Иқтисодиёт | 20:10 / 31.03.2023
116325
7 дақиқада ўқилади

2023 йилда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар икки марта оширилади

Пенсия, нафақа ва маошлар мос равишда 1 апрел ва 1 майдан – 7 фоизга, 1 сентябрдан эса – 10 фоизга оширилиши режалаштирилмоқда. Kun.uz'га тақдим этилган маълумотларга кўра, бунинг натижасида 2023 йилда пенсиялар ва ойликлар умумий ҳисобда 17,7 фоизга ошади.

Фото: Kun.uz

2023 йилда Ўзбекистонда ойликлар ва пенсияларни икки маротаба оширишга қарор қилинган. Бу ҳақда Kun.uz'га Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 2023 йил учун тасдиқланган Давлат бюджети параметрларида пенсияларни 1 июндан 12 фоизга, иш ҳақини 1 октябрдан 10 фоизга бир маротаба ошириш мақсадида 6,7 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган эди.

Жаҳон бозорида олтин ва мис нархининг прогнозга нисбатан юқори бўлиши (қўшимча 4,5 трлн сўм) ҳамда божхона тушумларининг ошиши (қўшимча 3 трлн сўм) ҳисобига, Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилганига нисбатан, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни қўшимча яна бир маротаба оширишга қарор қилинган.

Хусусан:

  • 1-босқичда пенсия ва нафақалар 1 апрелдан, маошлар 1 майдан – 7 фоизга (қўшимча харажат 2,2 трлн сўм);
  • 2-босқичда 1 сентябрдан – 10 фоизга (яна 5,6 трлн сўм) оширилади.

“Бунинг натижасида, мисол учун, Тошкент вилояти Оққўрғон тумани 30-сон мактабнинг катта синф ўқитувчисининг ойлиги 4,2 млн сўмдан май ойида 4,5 млн сўмгача (сентябрдан 4,9 млн сўмгача), Когон туман тиббиёт бирлашмасининг шифокор-лаборантининг маоши 3 млн сўмдан 3,2 млн сўмгача (сентябрдан 3,6 млн сўмгача), Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси катта ҳамширасининг ойлиги 2,7 млн сўмдан 2,9 млн сўмгача (сентябрдан 3,2 млн сўмгача) ошади.

Бунда, иш ҳақи ва пенсияларнинг биринчи босқичда оширилиши қўшимча тушумлар ҳисобига қопланади.

Иш ҳақи ва пенсиялар миқдорлари икки маротаба оширилиши ҳисобига жорий йилда уларнинг миқдорларининг ўсиши 17,7 фоизни ташкил этади (аввал кўзда тутилган миқдор: 10-12 фоиз).

Натижада, иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ошиши прогноз қилинаётган инфляциядан (10 фоиз атрофида) анча юқори бўлиши кутилмоқда”, – деди Умид Обидхўжаев.

Маълум қилинишича, бу тадбирлардан 6,5 млн фуқаро манфаат кўради (4,4 млн нафар пенсия ва нафақа олувчилар ҳамда 2,1 млн нафар ишчилар).

Базавий ҳисоблаш миқдори босқичма-босқич оширилмоқда. Бу нима учун аҳамиятли?

Базавий ҳисоблаш миқдори 1 майдан 300 минг сўмдан 330 минг сўмгача оширилди. Умид Обидхўжаевнинг айтишича, бунда бир қатор жиҳатлар ҳисобга олинган.

“Базавий ҳисоблаш миқдори 2021 йилдан бошлаб, ҳар йили давлат бюджетини шакллантиришда ўртача 20-30 минг сўмга ошириб келинмоқда.

Шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдори ҳозирги кунда 2019 йил 1 сентябрга нисбатан 1,48 бараварга ошган бўлса, ушбу даврда энг кам ойлик иш ҳақининг миқдори 1,54 бараварга оширилди (2020 йилда базавий ҳисоблаш миқдори оширилмаган, энг кам ойлик иш ҳақи 7 фоизга ошган).

Умуман олганда, базавий ҳисоблаш миқдори оширилиши биринчи навбатда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган бюджет субсидиялари ва ойлик иш ҳақига қўшимча тўловлар миқдорлари ошишига хизмат қилади. Масалан: 2023 йил 1 майдан бошлаб, оилавий болалар уйларига олинган 781 нафар етим болалар учун тўланадиган тўлов миқдори 1,6 млн сўмдан 1,8 млн сўмга оширилади ва йил якунига қадар ушбу харажатларга қўшимча 1 млрд сўм ажратилади.

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси (100 млрд сўм), Жамоат ишлари жамғармаси (14 млрд сўм), Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси (97 млрд сўм), Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси (250 млрд сўм) ҳамда «Темир», «Аёллар» «Ёшлар» ва «Меҳр» дафтарларига киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган субсидиялар базавий ҳисоблаш миқдорига боғланган ҳолда тўланиши ҳисобига 2023 йилда 700 млрд сўм (қўшимча харажат 40 млрд сўм) аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тўлаб берилади”, – дея маълум қилди ПМТИ раҳбари.

БҲМнинг оширилиши маъмурий жарималар ва давлат божларига қандай таъсир қилади?

Жорий йил 23 мартдаги “Аҳолига маъмурий жарималарни тўлашда қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда соҳада коррупцион омилларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига асосан, 2023 йил 1 майдан бошлаб, фуқароларнинг 372 турдаги ҳуқуқбузарлиги учун жарималар ихтиёрий равишда тўланганда, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига нисбатан 20 фоизга кам тўланади.

Мисол учун, транспорт воситаларини бошқаришда хавфсизлик камаридан фойдаланмаганлик ёки тўхташ чизиғини босганлик учун жарима миқдори 15 кун ичида ихтиёрий равишда тўланганда 105 минг сўмдан 82 минг сўмга туширилди. Бунда, жарималар ихтиёрий равишда тўланганда 30 фоизлик чегирма 50 фоизга оширилган.

Қолаверса, Умид Обидхўжаевнинг қайд этишича, жарима бу солиқ тури эмас, фақат қоидабузарларга тегишли бўлган қонунбузилиши учун тўланадиган тўлов. Қоида бузмаслик ва қонунларга риоя қилиш, жарималар муаммосини истисно қилади.

“Давлат божи тўғрисида”ги қонунига асосан, 2022 йил 7 декабрдан бошлаб (мисол учун “Сobalt”) автотранспорт воситасини бошқа шахсга сотишда нотариал ҳаракатлар ва ички ишлар органида рўйхатга қўйиш учун тўловлар 6,1 млн сўмдан 2,6 млн сўмга ёки 57 фоизга (фуқаро ихтиёрида 3,5 млн сўм қолади) туширилди. Натижада аҳоли ихтиёрида йиллик 83 млрд сўм қолади.

Шунингдек, ушбу қонунга кўра уй-жойларни бошқа шахсга сотишдаги нотариал ҳаракатлар учун тўловлар қатъий миқдорда, яъни Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 300 минг сўм (аввал 900 минг сўмгача), бошқа ҳудудларда 150 минг сўм (аввал 450 минг сўмгача) этиб белгиланди. Бунда, йиллик 322 мингта олди-сотди шартномалари учун аҳоли ихтиёрида 7,5 млрд сўм қолади.

Бундан ташқари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларини тасдиқлаш (йиллик 493 мингта нотариал ҳаракат, иқтисод қилинган маблағ 116 млрд сўм), мол-мулкларни ижарага бериш шартномаларини тасдиқлаш (йиллик 88 мингта нотариал ҳаракат, иқтисод қилинган маблағ 12 млрд сўм) учун нотариус ҳаракатлар учун тўловлар ўртача 2 бараварга туширилди”, – деди Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори.

Унинг қўшимча қилишича, солиқ ставкалари, олий ва ўрта таълим контрактлари, боғчалардаги тўловлар, якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган қатъий белгиланган солиқ, божхона божлари базавий ҳисоблаш миқдорига боғланмаган ва БҲМнинг ошиши уларга таъсир қилмайди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Халқ банкида “Лидер аёллар” дастури доирасида халқаро семинар-тренинглар ўтказилди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан