Ўзбекистон | 14:33 / 18.02.2021
4844
3 дақиқада ўқилади

«Андижон ҲЭТК» АЖ: Йиллар давомида эҳтиёж катта бўлиб келган темир-бетон таянчлар энди ўзимизда ишлаб чиқарилади

Республикамизда саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқлари фаолиятини барқарорлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ташаббуси билан Андижон вилоятида ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида, «Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ томонидан жорий йилнинг 16 февраль куни СВ 9,5х2,0, СВ 110х3,5 русумидаги темир-бетон таянчлари ишлаб чиқариш цехининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Д. Носиров, Андижон вилояти ҳокимлиги қурилиш бўлим бошлиғи Р.Хожибоев, Хўжаобод туман ҳокими З.Аҳмадалиев, «Андижон ҲЭТК» АЖ мутасадди ходимлари иштирок этдилар.

– Завод қуриш мақсадида келганимизда бу ерда яроқсиз беседка ва авария ҳолатидаги омборхона бор эди. Мана, бугун кўриб турганингиздек, бу ерга жуда катта меҳнат сарф этилди, жуда кўп ходимларимиз ҳашар қилиб ўз меҳнатлари билан қатнашиб, шундай гўзал ҳолатга олиб келинди. Мен бу учун ушбу завод қурилишида ёнма-ён туриб меҳнат қилган ходимларимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман, - дейди Д. Носиров.

Таъкидлаш жоизки, ушбу цех Хўжаобод тумани Бешариқ МФЙ Ўзбекистон кўчасида жойлашган бўлиб, умумий ер майдони 0,5 га ни ташкил этади.

– Шу кунга қадар корхонамиз томонидан темир-бетон таянчлар қўшни вилоятлардан олиб келинарди. Эндиликда маълум миқдордаги маблағни иқтисод қилиш ҳамда ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш имкони кенгайди. Бундан ташқари келгусида трансформатор пунктларини ўрнатиш учун УСО, ПТ-1, фундамент блок каби бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу ишларни ҳам йил давомида йўлга қўямиз. Яна бир янги қадам: яқин кунларда жойларни танлаганмиз ўзимиз тошларни майдалаб, темир-бетон таянчлар учун маҳсулотларни етказиб берамиз, бу билан таянчлар нархи янада арзонлашади, - деди «Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директори А.Жўраев.

Йилига 22 мингдан ортиқ темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш режалаштирилган заводда ҳар хил турдаги траверс маҳсулотлари ҳам тайёрланади. Заводда 10 нафар ходим доимий иш жойи билан таъминланган, бундан ташқари ушбу ҳудудда яшовчи 6 нафар ходим ишбай усулида ишга қабул қилинди.

Тадбир иштирокчилари темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш цехи ва ундаги бир кунлик ишлаб чиқариш ҳажми қандай эканлиги билан яқиндан танишдилар.

«Андижон ҲЭТК» АЖ матбуот хизмати

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид