Ўзбекистон | 23:13 / 08.10.2024
8010
4 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги қуёш панеллари бўйича мурожаатларни қабул қиладиган телефон рақамлари сонини оширди

7 октябр куни кечаси соат 23:00 дан 8 октябр соат эрталабки 08:00 га қадар аҳолидан Энергетика вазири қабулхонасидаги телефон рақамига 173 та қўнғироқ бўлган ва уларнинг биронтасига жавоб берилмаган.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Энергетика вазирлигида қуёш панеллари бўйича мурожаатларни қабул қилиш учун мўлжалланган телефон рақамлари сони оширилди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Ижтимоий тармоқларда энергетика вазири қабулхонасидаги +99871-231-14-41 рақамига қўнғироқ қилиб, боғлана олмаган фуқароларнинг эътирози тарқалди. Вазирликнинг маълум қилишича, 7 октябрь куннинг иккинчи қисмидан бошлаб, 8 октябр соат 20:30 га қадар вазирлик қабулхонасига жами 1232 та қўнғироқ бўлган.

Уларнинг 131 тасига қабулхона ходимлари ҳамда вазирлик ахборот хизмати томонидан қабул қилиниб, жавоб берилган. Битта қўнғироққа ўртача 3 дақиқадан 6 дақиқагача вақт сарфланган. Мазкур вақт оралиғида қабулхонага яна 4-8 та атрофида қўнғироқ бўлиб турган. Қабулхонада бир киши телефонга жавоб берганлиги сабабли уларни қабул қилишнинг имкони бўлмаган.

Қабул қилинган қўнғироқларнинг 54 таси қуёш панелларини ўрнатишга давлат томонидан қандай имтиёзлар берилиши, 28 таси маҳалласидаги электр таянч устунини янгилаш, 31 та қўнғироқ қуёш панели ўрнатишга мажбурланаётганини айтган фуқаролардан тушган бўлиб, уларнинг 14 таси бу ҳодиса бир неча кун аввал бўлганини билдирган.

«Уларнинг 6 нафари Энергетика вазирлигининг «Қуёш панелига мажбурлаш йўқ» номли материалини асос қилиб келтирган ҳолда, бугунги кунда электр энергиясини ёқтириб олишганини маълум қилган, 8 нафар мурожаатчи эса қуёш панели қўйганини, бугунги кунда электр энергияси мавжудлигини, аммо бунга мажбурланганидан норози эканини айтган. Шу билан бирга, ўрнатилган қуёш панели фойдали эканини ҳис қилганликларини ҳам билдириб ўтишган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, фақат 17 та қўнғироқ эгасигина бугунги кунда бу борада реал муаммога эга эканлигини маълум қилган. «Вазирлик ходимлари уларнинг мурожаатларини ўрганиб, қуёш панели ўрнатмагани учун электр энергиясидан узиб қўйилган тадбиркорларнинг электр энергиясини улатиб берди», — дея қайд этилади хабарда.

Шунингдек, икки кун мобайнида Тошкент шаҳрининг Сергели, Яшнобод, Юнусобод ҳамда Бектемир туманлари, Сирдарё вилоятининг Боёвут, Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Фарғона вилоятининг Бувайда, Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманларидаги бир қатор тадбиркорлар электр энергиясига қайта уланган.

Энергетика вазирлигига кўра, 7 октябр куни кечаси соат 23:00 дан 8 октябр соат эрталабки 08:00 га қадар аҳолидан қабулхонадаги телефон рақамига 173 та қўнғироқ бўлган ва уларнинг биронтасига жавоб берилмаган.

«Биз юртдошларимиздан ўтган икки кун мобайнида қабулхонага жуда кўп телефон бўлганини, битта рақам бунча мурожаатни қабул қилишда қийинчиликка дуч келиши табиий эканлигини, бу вақт мобайнида барча қўнғироқни қабул қилишга имконият етмаслигини тўғри тушунишларини сўраймиз», — дейилади хабарда.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, 9 октябрдан бошлаб мурожаатлар нафақат бу рақам орқали, балки +99871-231-16-61 (ички 7046, 7037 ва 7057) рақамлари орқали ҳам қабул қилинади.

Kun.uz аввалроқ Олтинкўл туманида қуёш панели ўрнатмаган тадбиркорлик субъектлари ёппасига электрдан узилгани ҳақида ёзганди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга кўра, Намангандаги туманларнинг бирида метан-шохобча қуёш панели ўрнатмагани учун газдан узилган, натижада бошқа шохобчада турнақатор навбатлар юзага келган.

Бунга жавобан, Энергетика вазирлиги қуёш панелларини ўрнатишга мажбурлаш ҳолатларини қоралаб чиқди. Вазирлик бундай мажбурлаш қонунчиликка зид эканини эслатган, лекин бунақа ҳолатлар бўлаётганини на тасдиқлаган, на рад этган. Ваҳоланки, тадбиркорларни светдан узиб қўяётган ташкилотлар – ҲЭТКлар тўғридан тўғри вазирлик тизимига киради.

Мавзуга оид