Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Белгия Исроилга қарши геноцид иши бўйича халқаро судда очилган даъвога қўшилди
Жанубий Африка Республикаси 2023 йил БМТ Олий судида Исроилга қарши иш очиб, уни Ғазодаги уруш ҳаракатлари билан «Геноцид конвенцияси»ни бузганликда айблаганди. Ушбу даъвога Белгиядан олдин Бразилия, Колумбия, Ирландия, Мексика, Испания ва Туркия ҳам қўшилган.
Халқаро жиноий суд муҳокамалари / Фото: UN Photo
Белгия Исроилнинг Ғазо секторида геноцид содир этаётгани ҳақидаги Жанубий Африка даъво асосида Халқаро жиноий судда очилган ишга расман қўшилди.
Халқаро жиноий суд (ХЖС) сешанба куни эълон қилган баёнотда БМТнинг олий суди Белгиядан бу иш бўйича аралашув декларациясини қабул қилганини билдирди.
Суд ўз Низомининг 63-моддасига таянилганини билдирган. Унга кўра, ХЖСда кўриб чиқилаётган ишда талқин қилинаётган конвенцияга томон бўлган давлатлар ушбу ишга аралашув ҳуқуқига эга.
Белгия ўз аралашуви Геноцидга доир конвенциясининг 1-6 моддаларига, айниқса 2-модда доирасида, яъни «геноцид содир қилинишида ниятнинг мавжудлиги» тушунчасига алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.
Шунингдек, суд ўз низомига мувофиқ, Жанубий Африка ва Исроилни Белгиянинг аралашуви юзасидан ёзма мулоҳазалар тақдим этишга таклиф қилган.
Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноий суд – БМТнинг асосий суд органи бўлиб, давлатлар ўртасидаги ҳуқуқий низоларни кўриб чиқади.
Жанубий Африка 2023 йил 29 декабр куни Исроилга қарши иш очиб, уни Ғазодаги фаластинликларга нисбатан ҳаракатларида Геноцид конвенцияси бўйича мажбуриятларни бузганликда айблаган. Аввалроқ, Бразилия, Колумбия, Ирландия, Мексика, Испания ва Туркия каби бошқа давлатлар ҳам бу жараёнга қўшилганди.
Якуний қарор йиллар давом этиши мумкин бўлса-да, ХЖС 2024 йил январида вақтинчалик чоралар белгилаб, Исроилга геноцид ҳаракатларининг олдини олиш учун қадамлар қўйишни ва гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз кириб келишини таъминлашни буюрган.
Ғазодаги Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 10 октябрь куни сулҳ кучга кирганидан бери Исроил Ғазо секторида камида 406 фаластинликни ўлдирган ва 1 118 нафарини жароҳатлаган. 2023 йил октябрда бошланган урушдан буён эса камида 70 942 фаластинлик ҳалок бўлган ва 171 195 нафари яраланган.
Суд, шунингдек, Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги мавжудлигини ноқонуний деб топган ва унинг сиёсатини аннексияга тенглаштирган.
Al-Jazeera'нинг ёзишича, Халқаро жиноий суднинг қарорлари ҳуқуқий жиҳатдан мажбурий ҳисобланади, бироқ уларни бевосита ижро эттириш механизмига эга эмас.
Исроил ва АҚШ суд ишидан норози
Исроил эса бу айбловларни рад этиб, ишни танқид қилган. Хусусан, суд қарорлари ва ортиб бораётган халқаро танқидларга қарамай, Исроил Ғазода ва босиб олинган Ғарбий Соҳилда ҳужумларини давом эттирмоқда. Бундан ташқари, Фаластин ҳудудларининг катта қисмини эгаллаб олиш режаларини илгари сурмоқда.
Шу билан бирга, АҚШ ҳам Исроилга қарши очилган иш юзасидан Халқаро судга босим ўтказиб келади. Нашрнинг ёзишича, Вашингтон Жанубий Африканинг даъвосини асоссиз деб ҳисоблаб, рад этган. АҚШ қонунчилари эса Жанубий Африкани танқид қилган ва унга нисбатан таҳдидли баёнотлар берган.
АҚШ, шунингдек, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга нисбатан ҳибсга олиш ордерлари чиқарган суд аъзоларига қарши санкциялар жорий қилган.