Жаҳон | 11:40 / 17.10.2025
8251
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантлар бўлган автобус ЙТҲга учраб, ағдарилиб кетди

Россиянинг Амур областида ишчиларни олиб кетаётган автобус енгил автомобил билан тўқнашиб, ағдарилиб кетди. Йўловчилар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги айтилмоқда.

Россиянинг Амур областида мигрантларни олиб кетаётган автобус йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитасининг Амур вилояти бўйича бошқармаси хабар берди.

ТАСС хабарига кўра, бахтсиз ҳодиса 16 октябр куни Свободний шаҳри чеккасида содир бўлган. Амур газ-кимё мажмуаси қурилишида иштирок этаётган Туркиянинг Yamata пудратчи компанияси ишчилари бўлган автобус билан Toyota Probox тўқнашиб кетди. Тўқнашувдан кейин автобус йўлдан чиқиб, ағдарилиб кетган

Автобусда Туркия ва Тожикистон, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари бўлгани айтилган.

Жароҳатланган 49 кишидан бири вафот этди, 14 нафари касалхонага ётқизилди, бир нафари оғир аҳволда реанимацияда.

Воқеа юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 238-1-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Миграция агентлиги ушбу автобусда Ўзбекистон фуқаролари бўлмаганини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси томонидан ҳодиса юзасидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилди. 
Расмий маълумотларга кўра, ЙТҲ оқибатида 1 нафар автобус йўловчиси ҳалок бўлган, 14 нафари турли даражада тан жароҳати олган. Ушбу автобусда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаган.

 

 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид