Иқтисодиёт | 00:23 / 17.02.2025
18999
2 дақиқада ўқилади

Март ва августдан ойликлар ва пенсиялар ошиши ҳақидаги миш-миш рад этилди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг оширилишига оид тарқалаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Вазирлик фуқароларни ишончли манбаларга таянишга чақирди.

Foto: Kun.uz

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг ошиши ҳақида тарқалаётган хабарларга муносабат билдирди.

«Айни пайтда ижтимоий тармоқларда иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг 2025 йил 1 мартдан ва 1 августдан 10 фоизга оширилиши тўғрисида хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қиламиз», — дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, иш ҳақи ва пенсиялар бўйича ҳар қандай расмий маълумотлар тегишли давлат органларининг расмий манбалари орқали эълон қилинади.

Вазирлик фуқароларни ишончли манбаларга таянишга ва текширилмаган хабарларни тарқатмасликка чақирди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда охирги марта 2024 йил сентябрда пенсиялар ва нафақалар 15 фоизга оширилган эди. Шунингдек, 1 октябрдан эътиборан буджет ташкилотлари ходимларининг маоши 10 фоизга, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг маоши эса 15 фоизга кўтарилган.

2024 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар миқдори:

  • пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 428 000 сўм;
  • ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 834 000 сўм;
  • ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори – ойига 920 000 сўм этиб белгиланган.

Мавзуга оид