Масжидларда жума, шанба ва якшанба кунлари ҳам жамоат намозлари ўқилади. Ҳозирча жума намози истисно
Республика махсус комиссияси қарорига кўра, Ўзбекистонда 17 августдан диний ташкилотлар фаолиятига рухсат берилади. Шу билан биргаликда, масжидларда ҳозирча жума намозлари ўқилмаслиги ҳақида Kun.uz хабар қилган эди.
Комиссия ахборотида «17 августдан диний ташкилотлар фаолиятига (ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда) рухсат берилади. Бунда, диний ташкилотларда жума ва шанба-якшанбалик диний хизматларни вақтинчалик амалга оширмаслик талаб этилади», - дея таъкидланганди.
Юқоридаги матнда қайд этилган «жума, шанба ва якшанбалик диний хизматлар» деган қисми аҳолининг айрим қатламида тушунмовчиликка сабаб бўлди ҳамда уларда «жума, шанба ва якшанба кунлари масжидлар ишламас экан, бошқа кунлари ишлар экан» деган саволлар пайдо бўлди.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ушбу англашилмовчиликка ойдинлик киритувчи баёнотини эълон қилди.
Унда таъкидланишича, «2020 йил 17 август куни бомдод намозидан бошлаб, юртимиздаги барча 2070та жоме масжиди эшиклари мўмин-мусулмонларга очилади.
Таъкидлаймизки, айрим сайт ва ижтимоий тармоқларда масжидлар ҳафтада тўрт кун ишлайди, жума, шанба ва якшанба кунлари эса фаолият кўрсатмаслиги ҳақидаги хабарлар англашилмовчилик оқибатидир.
Масжидлар ҳафтада ҳар куни ўз иш фаолиятини олиб боради, фақат жума намози эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар вақтинча адо этилмай туради. Дуою-тазарруларда бардавом бўлиб турсак, бу файзли ибодатга ҳам Аллоҳ таоло насиб этади», - дейилади муносабатда.
Бундан ташқари, Комиссия қарорида шанба ва якшанба кунги диний хизматларга алоҳида қайд этилганининг сабаби шундаки, одатда, ҳафтанинг шу кунларида Ўзбекистондаги черковлар ва синагогларда ҳам диний жамоатлар тўпланган ҳолда диний ибодатлар амалга оширилади. Қарор билан ҳозирча ушбу жамоавий ибодатлар ҳам ўтказилмаслиги маълум қилинган.
Мавзуга оид
17:08 / 30.08.2024
Тошкентдаги Мулла Холмирза ота масжиди замонавий кўринишда қайта қурилмоқда
07:25 / 13.06.2024
Тошкентда масжидлар атрофидаги йўлларда транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилади
13:06 / 10.05.2024
ЙҲХХ масжидлар атрофида жамоат тартибини сақлаш мақсадида қатор тавсиялар билан чиқди
11:47 / 03.04.2024