёки почта бўлимларида паспорт ва қурилма билан амалга оширилади. Шунингдек, 2025 йилдан телефон чет элдан олиб кирилган бўлса, амалиётда уни божхонада декларация қилиш масаласи ҳам долзарб: божхона базасида қурилма қайд этилмаган ҳолатларда қўшимча тўлов (30 фоиз бож) масаласи кўтарилиши мумкин.

IMEI регистрацияси атрофидаги муаммолар

2019 йилда ҳукумат қарори билан мобил қурилмаларни IMEI коди бўйича рўйхатдан ўтказиш тизими жорий этилиши рўйхатдан ўтказишнинг мураккаб механизми ва бунинг учун пул тўлаш зарурати туфайли дарҳол жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлганди.

Янгилик мобил қурилмалар эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қурилмалардан ноқонуний фойдаланишга қарши курашиш ва сифатсиз қурилмалар сотилишининг олдини олиш мақсадлари билан асосланган.

2020 йил февралида жамоавий мурожаатлар порталида IMEI кодни рўйхатдан ўтказиш учун йиғимни бекор қилиш тўғрисида петиция пайдо бўлган. Қонунчилик палатаси қўмитаси масалани ўрганиш якунлари бўйича қўмита ҳукумат қарорлари (847-сон ва 778-сон) билан тасдиқланган қоидалар асосида IMEI кодларни рўйхатдан ўтказиш амалиётини давом эттиришни «мақсадга мувофиқ ва асосли» деб топган. Қонунчилик палатаси ҳукуматга ҳисоботда кўрсатилган таклиф ва камчиликларни инобатга олиш ҳамда тизимни такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттиришни тавсия қилган.

Ўша йили IMEI кодларини бегона паспорт маълумотларига рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ можародан сўнг тизим оператори рўйхатдан ўтиш тартибини ўзгартирди  рўйхатдан ўтишда телефон рақами мобил алоқа операторида ариза берувчининг номига расмийлаштирилиши керак бўлди.

2022 йилда АКТ вазири Шерзод Шерматов UzIMEI яширин иқтисодиётга қарши курашиш учун кераклигини таъкидлаганди. «IMEI керак эмас, IMEIни йўқ қилинглар, деган гаплар тагида ноқонуний бозордан „доля“ олиб, фойда қилиб турганларнинг лоббиси турибди»,  деганди ўшанда вазир Kun.uz нашрига берган интервюсида. Шунингдек, Шерматов UzIMEI пулли эканига тўхталиб, унинг солиқ эканини қайд этганди.

2024 йил охиридан бошлаб Ўзбекистонга янги мобил қурилма олиб киришда божхона декларациясини тўлдириш талаб этилади, акс ҳолда қурилмани UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказишда бож тўлашга тўғри келади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид