Ўзбекистон | 12:06 / 26.11.2025
4470
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда АЭС қурилиши лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказилади

23 декабр, сешанба куни соат 11:00 да Фориш тумани Боғдон аҳоли пунктида жойлашган 30-сон Маданият марказида АЭС лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказилади. Бу ҳақда "Ўзатом" агентлиги маълум қилди.

Агентликка кўра, жамоатчилик эшитувлари атом электр қурилиши лойиҳаси, унинг техник кўрсаткичлари, хавфсизлик тизими, иқтисодий ва ижтимоий аҳамияти юзасидан аҳолини хабардор қилиш, фикр ва таклифларни ўрганишга қаратилган.

Лойиҳанинг асосий техник кўрсаткичлари қуйидагича:

  • умумий қуввати — 2110 МВт;
  • йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш — 16–17 млрд кВт·соат;
  • Ўзбекистоннинг энергия балансидаги улуши — 12–15 фоиз;
  • эксплуатация муддати — 60 йил.

Лойиҳа доирасида яратиладиган янги иш ўринлари:

  • қурилиш даврида — 13 000 нафаргача;
  • эксплуатация даврида — 2 000 нафаргача.

Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳасининг бош пудратчиси сифатида «Атомстройэкспорт» АЖ белгиланган. У атом электр станцияларини қуриш бўйича дунёда энг катта экспорт шартномалари портфелига эга «Росатом» давлат корпорациясининг муҳандислик дивизиони ҳисобланади.

Лойиҳа хавфсизлик нуқтаи назаридан атом энергетикаси соҳасида энг илғор технологиялардан бири ҳисобланган ВВEР-1000 ҳамда РИТМ-200Н реакторлари асосида АЭС қуришни назарда тутади.

Жамоатчилик эшитувлари доирасида аҳоли, экспертлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва манфаатдор томонлар иштирок этиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид