Жамият | 11:22 / 11.09.2025
4680
6 дақиқада ўқилади

Чилонзорда минорали кран қулади: хавфсизлик ва одамлар тақдири охирги ўриндами?

Туманнинг Тирсакобод маҳалласидаги қурилиш объектида минорали кран қулаши оқибатида 1 киши вафот этди. Маҳаллий аҳоли ўлганлар кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, Тирсакобод маҳалласидаги қурилиш объектида олдин ҳам бахтсиз ҳодисалар юз берган. Одамлар бу қурилиш жараёнларидан, хусусан, минорали кранлар уларнинг уйлари яқинида тикланаётганидан норози.  

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Чилонзор тумани Тирсакобод маҳалласида “Omega agro stroy” МЧЖ қураётган турар жой мажмуасида минорали кран қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлгани маълум қилинди. Kun.uz мухбири воқеа тафсилотларини ўрганиш учун манзилга борди.

Гувоҳларнинг айтишича, 25 ёшли йигитдан ташқари тез ёрдам машинаси олиб кетган бошқа бир фуқаро ҳам вафот этган бўлиши мумкин.

Бир киши шу ерда ўлди, бошқаси бошидан оғир жароҳат олди, яна бири эса енгилроқ жароҳатланди. Краннинг оғирлигини қаранг, ағдарилганда сув ўтадиган қувурни тешиб юборган. Эрталабдан бери хўжайинларнинг биттаси ҳам келгани йўқ. Менинг фикримча, кранни ҳар доим кўча томонга эмас, уйнинг орқа томонига қўйиш керак. Умумий ҳисобласангиз, шу пайтгача 4 ёки 5 нафар киши ҳалок бўлди”, дейди фуқаролардан бири.

Маҳаллада яшовчи яна бир фуқарога кўра, шифохонага олиб кетилган фуқаро ҳам йўлда жон берган. 

Краннинг тагида яшаймиз. У носозмасми, умуман техника хавфсизлик қоидаларига жавоб берадими-йўқми, билмаймиз. Бу тағин ҳам 6-қаватда бўлган, ҳозиргиси эса 14-қаватини қиляпти. Бошида бизга 50 метр узоқликда 4 қават бўлади деб айтишган. Ҳозир бу ерда 50 метр ҳам чиқмайди. 16 қават қуришяпти. Ҳеч бўлмаса кранини биздан узоқроқ томонга олиб ўтсин. Бизнинг ҳам уйда болалар бор, ҳар куни мактаб ўқувчилари ўтади”, дейди уйи қурилиш объектига яқин аёл.

Унинг қўшимча қилишича, қурилиш ишлари давомида юзага келадиган чанг ҳам аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Олдин бу ерлар ҳарбий қисм бўлган, дарахтзор эди. Тоза ҳаво келиб турарди. Ҳозир тинчимиз бузилган. Мана, тепамизда кран айланади. Таҳликада яшаяпмиз. Шу воқеадан кейин уй сотиб олганлар келиб, “отмен” қилиб кетишди”, дейди аёл.

Маҳаллада яшовчилар тун-у кун қурилиш ишлари олиб борилаётганидан ҳам норози эканликларини билдиришди. 

Булар 16 қаватли қурамиз деб айтишмаган. Маҳалланинг йиғилишида 5 қават дейишган. Одамлар қўл қўйган дейди, масалан, менинг оилам қўл қўймаган. Лекин биз шу қурилишни қилишаётганидан норозимиз. Жуда бўлмаганда 9 қават қилганда ҳам бўларди. Ҳаво йўқ. Соат 22:00дан кейин ишламасин. Булар кечаси билан ишлайди”, дейди суҳбатдош.

Маҳалла вакиллари ушбу қурилиш объектида олдин ҳам бахтсиз ҳодисалар бўлганини айтмоқда. 

Кўзимиз билан кўрмадигу, ёш-ёш йигитлар ҳалокатга учраб, жон берганини эшитдик. Мана шу “мойка”да ҳам, одамни ток уриб кетган. Маҳалламизда нотинчлик, мана шу “забор”га яқин қилиб қуриляпти. Маҳалладан рухсат олинмаган. Буни маҳалла раиис ҳал қилгандир балки. «Дом»ларнинг ичида (қурилиш объектида) итлар кўпайиб кетган, одамларга ташланяпти. Кран мана шундай турибди, кўчада одамлар, машиналар юрибди. Мумкинми шунақа ишлаш? Бу ерда техника хавфсизлик қоидаларига амал қилинаётганини кўраётганимиз йўқ. Ўшанинг учун ҳам одамлар ўляпти. Бу қон билан қурилаётган дом”, дейди маҳалла фаоли.

Унинг таъкидлашича, ҳодиса юз бермасидан 10 сония олдин она-бола кўчадан ўтиб кетган.

Ҳолат юзасидан буюртмачи “BM group construction” МЧЖ раҳбари Дилшод Комилов билан боғландик.

Биз қурувчи компаниямиз, минорали кранларни монтаж қилишга лицензиямиз йўқ. У 3-ташкилотнинг вазифаси. Бу иш билан ИИО ходимлари шуғулланяпти. Хулосани улар беради”, дейди у.

Шунингдек, Дилшод Комилов айнан уларнинг қурилиш объектида олдин бу каби бахтсиз ҳодиса ва ўлим бўлмаганини, одамларнинг уйига яқин жойлашган кранлар жойи алмаштирилишини, мутахассислар ўрганиб хулосасини беришини маълум қилди. У кранни монтаж қилувчи ташкилот номини очиқламади ҳамда ҳодисада неча киши вафот этгани ҳақидаги саволни жавобсиз қолдирди.

Ҳозирда минорали кран қулаган объектда қурилиш ишлари тўхтатилган. 

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 8 сентябр куни Чилонзордаги қурилиш объектида минорали краннинг қулаб тушган ва бунинг оқибатида 1 киши вафот этганди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилганини билдирган.

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига кўра, монтаж ишлари олиб борилаётганда краннинг таянч оёқларини асосга ўрнатиб ушлаб турувчи қисми мустаҳкам қотирилмаган. Шу сабабли краннинг кейинги қисмини қўйиш учун ҳаракатланиш даврида кран бир томонга оғиб кетган ва унинг асосга қотирилмаган 2 та оёғи кўтарилиб кетиши оқибатида ерга қулаган. 

Мавзуга оид