Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОТБ Қорақалпоғистондаги йўллар учун 233 млн доллар қарз ажратади
Лойиҳа доирасида Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу (А380) автомобил йўлининг тахминан 87 километри реконструкция қилинади. Шунингдек, 75 километрлик янги айланма йўл (Тўрткўл – Элликқалъа – Беруний) қурилади.
Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (CAREC-2) йўлагининг асосий қисмини модернизация қилиш учун 233,1 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз ажратишни маъқуллади. Лойиҳа минтақавий алоқани яхшилаш, саёҳат вақтини қисқартириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва мамлакатнинг ғарбий ҳудудларида транспорт инфратузилмасининг иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширишга қаратилган.
CAREC-2 йўлагининг мустаҳкамлигини ошириш ва модернизация қилиш лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикасидаги Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу (А380) автомобил йўлининг тахминан 87 километрини реконструкция қилади.
Шунингдек, Лойиҳа доирасида 75 километрлик янги айланма йўл (Тўрткўл – Элликқалъа – Беруний) қурилиб, мавжуд А380 йўлининг 12 километрлик қисми реконструкция қилинади. Лойиҳа иқлим ўзгариши ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари таъсирига бардош бериш учун бетон қопламалар, кўтарилган қирғоқлар ва такомиллаштирилган дренаж тизимларини ўз ичига олган иқлимга чидамлилик хусусиятларини қамраб олади.
«Ушбу инвестициялар Ўзбекистоннинг минтақавий транзит маркази сифатидаги ролини мустаҳкамлаб, Қорақалпоғистонда инклюзив иқтисодий ўсишни қўллаб-қуватлайди», деди ОТБ Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая. «Иқлимга чидамли инфратузилма ва интеллектуал транспорт тизимларини жорий этиш узоқ муддатли барқарорликни таъминлаб, одамлар ва бизнес учун саёҳатни хавфсизроқ ва самаралироқ қилади».
Лойиҳанинг умумий қиймати 293,7 миллион АҚШ доллари бўлиб, Ўзбекистон ҳукумати ҳиссаси 60,6 миллион АҚШ долларни ташкил этади. Таъкидланишича, лойиҳа Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган стратегияси ва ОТБ 2030 йилгача бўлган стратегиясининг операцион устуворликлари, жумладан, иқлимга чидамлилик, гендер тенглиги ва минтақавий интеграция тамойилларига мос келади.
Қайд қилинишича, бу йил ОТБ ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг 30 йиллиги нишонланмоқда. Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлганидан бери Банк давлат секторига умумий қиймати қарийб 14,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз, грантлар ва техник ёрдам ажратган.
Мавзуга оид
21:42 / 21.12.2025
Ўзбекистонда 9 ойда энг кўп чақалоқ Самарқанд вилоятида туғилган
22:17 / 17.12.2025
Ўзбекистон дунёда сайёҳлар оқими энг тез ўсаётган мамлакатлар қаторига кирди
19:32 / 15.12.2025
Киши бошига табиий бойликлар: Саудияда 1 млн, Россияда 520 минг доллар. Ўзбекистонда-чи?
18:58 / 14.12.2025