Ўзбекистон | 19:44 / 25.01.2021
11490
4 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ва пойтахт чегарасидаги низоли ҳудуд: Кадастр агентлиги хулоса берди, депутат бу хулосадан шубҳада

Kun.uz 2020 йил 20 ноябр куни «Тошкент вилояти ва пойтахт ўртасида 1,1 гектар ер «талаш» бўляпти. Суд сохта ҳужжатга асосан қарор чиқарган» сарлавҳали мақола эълон қилган эди.

Мақолада Тошкент ҳалқа айланма йўли бўйида жойлашган 1,1 гектар ер майдонининг 2018 йил ҳолатида Тошкент вилояти ёки пойтахтга кириши масаласи очиқ қолаётгани, Тошкент шаҳар маъмурий суди Кадастр агентлиги номидан жўнатилган сохта хатга асосан ушбу ҳудудни Тошкент вилояти Зангиота туманига қарашли деб топгани ҳақида сўз юритилганди.

Шундан сўнг, Кадастр агентлиги бу мақолага муносабат билдириб, зиддиятли ҳолатни атрофлича ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузилганини билдирганди.

Маълум бўлишича, ишчи гуруҳнинг ҳолатни ўрганиш якунлари бўйича маълумотномаси 7 декабр куни Сергели тумани прокуратурасига юборилган. Унда бир қатор эътиборли масалалар тилга олинган.

Жумладан, «FFT» МЧЖга ажратиб берилган 274-контурда ажратилган ер майдони билан 276, 277-контурлари ёнма-ён жойлашгани, «FFT» МЧЖ томонидан 276-контурнинг 0,15 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, фуқаро М.А. томонидан эса ўзига ажратилган 274, 275-контурлардаги 0,69 гектар майдондан ташқари, қарорда кўрсатилмаган 276-контурдаги 0,16 гектар ер майдонида, жами 0,85 гектар ер майдонида қурилиш килингани маълум қилинган.

Шунингдек, Сенатнинг 2017 йил 27 июлдаги КҚ-211-III-сонли карорининг 1- ва 3-иловаларидаги чегара тавсифи ва чегараларнинг чизма шаклига асосан, «MTS» МЧЖга ажратилган ер майдонининг бир қисми Тошкент вилояти ҳудудида бўлгани қайд этилган.

Kun.uz низоли масала ва Кадастр агентлиги тақдим этган маълумотнома юзасидан кадастр соҳасида узоқ йил фаолият юритган Олий Мажлис депутати Нуриддин Султоновнинг фикрлари билан қизиқди. Депутатнинг маълум қилишича, «MTS» МЧЖга ажратилган ер майдони Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 21 февралдаги «Тошкент шаҳрининг чегаралари тўғрисида»ги 83-сонли қарори ва Олий Кенгаш Раёсатининг 1994 йил 16 мартдаги 1031-XII-сонли қарорига асосан, Тошкент шаҳри ҳудудида бўлиб келган, аммо Кадастр агентлиги тақдим этган маълумотномага кўра, 2017 йилда низоли ҳудуднинг бир қисми Тошкент вилояти ҳудудига «ўтиб қоляпти».

Нуриддин Султонов ҳолат шубҳали эканини таъкидламоқда.

Чунки, депутатга кўра, бирор ҳудуд Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ўтадиган бўлса, ҳар йили январда тасдиқланадиган маъмурий-ҳудудий бирликларнинг ер фондида ўзгариш кузатилган бўлиши лозим эди. Аммо 2017 йилда Тошкент вилоятига бир парча ҳудуд ўтиб қолгани айтилган бўлса-да, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг 2018 йил 1 январ ҳолатига тасдиқланган ер фондида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган.

Яъни ушбу ҳудудлар майдони бир неча йил олдин қандай турган бўлса, 2018 йилда ҳам шундайлигича қолган.

Нуриддин Султонов бу жумбоқли вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида соҳа мутахассислари билан бирга жойига чиқиб ўрганиш олиб бориш режалаштирилаётганини маълум қилиб, Kun.uz вакилларини ҳам бу жараёнда иштирок этишга таклиф қилди.

Аввалги мақоламизда апелляция судига «MTS» МЧЖ ва «FFT» МЧЖга ажратилган ерлар бошқа-бошқа жойда жойлашгани ва уларнинг судда тараф бўла олмаслиги тўғрисида Зангиота туман кадастрининг 2020 йил 17 августдаги хати тақдим этилган бўлса-да, судлов ҳайъати буни инобатга олмаганини таъкидлаб ўтган эдик.

Кадастр агентлиги тақдим этган маълумотнома эса юқоридаги хатда келтирилган маълумотлар асосли эканини ҳамда бу икки ташкилот судда низолаша олмаслигини яна бир бор кўрсатиб турибди. Бироқ негадир апелляция суди бу ҳолатни инобатга олмаган.

Kun.uz ҳолат бўйича суриштирувларини давом эттиради.

Аббос Салайдинов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид