Ўзбекистон | 18:47 / 20.06.2023
10761
7 дақиқада ўқилади

Нима учун сиёсий плюрализм шу қадар муҳим?

Сиёсий тизимнинг турли бўғинларида бошқача фикрлаш, ноқулай масалаларни кўтариш ва хатони хато деб ўз фикрини “юқори”га эркин билдириш имконияти бўлиши керак. Ҳокимият ичкарисидаги плюрализм биринчи навбатда олий ҳокимиятнинг ўзи учун фойдали. Хўш, қанақасига?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

“Плюриал” лотин тилидан олинган, “кўплик”, “турфа хиллик” деган маъноларни беради. Плюрализм бир вақтнинг ўзида республикачиликнинг, демократиянинг, ҳуқуқий давлатчиликнинг асосида турадиган тушунчалардан бири ҳисобланади.

Республика – бу ҳалқнинг иродаси дегани. Халқ эса, битта одам эмас, кўпчилик бўлади. Кўпчиликнинг қарашлари, ҳар доим турфа ва зиддиятли бўлади. Агар республикада сиёсий плюрализм бўлмаса, бу нормал ва ҳақиқий республика эмас, дегани.

Демократия – ҳалқнинг сиёсий бошқаруви дегани. Демократияга кўра, халқ ўз хокимиятини битта партия, битта сиёсий қараш, битта сиёсий мафкура асосида амалга ошириши – мумкин бўлмаган нарса. Ҳақиқий демократия – халқда ҳақиқий эркинлик бўлган тизимдир. Халқда эркинлик бўлар экан, унда сиёсий фаоллик бўлади, одамлар ўзлари учун керакли бўлган миқдорда ва даражада, турфа хил сиёсий ташкилотлар тузиб олиб, ўз манфаатлари учун курашади.

Ҳуқуқий давлатда, ҳокимият, одамлар билан фақат ҳуқуқий мезонлар орқали муомалада бўлади. Давлат, ҳокимият фақат ҳуқуқий майдонда, қонунлар доирасида фикрлайди ва ишлайди, шунинг учун ҳам сиёсий плюрализм – инсонларнинг фундаментал ҳуқуқи сифатида кўрилади ва қондирилади.

Ҳуқуқий, демократик давлатларнинг, ҳақиқий республикаларнинг барчасида, қолаверса, конституцион монархияларда ҳам – сиёсий плюрализм мавжуд бўлиши керак. Агар давлатда сиёсий плюрализм бўлмаса, демак бу давлатда республикачиликнинг моҳияти мавжуд эмас ва ушбу давлатлар демократик-ҳуқуқий ҳам эмас. Сиёсий плюрализм бўлмаган давлатларда, жамиятнинг, халқнинг иродасини тийиб турувчи, чеклаб, бостириб турувчи омиллар ёки кучлар бўлади.

Сиёсий плюрализмга кўра, сиёсий майдонда бир-биридан ва ҳокимиятдан мустақил бўлган кўплаб қарашлар, манфаат гуруҳлари, партиялар, сиёсий кучлар бўлиши керак. Акс ҳолда, бу сиёсий тизим яширинча ёки ошкора шаклда, сиёсий монополия қилинган бўлади.

Сиёсий плюрализмнинг функциялари, вазифалари жуда кўп ва қимматли. Қолаверса, сиёсий плюрализмнинг даражалари ҳам ҳар хил бўлиши мумкин. Мисол учун, сиёсий плюрализм юқори бўлса – парламент ва сиёсий тизим турфа қарашдаги мустақил сиёсий кучлардан ташкил топган бўлади; пастроқ бўлса – де-факто ҳукумат ва парламент битта сиёсий кучни қўлида бўлиб, олий ҳокимият ўз атрофига ҳар хил қарашдаги манфаат гуруҳларини йиғиши ҳам мумкин. Булар – сиёсий тизимнинг қанчалик новатор ва эркин эканлигига бориб тақалади.

Шу нарса аниқки, олий ҳокимият сиёсий плюрализмга имкон бермаса ёки бера олмаган бўлса, бу сиёсий тизим олдида жуда катта хатолар қилиш хавфи ошиб боради.

Фараз қилинг, ҳокимият ўзгарди. Давлат тепасига ислоҳотларга жуда мойил бўлган янги маъмурият келди. Янги ҳокимият, эски тизимни қаттиқ танқид қилиб, кўп ўзгаришларга асос солди, умид берди. Жумладан, эски тизим давридаги хатоларни расмийлаштиришни, давлат сиёсати даражасига кўтарди. Кучишлатар тизимларни тартибга солиш борасида ишлар қилди.

Лекин, агар бу ҳокимият доирасида, сиёсий плюрализм таъминланмаган бўлса, яъни президентнинг ёки бош вазирнинг атрофида, кўпчиликдан кўра, кучишлатар тизимларидан кўра, қудратли сиёсий кучлар ва қарашлардан кўра фарқли фикрлайдиган ва гапира оладиган шахслар ва кучлар бўлмаса, президент ёки бош вазирнинг фаолиятига бирёқлама манфаатлар манфаатлар ва қарашларнинг таъсири юқорилигича қолаверади.

Давлат раҳбарларига маълумотлар киритиш, уларнинг қарашларини шакллантириш – ҳар доим жуда кучли сиёсий курашларнинг асосида турган. Мисол учун, бирон бир гуруҳ йиллар давомида давлат раҳбарларига маълумотлар кирита олса, олий ҳокимиятнинг қарашларини ўз манфаатларидан келиб чиқиб шакллантириб борса ва бошқа гуруҳларда бундай имконият бўлмаса – демак, давлат раҳбарлари ушбу гуруҳнинг таъсирига тушиб қолган бўлади.

Ҳар бир давлатда кучишлатар тизимлари катта мавқега эга бўлади. Инсонлар, жамиятлар ва давлатлар учун, хавфсизлик – муҳим қадрият. Энди, фараз қилинг, бирон бир давлатда, кучишлатар тизимлари давлат раҳбарларининг қарашларини шакллантирувчи асосий воситага, каналга айланиб қолди.

Натижаси қандай бўлади? Табиий равишда, давлат раҳбарлари ҳам вазиятга фақат хавфсизлик ва барқарорлик призмаси орқали қарай бошлайди. Бу ердаги асосий муаммо – кучишлатар тизимларининг вазиятни максимал назорат қилишга мойиллиги эмас (чунки бу табиий ҳолат), балки, давлат раҳбарлари атрофига муқобил қарашда бўлган сиёсий кучларнинг, шахслар ва гуруҳларнинг бўлмаслигида ёки ўта заифлигида бўлади.

Айнан шунинг учун ҳам, авторитар давлатларда олий ҳокимиятлар бирёқлама фикрлашга, ишлашга мойил бўлади; муқобил қарашлар, новатор ғоялар ва лойиҳалар кам бўлади. Йиллар ўтиб, бундай давлатлардаги сиёсий вазият таранглашиб бораверади. Давлат халқаро рейтингларда қорайиб боради. Бу худди ботқоқдаги одам қанча кўп қимирласа, шунчалик ботиб кетаверишини эслатади. Бу вазиятдан чиқишнинг ягона чораси – ботқоқда бўлмаган бошқа одамнинг, кучларнинг қўл чўзиши ҳисобланади.

2016 йилгача бўлган даврни эслайлик. Бошида Каримов муқобил, танқидий фикрларни ҳазм қила олмади. Натижада, айнан Каримовнинг ўзи муқобил маълумотлардан маҳрум бўлди. Каримов устидан ахборот монополияси ўрнатилди. Каримов ташқи дунёдан узилди – унга фақат филтрланган, алоҳида шахслар ва гуруҳларнинг манфаатларига тўғри келадиган маълумотлар киритилди. Натижада, сиёсий тизим жуда катта хатоларга қўл урди. Яъни ҳокимиятнинг ўзи ўзини реал вазиятдан узди ва вазиятнинг қурбони ҳам, айнан ўзи бўлди.

Дунёда кўплаб авторитар давлатлар ҳам, ҳокимият доирасида муқобил қарашлар ва ахборот манбаларини интеграция қилишга интилишади. Хитойда кўплаб институтлар ҳокимиятга ўта танқидий докладлар, маълумотлар киритишади. Қўшни Қозоғистонда, президент Тўқаев ҳар йили бир неча марта сиёсатшунослар, мутафаккирлар, ватандошлик жамияти вакиллари билан учрашади. Улардан вазият борасидаги фикрларини сўрайди. Хитой ҳам, Қозоғистон ҳам авторитар. Лекин, бу давлатларнинг ҳокимиятлари, имкон қадар вазиятни билиш ва олдиндан чоралар кўриш ҳаракатида бўлмоқда.

Янги Ўзбекистон учун, ҳеч бўлмаса ҳокимият коридорлари, ижроия ҳокимияти доирасида сиёсий плюрализм назарда тутилмаса, барча учун, жумладан энг қудратли манфаатлар ва давлат институтлари учун ҳам, катта хатолар қилиш эҳтимоли ошиб бораверади. Сиёсий тизимда бошқача фикрлаш, жумладан хато гапириш, ноқулай масалаларни кўтариш имконияти бўлиши керак. Бу айнан кучишлатар тизимлари учун ҳам “нажот” йўли бўлиши мумкин. Чунки кучишлатар тизимлари ҳаддан ташқари қудратли бўлиб кетгач, алал-оқибат, барча тарихий ва сиёсий масъулият ушбу давлат институтларига юкланади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид