Ўзбекистон | 19:19 / 17.11.2021
1244
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда солиқ тўламай юрган 344 нафар шахснинг мулклари МИБ томонидан хатлангани маълум қилинди

Қашқадарёда 2 кунда солиқ тўламай юрган 344 нафар шахснинг мулклари хатланган. Бу ҳақда Kun.uz’га Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, МИБ органлари иш юритувидаги ҳужжатларнинг салмоқли қисмини солиқ ундирувлари билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ташкил этади. Жумладан, МИБ Қашқадарё вилоят бошқармаси органлари томонидан олиб борилаётган ижро ҳаракатлари натижасида ўтган 10 ой мобайнида 6 285 та ижро ҳужжати юзасидан 523 миллиард 614,5 миллион сўмлик қарздорликларни амалда ундиришга эришилган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 15–16 ноябр кунлари МИБ Қашқадарё вилоят бошқармаси ходимлари томонидан солиқ ундирувлари бўйича 461 та ижро ҳужжати юзасидан 5 миллиард 996,9 миллион сўмлик ижро ҳужжатлари тамомланган. 91 миллиард 423,6 миллион сўмлик ижро ҳужжатлари юзасидан 344 нафар қарздорларга тегишли бўлган мол-мулклар хатланган.

Шундан энг катта қарздорлик Косон туманига тўғри келган ва бу туманда 11 қарздорнинг 107 та ижро ҳужжатига асосан 25 миллиард 433 миллион сўмлик қарз бўйича мол-мулклари хатланган. Шунингдек, Қарши шаҳрида 51 нафар қарздорнинг 278 та ижро ҳужжатига асосан 21 миллиард 990,9 миллион сўмлик қарзлар бўйича мол-мулклари хатланган.

Қайд этилишича, қарздорлар қарз 5 кунлик ихтиёрий муддат ичида тўлаб бермаса, хатланган мол-мулкларни реализация қилиш чоралари кўрилиши ҳақида огоҳлантирилган. Ҳозирги пайтда мулкларни баҳолатиш ишлари олиб борилмоқда.

МИБ вилоят бошқармаси маълумотларига кўра солиқдан бўлган қарздорликни ўз вақтида тўламаган шахсларнинг аксариятини тадбиркорлар ва фермерлар ташкил этади. Шунингдек, жисмоний шахслар ҳам бор.

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид