Ўзбекистон | 18:49 / 18.01.2019
18439
3 дақиқада ўқилади

​Ўзбекистонда ишламаётган Facebook маъмурияти билан алоқа ўрнатилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлиги Facebook маъмурияти билан алоқа ўрнатишда ёрдам сўраб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилган. Бу ҳақда Kun.uz мухбири ўз манбаларига таянган ҳолда хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, 2018 йил декабрь ойида тегишли мазмундаги хат Ташқи ишлар вазирлигига юборилган. 

«Ушбу масала юзасидан мамлакатнинг чет элдаги элчихоналари орқали кўмак кўрсатилмоқда», – дейди ахборот манбаси. 

Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлиги вакили эса айни пайтда йирик ижтимоий тармоқлар – Facebook ва Youtube видеохостингига киришда ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини билдирган. Унинг айтишича, тармоқ маъмурияти билан музокаралар олиб борилмоқда. 

15 январь кунининг биринчи ярмида Ўзбекистонда интернет узилишлар билан ишлади, унинг тезлиги сезиларли даражада тушиб кетди. Маҳаллий интернет-провайдерлари, жумладан Turon Telecom, TPS ва EVO томонидан бу муаммолар «Ўзбектелеком» олиб бораётган техник ишлар билан боғлиқлигини маълум қилди

Шу билан биргаликда, куннинг иккинчи ярмида интернет билан боғлиқ муаммолар барҳам топиб, Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари Facebook ижтимоий тармоғи ва YouTube сайтига муаммосиз, ҳеч қандай воситаларсиз, тўғридан-тўғри киришни бошлашди.

Шунингдек, энди BBC Uzbek, «Озодлик», «Фергана.ру» ва «Америка Овози» каби сайтларга киришда ҳам аввалгидек VPN’га ҳожат бўлмаяпти. Шундан сўнг, яна вазият эски ҳолатига қайтди ва барча «тўсиқлар» қайтадан пайдо бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2018 йилнинг сентябрь ойи бошида Facebook’дан фойдаланишда муаммолар юзага келганди, октябрь ойидан эса YouTube порталига ҳам ёрдамчи воситаларсиз кириб бўлмай қолганди.

Мобил интернет тезлиги жиҳатидан Ўзбекистон учта позицияга тушиб кетди ва бугунги кунда 125 поғонадан 111-ўринни эгаллаб турибди (тезлик - 9,97 Мбит/с).

Мавзуга оид