Жаҳон | 15:14 / 09.09.2025
11423
5 дақиқада ўқилади

«Бу ҳимоясиз халқни қириб ташлаш» – Испания Исроилга тўлиқ қурол эмбаргосини жорий қилди

«Ўз мамлакатингни ҳимоя қилиш бир нарса, аммо шифохоналарни бомбардимон қилиш ва болаларни очликдан ўлдириш бутунлай бошқа нарса», деди Исроилга қарши чораларни эълон қилган Испания бош вазири. Унинг айтишича, бу – ҳарбий жиноятларни тўхтатишга етарли бўлмаслиги мумкин, лекин «испан халқи тўғри томонда турганини кўрсатади». Шундан сўнг Исроил билан дипломатик можаро келиб чиқди.

Испания бош вазири Педро Санчес / Фото: AFP

8 сентябр куни Испания бош вазири Педро Санчес Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳунинг ҳарбий кампаниясини тўхтатишга мажбур қилиш учун янги чораларни эълон қилди. У Испания ҳукумати доимо Исроилнинг мавжуд бўлиш ва ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини, аммо «қирғинни тўхтатишга» мажбур эканини таъкидлади.

«Ўз мамлакатингни ва жамиятингни ҳимоя қилиш бир нарса, аммо шифохоналарни бомбардимон қилиш ва бегуноҳ болаларни очликдан ўлдириш бутунлай бошқа нарса», деди у.

«Бош вазир Нетаняҳу 2023 йил октябрида террорчилик ҳужумларига жавоб сифатида тақдим этган ҳарбий операция охир-оқибат ноқонуний босқинларнинг янги тўлқинига ва фаластинлик тинч аҳолига қарши асоссиз ҳужумга айланди. Бу ҳужумни БМТ махсус маърузачиси ва мутахассисларнинг кўпчилиги аллақачон геноцид деб атамоқда».

Санчес ҳалок бўлганлар, яраланганлар, кўчирилганлар ва озиқ-овқатсиз қолганлар сонига ишора қилди. «Бу ўзини ҳимоя қилиш эмас; бу ҳатто ҳужум ҳам эмас», деди у. «Бу ҳимоясиз халқни қириб ташлаш. Бу гуманитар ҳуқуқнинг барча қоидаларини бузишдир».

The Guardian нашрининг ёзишича, Санчеснинг сўзлари ва қарорлари Испания билан Исроил ўртасида кескин дипломатик тортишувни қайта авж олдирди. Расмий Мадрид душанба куни тушдан кейин Тел-Авивдаги элчисини чақириб олди.

Испания етакчиси телемурожаатида халқаро ҳамжамиятни ҳам танқид қилди: «Йирик давлатлар чексиз можаро устида бефарқлик ва Нетаняҳу ҳукуматига ҳамкорлик ўртасида фалаж бўлиб қолди», деди у.

Испания бош вазири Педро Санчес «Ғазодаги геноцидни тўхтатиш ва унинг айбдорларини жазолаш» чораси сифатида Исроил билан ҳарбий техника савдосини тақиқловчи қонунни расман кучга киритди. Испания портлари ва ҳаво ҳудудидан Исроил армиясига қурол ва ёқилғи ташишга тақиқ жорий қилди. У, шунингдек, «геноцидда бевосита иштирок этганларга» Испанияга киришга тақиқ қўйилишини эълон қилди ва Ғазога гуманитар ёрдамни оширишини билдирди.

«Биламизки, бу чоралар босқинни ёки ҳарбий жиноятларни тўхтатишга етарли бўлмайди. Лекин умид қиламизки, улар Нетаняҳу ва унинг ҳукуматига босимни кучайтиради, Фаластин халқи азобларини бироз енгиллаштиради. Ва испан халқига уларнинг мамлакати 21-асрнинг энг қора саҳифаларидан бирида тарихнинг тўғри томонида турганини кўрсатади», деди Санчес.

Словения бош вазири Роберт Голоб

Жорий йил 31 июл куни Словения – Европа Иттифоқида биринчи бўлиб Исроил билан ҳар қандай қурол савдосини, шунингдек, ҳарбий техникалар транзитини тақиқлаганди. «Ички келишмовчиликлар сабаб Евроиттифоқ бу вазифани ҳозирча бажаролмаяпти, натижада Ғазода инсонлар ўляпти. Бундай вазиятда ҳар қандай масъул давлат ўз зиммасига жавобгарлик олиб, чоралар кўриши шарт», деган эди Словения бош вазири Роберт Голоб.

Исроилнинг жавоби

Исроил ҳукумати кескин жавоб қайтарди ва Санчес маъмуриятини «антисемитик ҳужум»да айблаб, бу билан жамиятни коррупция айбловларидан чалғитишга уриняпти, деди.

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар

Бундан ташқари, Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Испаниянинг икки юқори лавозимли сиёсатчиси — меҳнат вазири ва бош вазир ўринбосари Ёланда Диас ҳамда ёшлар вазири Сира Регога Исроилга киришга тақиқ қўйилишини эълон қилди. Саарнинг сўзларига кўра, улар «Санчеснинг сиёсий заифлигидан фойдаланиб, уни аста-секин анти-Исроил қарашларини амалга оширишга судраб кетяпти».

Испания Ташқи ишлар вазирлиги эса Исроил ҳукуматининг баёнотларини «ёлғон ва бўҳтон» деб атади. Диас ва Регога қўйилган тақиқни «қабул қилиб бўлмас» деди. Испания ташқи сиёсат идораси «мамлакат – тинчлик, халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қўрқитилмаслигини» таъкидлади.

The Guardian нашри манбаларига кўра, элчи «Испанияга қарши бўҳтонли айбловлар ва икки ҳукумат аъзосига қарши қабул қилиб бўлмас чораларга жавобан» қайтариб олинган.

Исроил эса ўз элчисини 2023 йил ноябрида Мадридга қайтариб олган эди. Ўшанда Санчес Ғазодаги Исроил ҳужумлари халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя этаётганига «чин дилдан шубҳа қилаётганини» айтганди.

Фото: NYT

Исроилнинг геноцид кўринишидаги ҳужумлари натижасида 2023 йил октябрдан буён Ғазода 64 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди, 150 минг киши жароҳатланган. 2 миллион киши яшайдиган сектор қарийб вайрон бўлган, Ғазода расман очарчилик бошланган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид