«Болаларни қамоққа ташлашмоқда». Эрдўған Исроилни кескин қоралади
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулдаги мусулмон мамлакатлар етакчиларининг саммитида ал-Қудсни Фаластин пойтахти сифатида тан олишни таклиф қилди ҳамда шаҳарни «мусулмонлар учун қизил чизиқ» деб атади. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Туркия етакчиси Вашингтоннинг Исроил пойтахтидаги элчихонасини ал-Қудсга кўчириш бўйича қарорини кескин қоралади ҳамда Исроилни «террорчи давлат» ва «истилочи» деб атади.
«Исроил террорчи давлат. Террорчи ҳарбийлар болаларни ушлашмоқда ва қамоқхонага ташлашмоқда. Ал-Қудсни босиб олинган Фаластин давлати пойтахти сифатида тан олишга чақираман», - дея маълум қилди Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳам мусулмон мамлакатларга чақириқ билан чиққани хабар берилганди. Эрон парламенти мусулмон мамлакатларни Исроил билан дипломатик алоқаларни узишга ва АҚШ билан иқтисодий муносабатларни минимал даражага қадар камайтиришга чақирган.