Жамият | 22:00 / 18.10.2025
5618
4 дақиқада ўқилади

Қуёшли болалар учун янги имконият: Тошкентда “Табассум” устахонаси очилди

Мазкур устахона ақлий ривожланишда тенгдошларидан ортда қолаётган ўсмирларнинг ҳунар ўрганиши, ижод қилиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишига ёрдам беради. Бу ерда болалар ўз қўллари билан маҳсулотлар яратади, жамоат тадбирларида қатнашади ҳамда келажакда меҳнат бозорига кириб бориш учун зарур амалий кўникмаларни эгаллайди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Пойтахтдаги Катта Чилонзор маҳалласида жойлашган хонадонлардан бирида “Табассум” инклюзив устахонаси ўз фаолиятини бошлади.

“Қуёшли олам” нодавлат-нотижорат ташкилоти ташаббуси ва UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида амалга оширилган мазкур лойиҳа ақлий ривожланишда нуқсони мавжуд бўлган ўсмирларнинг ҳунар ўрганиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишига ёрдам бериш учун мўлжалланган.

Лойиҳа доирасида аутизмга чалинган, Даун синдроми бор болаларга кулолчилик, тикувчилик, шам ва совун тайёрлаш каби ҳунарлар ўргатилади. Устахона сиғими жами 20 кишига мўлжалланган бўлиб, унда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг 3 нафар профессионал мутахассиси дарс беради. 2 нафар кўнгилли ёшлар тренер сифатида болаларнинг ижодий кўникмаларини ривожлантиришга ёрдамлашади.

Устахонада кун давомида, одатда, етти-саккиз нафар ўқувчи билан ишланади. Аслида хона йигирма ўқувчи учун мўлжалланган, бироқ болаларнинг бошқа машғулотлари, тўгараклари борлиги туфайли ҳаммаси бир вақтда қатнаша олмайди. Шу сабабли, баъзи ўқувчилар кунора келишади, аммо ўн нафардан ортиқ бола ҳар куни мунтазам равишда дарсларда иштирок этади. Ўқувчилар лой билан ишлаш, шакл бериш, безаклар яратиш, пишириш жараёнларини амалда бажаради. Кулолчилик дарслари уларнинг диққатини ва эстетик дидини ривожлантиради. Шу билан бирга, устахонада тикиш дарслари ҳам ташкил этилган: болалар матолар билан ишлаш, тикув машинасидан фойдаланиш ва мустақил маҳсулот тайёрлашни ўрганади”, – дейди ўқитувчилардан бири Зиёдахон.

Маълум қилинишича, устахонада болалар ўз қўллари билан маҳсулотлар яратишдан ташқари, жамоат тадбирларида қатнашиш ҳамда келажакда меҳнат бозорига кириб бориш учун зарур амалий кўникмаларга эга бўлишади.

“Илгари кўпчилик бундай болаларни ҳимоя қиламан деб, аслида жамиятдан ажратиб қўярди. Биз эса аксинча, уларни ҳаётга тайёрлаяпмиз. “Табассум” оддий устахона эмас, бу жой қарашларни ўзгартирадиган мактабдир. Ҳар бир бола ўз қобилиятини кўрсатиш имконига эга бўлиши керак”, – дейди “Қуёшли олам” нодавлат-нотижорат ташкилоти раҳбари Шаҳноза Икрамова.

Устахонада ташкил этилган машғулотлар, мутахассислар билан амалий дарслар ва психологик қўллаб-қувватлаш дастурлари ота-оналарга ҳам ўз фарзандларининг ички кучини кўра олиш, уларни қўллаб-қувватлашни пухтароқ ўрганиш имконини беради.

Фарзандини ушбу лойиҳага олиб келган оналарнинг фикрича, ҳунармандчилик тўгараклари болаларда ижобий ўзгаришларни юзага келтирган. Хусусан, уларда нутқ яхшиланиши, моторика ривожланиши каби ҳолатлар кузатилган.

“Бизнинг болаларда, айниқса, Даун синдроми билан туғилганларда нутққа боғлиқ қийинчиликлар кўп учрайди. Айнан шу тўгарак туфайли фарзандимда майда моторика яхшиланди, талаффузида сезиларли ўзгаришлар бўлди. Энди ўғлим гапларини бемалол туза оляпти. Айнан қўл меҳнати болалар учун энг зарур машғулотлардан бири эканини англадим. Уларнинг бир ҳунарни эгаллаб вояга етиши она сифатида мени қувонтиради”, – дейди Дилдора Шарипова.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, устахона ўқувчилар томонидан тайёрлаган маҳсулотлар энди фақат кўргазмалардангина ўрин олмайди, уларнинг сотуви ҳам йўлга қўйилади.

Мавзуга оид