Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

ҲАМАС: Уруш тўхтаса, гаровдагилар озод бўлади

ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбар ўринбосари Халил ал-Ҳайя «Ал-Жазийра» телеканали орқали қилган чиқишида ҳаракат барча исроиллик асирларни урушни тўхтатиш эвазига озод қилишга тайёр эканини билдирди.

Унга кўра, ҲАМАС ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, асирлар алмашинуви, Ғазодан Исроил армиясини чиқариш, қамални тугатиш ва урушдан кейинги тикланишни ўз ичига олган «кенг қамровли пакет»га рози. Ал-Ҳайя Исроил март ойида янгидан урушни бошлаб, январдаги тўхтамни бузганини таъкидлади.

Унинг сўзларича, Миср ва Қатар воситачилигида Рамазон якунида келишув лойиҳаси таклиф қилинган ва ҲАМАС уни қабул қилган, аммо Исроил унда амалга ошириб бўлмас шартлар, жумладан ҲАМАСни қуролсизлантириш шартини қўйган.

ҲАМАС тўлиқ асирлар алмашинуви бўйича музокараларга тайёрлигини билдирмоқда. АҚШ воситачилигидаги яширин музокаралар мартда босқичма-босқич тўхтаган.

Ғазода ҳалок бўлганлар сони 51 мингдан ошди

Исроил армияси томонидан Ғазо секторига қарши ўтказилган навбатдаги ҳаво ҳужумлари оқибатида 35 фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий тиббий хизматлар маълум қилди.

Ҳужумлар асосан Хон Юнус шаҳри атрофида амалга оширилган бўлиб, жабрланганлар орасида болалар ҳам бор. Яраланган ўнлаб фуқаролар «Наср» касалхонасига етказилган.

2023 йилнинг 7 октябридан буён Исроил армиясининг Ғазо секторидаги ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 51 минг 201 нафарга етди. Бу ҳақда Ғазо секторидаги Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Биргина сўнгги сутка ичида 43 фаластинлик ҳалок бўлиб, 145 киши яраланган. 7 октябрдан бери яраланганлар сони 116 минг 826 нафарга етган. Айни дамда минглаб қурбонлар танаси ҳамон вайрон бўлган бинолар остида қолмоқда.

Жорий ҳужумлар 19 январдаги оташкесим келишуви бузилгандан сўнг янада кучайди. Биргина 18 мартдан буён 1827 киши ҳалок бўлган, 4828 киши жароҳатланган.

Ҳар куни кузатилаётган бомбардимон ва ҳужумлар, асосан, фуқаролар яшайдиган ҳудудларни қамраб олмоқда. Жаҳон ҳамжамияти томонидан огоҳлантиришлар бўлганига қарамай, Ғазодаги ҳалокатли ҳужумлар давом этмоқда.