Ўзбекистон | 17:20
542
3 дақиқада ўқилади

АЭСда водородли портлашдан ҳимоя қоидалари тасдиқланди

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раисининг 19 март кунги қарори билан, атом электр станциясида водородли портлашдан ҳимояни таъминлаш қоидалари тасдиқланди.

Фото: iStock

Мазкур ҳужжат– Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилиши муносабати билан қабул қилинаётган кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан навбатдагиси.

Ҳужжат қабул қилишдан олдин Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Атом энергияси агентлиги ва Фанлар академияси билан келишилган.

Унда белгиланишича, АЭСни эксплуатация қилувчи ташкилот Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилади ҳамда ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти учун масъул этиб тайинланади.

Эксплуатация қилувчи ташкилот ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини ўз кучлари билан ёки бошқа юридик шахсларни жалб этган ҳолда эксплуатация қилиши мумкин.

Эксплуатация қилувчи ташкилот АЭСда қуйидаги ҳолатларнинг юзага келишига йўл қўймаслиги керак:

  • нормал эксплуатация вақтида герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмдаги тизимлар, элементлар ва хоналарда водород сақловчи портловчи аралашмаларнинг ҳосил бўлиши;
  • лойиҳавий аварияларда герметик тўсиқ билан чегараланган ҳажмдаги хоналарда водород сақловчи аралашмаларнинг детонацияси ва дефлаграцияси;
  • лойиҳадан ташқари аварияларда водород сақловчи аралашмаларнинг детонацияси.

Ҳужжатга кўра, АЭСдаги авариялар икки турга ажратилади:

  • лойиҳавий авариялар — атом электр станцияси лойиҳасида кўзда тутилган бошланғич ҳодисалар натижасида содир бўладиган ҳамда уларнинг оқибатларини чеклаш учун хавфсизлик тизимлари назарда тутилган авариялар;
  • лойиҳадан ташқари авариялар — атом электр станцияси лойиҳасида кўзда тутилмаган сабаблар ёки ҳодисалар кетма-кетлиги натижасида юзага келадиган авариялар.

Лойиҳадан ташқари аварияларда дефлаграцияга* фақат АЭС лойиҳасида белгиланган хавфсизликни таъминловчи тизимлар ўз функцияларини тўлиқ бажариши шарти билан йўл қўйилади.

*Дефлаграция – портлаш бўлиб, у чекланган ҳажмда водород сақловчи аралашмада реакция фронтининг товуш тезлигидан паст тезликда тарқалиши натижасида ўртача босим ҳамда иссиқлик юкламалари юзага келиши билан тавсифланади.

Маълумот учун, АЭС нормал ишлаётганда водород деярли муаммо эмас. Лекин авария ҳолатида реактор жуда қизиб кетади, ёқилғи қопламаси (цирконий) буғ билан реакцияга киришади, натижада водород ажралиб чиқади. Водород жуда енгил, тез тўпланади, ҳаводаги кислород билан аралашса, кичик учқун ҳам портлашни келтириб чиқаради.

2011 йилда кучли зилзила ва цунами натижасида Япониядаги Фукусима АЭСда рўй берган аварияда реактор совутилмай қолган, натижада водород тўпланиб, биноларда кучли портлашлар бўлган. Бу портлашлар ядровий эмас, айнан водород портлаши эди.

  • Аввалроқ, Ўзбекистон ҳукумати Вена конвенциясига қўшилиш орқали, ядровий фалокат рўй берган тақдирда халққа товон тўлаш мажбуриятини олган эди.
  • Куни кеча Жиззахда кам қувватли АЭС қурилишининг бетон қуйиш босқичига ўтилди
Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид