АҚШ ва Хитой ўртасидаги божхона уруши: ким ютади?
АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши «америкача аттракционлар» каби тебранишда давом этмоқда — у ҳозир авж палласига чиққан.

Фото: depositphotos / deagreez1
Украинанинг Туркия ва Япониядаги собиқ элчиси, дипломат ва иқтисодчи Сергий Корсунский АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши ҳақида ўз таҳлилини баён қилди.
Ҳар бир янги бож ставкаси оширилиши ёки бекор қилиниши билан қайси бож қайси маҳсулотга қўлланаётганини англаш янада мушкуллашмоқда. Бироқ, Amazon Хитойда ишлаб чиқарилган товарларга бўлган кўпгина буюртмаларни бекор қилмоқда, чунки уларнинг нархи мижозларни энди қониқтирмаяпти. Бир неча ўн йиллардан бери давом этаётган геосиёсий тўқнашув ҳозирда божхона урушининг қизғин (ҳозирча, фақат иқтисодий) босқичига кирди.
АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсетт ўзининг яқинда берган интервюсида шундай деган эди: «Хитойнинг ҳипертовушли ракеталари АҚШ авиаташувчи кемасини 20 дақиқада йўқ қилишга қодир. Хитой АҚШни йўқ қилиш учун махсус тайёрланаётган армия шакллантирмоқда. Пентагонда ишлаб чиқилаётган ҳар қандай ҳарбий сценарийда АҚШ Хитойга ютқазмоқда».
Шундан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, божхона уруши бу – ҳозирча ҳақиқий қайноқ тўқнашувдан қочишнинг бир шакли. Доналд Трамп мудофаа харажатларини 1 трлн долларгача оширишга ваъда берди. Бу тахминан 140 млрд долларга ошишни англатади. Унда нега бунинг бадалини Хитой тўламаслиги керак?
Сўнгги 20 йил ичида дунё геосиёсий нашрларида қайси мавзу устун бўлганини сунъий интеллектнинг қидирув алгоритмлари аниқ кўрсатмоқда, бу – Хитой қудратининг ошиши ва Хитой билан АҚШ ўртасидаги қарама-қаршиликдир. Бу икки глобал куч ўртасидаги муносабатлар кескинлашмаслиги мумкин эмас эди.
American Enterprise Institute таҳлилчилари бир пайтлар ҳисоблаб чиққандек, фақат АҚШ томонидан Хитой саноатига йўналтирилган инвестициялар миқдори тахминан 1 трлн долларни ташкил этган. Бу «ўғит» орқали Хитой саноати мислсиз тезликда ўсди. Хитой демократия сари юз тутади, деган асоссиз ғоялар нотўғри экани аён бўлди. Бу ҳолда Уинстон Чёрчиллга тегишли (ва яна бир бор қайтарилаётган) машҳур ибора эсга тушади: «Америкаликлар барча нотўғри вариантларни синаб кўргандан сўнггина тўғрисини танлайди».
Геосиёсий тўқнашувнинг айрим бевосита иштирокчилари томонидан берилган фикрлар жуда қизиқ. Шунга қарамасдан бу шахслар Тинч океанининг ҳар икки соҳилида бизнес юритишга улгуришмоқда.
Масалан, Apple компанияси раҳбари Тим Кук ноодатий қобилияти — Доналд Трамп ҳамда Си Жинпингни бир вақтда қўллаб-қувватлаши билан машҳур. Божхона урушининг авж олиши ортидан у АҚШ компанияларининг технологик даврда ўз ишлаб чиқаришини Хитойга кўчириши иқтисодий жиҳатдан асосли қарор бўлганини тан олди. Бу қарор кенг тарқалган стереотипга зид равишда, арзон ишчи кучи эмас, балки икки муҳим омил — ишчи кучининг малакаси ва муайян ҳудудларда жойлашганлиги сабабли қабул қилинган. Ушбу ҳудудларда Apple’нинг етказиб берувчилари ўз корхоналарини жойлаштирган.
Тим Кук Америка телевидениесида бўлиб ўтган очиқ муҳокама чоғида «Mac» ва «iPhone»ларни ишлаб чиқариш юқори сифатли сезгир компонентлар билан юпқаликни талаб қилишини таъкидлаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс «хитойлик деҳқонлар» деб менсимаган ишчи кучи аслида бундай мураккаб ишларни бажаришда энг яхши ҳисобланади.
Ўз навбатида, Alibaba Group компанияси асосчиси ва кузатув кенгаши раиси Жек Ма АҚШ ва Хитой иқтисодиётларини ривожлантиришдаги ёндашувлар фарқини жуда оддий тилда изоҳлаб берди.
Унга кўра, АҚШда бўш маблағлар Уолл-стритга йўналтирилади ва акциялар, қарз мажбуриятлари ҳамда бошқа молиявий инструментлар билан спекулятив операциялар амалга оширилади. Хитойда эса бундай ҳолат кузатилмайди. У ерда давлат сиёсати ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва иш ўринлари яратишга қаратилган.
Қарийб шунга ўхшаш нуқтайи назарни АҚШнинг собиқ молия вазири Лоуренс Саммерс ҳам билдирган. У АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо муносабатларини шундай ифодалаган: АҚШ ўз пул фабрикаларида чоп этилган, фақат хазина векселлари билан кафолатланган қоғозларни Хитойда ишлаб чиқарилган ҳақиқий товарларга алмаштирмоқда. Шу сабабли, Саммерсга кўра, ҳозирги маъмурият бу жараёнга халақит бермаслиги, балки унинг давом этаётганидан миннатдор бўлиши керак.
Аслида, бу долларни реал товар билан таъминлашнинг ўзи ҳисобланади — долларни савдо операцияларида қўллаш тўхтатиладиган бўлса, у дарҳол қадрсизланади. Доллар аллақачон халқаро савдо ва молия тизимларидаги устунлигининг бир қисмини йўқотмоқда. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2023 йилда долларнинг дунё бўйлаб валюта захираларидаги улуши 58 фоизгача пасайган, 20 йилгина аввал бу улуш 70 фоиздан юқори бўлган.
Бож урушидан келиб чиққан соф иқтисодий муаммолар рўйхати катта бўлишига қарамасдан, бир нарсани тан олиш лозим: замонавий технологик даврдаги саноат корхоналарини самарали ишлатиш учун зарур шарт-шароитлар бўлмаган жойда, инвесторларни АҚШда ишлаб чиқаришга мажбуран кўчиришнинг иложи йўқ.
Масалан, Аризонада қурилаётган янги TSMC чип заводлари ишчи кучи масаласида, хусусан, Тайван менежерлари ва америкалик ишчилар ўртасидаги маданиятлар тўқнашуви туфайли жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Тайванлик сармоядорлар муҳим деб ҳисобланаётган бу лойиҳани амалга оширишда етарли малакага эга ишчи кучи билан таъминлаш ва бошқаришда қатор муаммоларни бошдан кечиришди.
Божлар давлат томонидан жамғарилса-да, уни аслида компаниялар ва истеъмолчилар тўлайди. Эртами кечми, солиқ тўловчилар бундай сиёсат ортида савдо дефицитини бартараф этиш ёки иш ўринлари яратиш мақсадлари эмас, балки хусусий ҳамёнлардан давлат хазинасига пул тўлаш турганини англаб етишади.
Бу эса, эҳтимол, янги сиёсий можарони келтириб чиқаради, айниқса, икки гигант иқтисодиёт иштирок этаётган бир пайтда, у геосиёсий инқирозга айланиши ҳам мумкин.
Ўринли савол туғилади: бундай шароитда ким мустаҳкамроқ тура олади — демократия, олигархия ва нарциссизм элементларини ўзида мужассам этган капиталистик иқтисодми ёки кучли идеологик таъсир ва қаттиққўл бошқарув тизимига асосланган коммунистик-автократик режимми?
Ҳар қандай давлат ўз солиқ йиғиш ҳуқуқини нафaқат ҳимоя қилиши, балки кенгайтириши учун ҳам кучли бўлиши керак. Лекин давлат муассасаларини тушунмайдиган, танқид қиладиган ва уларни бузишга ҳаракат қиладиган, давлат бошқаруви жараёнларини ҳеч ким томонидан сайланмаган, қонунан ёки конституциявий асосга эга бўлмаган саводсизларга топширишга уринадиган раҳбарлар бошқараётган давлатни кучли деб бўладими?
Бугунги Хитой ташқи босимларга қаршилик кўрсатишда стратегик захирага эга. У ердаги иқтисодий муаммоларни яшириб бўлмаса-да, бу Коммунистик партиянинг АҚШнинг бож сиёсатларига қарши чоралар режаси йўқлигини англатмайди. Энг аниқ қадамлардан бири — истеъмол жамиятини ривожлантириш орқали ички бозорга йўналишни кучайтиришдир.
Жумладан, Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси маълум қилишича, Шанхай, Пекин, Гуангжоу, Тианжин ва Чонцинг шаҳарлари глобал даражадаги истеъмол марказларига айлантирилади. Бундан ташқари, Хитой асосий савдо ҳамкорлари билан дипломатик алоқаларни фаоллаштирмоқда ва бож босимига қарши биргаликда ечим топишни таклиф этмоқда. Европа Иттифоқи аллақачон бу йил июлда Пекинда ЕИ–Хитой саммити ўтказишга рози бўлган. Илгарироқ Си Жинпинг Брюсселда ўтадиган юбилей саммитида иштирок этишдан бош тортган эди, аммо энди у ЕИ етакчиларини Хитойга таклиф қилди ва улар келишга рози бўлишди. Яъни вазият кескин ўзгарди.
Япониялик таҳлилчиларнинг фикрича, ҳозир АҚШ фақатгина Россияга эмас, Хитойга ҳам ютқазмоқда. Бу ҳолат Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва Владимир Путин ўртасидаги сўнгги «музокаралар»дан ҳам яққол кўринмоқда.
Бундан ташқари, Хитойнинг таъсир доираси Панама каналигина эмас, Исроилдаги стратегик Ҳайфа портига ҳам етиб келган. У ердаги бошқарув SIPG компаниясига тегишли бўлиб, у тўлиқ Хитой ҳукуматига қарашли. Сўнгги йилларда ушбу порт Исроилдаги денгиз юк ташиш бозорининг 88 фоизини эгаллади ва Хитой бу ҳудуддаги инфратузилмани янада кенгайтиришни режалаштирмоқда. АҚШ дипломатиясининг заифлиги ва иқтисодий воқеликларни тан олмаслиги АҚШдан боғлиқ мамлакатларни муқобил қидиришга ундайди.
Оқ уйда шундай фикр борки, Хитойда ишлаб чиқарилган товарларга жорий этилган божларни, ҳатто уларни АҚШ компаниялари учун ишлаб чиқарган бўлса ҳам, айнан Хитой тўлайди. Лекин бу нотўғри. Чунки бу маҳсулотларнинг эгаси — айнан Америка компаниялари. Трампнинг биринчи президентлик муддати ва Жо Байден даврида АҚШ ва Хитой ўртасида бир неча бор музокаралар бўлиб ўтган ва келишувга эришилган.
Хитой ҳатто АҚШ маҳсулотлари, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини оширишга ҳам рози бўлган. Лекин ҳозирги кунда бу келишувлар тарихга айланди. Энди эса АҚШ бозорида «Made in USA» тамғаси туширилган тайёр маҳсулотни топишнинг ўзи қийинлашган. АҚШ компанияларининг кўпчилиги Хитойга бошқа Осиё мамлакатларида ишлаб чиқарилган, ҳатто айрим қисмлари Хитойда ишлаб чиқарилган товарларни етказиб беради. Глобал бозор шундай ишлайди.
Шу билан бирга, Трамп маъмурияти ўша бозорни издан чиқаришда давом этмоқда. Якшанба кунига қадар смартфонлар, компютерлар ва бошқа электроника учун жорий этилган божлар амалда эди, аммо шу куни Трамп уларни бекор қилди. Яримўтказгичлар, қуёш панеллари, текис экранли телевизор дисплейлари, флэш-хотиралар, маълумот сақлашга хизмат қилувчи хотира карталари каби 20 турдаги маҳсулот 125 фоизлик бождан ҳам, бошқа мамлакатлар импорти учун белгиланган 10 фоизлик асосий тарифдан ҳам озод қилингани айтилмоқда. Apple ўз улушини олди. Эндиликда навбат Tesla компаниясига.
Тавсия этамиз
Ҳиндистон ва Покистон: кимнинг армияси кучлироқ?
Жаҳон | 19:21 / 09.05.2025
Мафкуралар кураши: 9 май аслида қандай кун?
Ўзбекистон | 14:22 / 09.05.2025
Қатиқ, мураббо ва ядро қуроли. Путин янги филмда нималар деди?
Жаҳон | 21:59 / 06.05.2025
Автомобил импортига экосертификат – утилизацияга қўшимча “бонус”ми?
Ўзбекистон | 20:34 / 06.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Кашмирда сулҳ эълон қилинганидан кейин портлашлар содир бўлди
Жаҳон | 23:37 / 10.05.2025
-
АҚШда она ва ўғил бир вақтда университетни тамомлади
Жаҳон | 23:18 / 10.05.2025
-
Украина музокарага тайёрлигини айтди, Россия ўйлаб кўришини маълум қилди
Жаҳон | 22:28 / 10.05.2025
-
Бекобод шаҳрида Damas пиёдани босиб кетди
Жамият | 22:20 / 10.05.2025
Мавзуга оид

23:18 / 10.05.2025
АҚШда она ва ўғил бир вақтда университетни тамомлади

22:28 / 10.05.2025
Украина музокарага тайёрлигини айтди, Россия ўйлаб кўришини маълум қилди

20:58 / 10.05.2025
Келлог 30 кунлик оташкесимдан кейин Украина можаросига барҳам берилишини айтди

17:43 / 10.05.2025