Қашқадарёда ўқитувчи ўқувчига 2 баҳо қўйгани учун «жазоланди». Зўравонлар – мактаб директори ўринбосарининг ўғиллари
Қашқадарё вилоятида мактаб ўқитувчиси ўқувчига 2 баҳо қўйгани учун унинг қариндошлари томонидан калтакланди. Бу ўқувчи мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарининг ўғли бўлган. Ҳолатни ИИБ ўрганмоқда.
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги мактабда ўқитувчи калтакланди. Маълум бўлишича, Қарши туманида яшовчи Шоҳнур Оққўзиев 100 километр масофада, Самарқанд вилояти билан чегарадош «Умакай» МФЙдаги 134-умумий ўрта таълим мактабида инглиз тилидан дарс беради.
Воқеа ушбу ўқитувчи 6 апрел куни 6-синфда дарс ўтиб, тайёрланиб келмаган ўқувчиларга паст баҳо қўйганидан кейин содир бўлган. Kun.uz мухбири шу ҳудудда бўлиб, ўқитувчи билан гаплашди.
«Тўғриси, ўқувчиларнинг ўқитувчидан хафа бўлишга ҳаққи йўқ. Билмайман, хафа қилгандирман укамизни. Икки баҳо қўйгандим, шунда ҳам журналга қўймагандим. Бундай хафа бўлади деб ўйламагандим.
Уйдагилари сал тергармикан деб ўйлагандим. Музаффарнинг ёнида ўтирадиган қизга 3 қўйгандим, Музаффар эса бу қизга 3, ўзига 2 қўйилганидан хафа бўлганини айтибди. Бунга сабаб қизча ногирон, ҳамма вақт ҳам дарсга келолмайди. Унга мотивация бўлармикан дегандим. Гап баҳодалигини билсам, 2 эмас 6 қўйиб берардим», дейди Шоҳнур Оққўзиев.
Ўқитувчи суҳбат давомида бирорта ўқувчига зўравонлик қилмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, дарсдан кейин ўша ўқувчи келиб, уни акаси чақираётганини айтган. У ташқарига чиққанида бир неча киши уни калтаклай бошлаган.
«Ҳозир аҳволим анча яхши бўлиб қолди. Бошим, оёғим ва белим озроқ оғрияпти, холос. Жанжалдан кейин қишлоқда қолишга юрагим бетламади. Яраштириш учун устозлар шифохонага келишди.
Лекин чекка-чекка ҳудудларга ўқитувчилар бориб ишлаяпти, улардан мажбурият талаб этилмоқда – ҳуқуқини ҳам ҳимоя қилиш керак. Зўравонларга қонуний чора кўрилишини сўрайман», дейди ўқитувчи.
У айни пайтда вилоят кўп тармоқли шифохонаси нейрохирургия бўлимида даволанмоқда. Шифохона бўлим бошлиғи Соатмурод Темиров беморнинг аҳволи ҳақида Kun.uz'га маълумот берди.
«Оққўзиев Шоҳнур 1995 йилда туғилган. 7 апрел куни суд-тиббиёт экспертиза йўлланмаси билан келди. Келганида чап кўзининг атрофи шишган ва кўкарган ҳолатда эди. Ўзидан сўраганимизда ўқувчисига 2 баҳо қўйгани сабабли унинг ўртоқлари ёки ота-оналари урганини айтди.
Бемор аввалига ўзи яшайдиган Бешкент шифохонасига мурожаат қилган. У ерда нейрохирургия мутахассиси йўқ бўлган. Суд-тиббиёт экспертиза йўлланмаси орқали бизнинг кўп тармоқли марказий шифохонага ётқизилган.
Стандарт бўйича даволаяпмиз. Томография қилганимиз йўқ, шундагина синган жойлари бўлса билишимиз мумкин», дейди шифокор.
Чироқчи туман ХТБ мудири Фарҳод Жуманов ҳам ўқитувчи ётган палатага келди. Унинг маълум қилишича, ишчи гуруҳ мактабда ўрганиш ишларини якунлаган.
«Шифохонага ўқитувчимизнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида келдик. У 2021 йил 6 апрел куни тахминан соат 11-12 лар атрофида 6-синфларда дарс ўтиш жараёнида Музаффар исмли ўқувчининг кундалигига 2, журналга 3 баҳо қўйган. Бундан норози бўлган ўқувчи синфдан чиқиб, икки акаси ва бир амакисини мактабга етаклаб келган. Музаффар ўқитувчисини чақирган. Ўқитувчи ота-оналар чақиряпти деб ўйлаб борганида шу жанжал бўлган», дейди мудир.
Унинг таъкидлашича, ушбу жанжал бўйича туман ХТБга ёзма ёки оғзаки мурожаат қилинмаган, мактаб раҳбарияти ҳам ҳодисани яширган. 10 апрел куни ишчи гуруҳ тузилиб, мактабга борилганида директор мактаб психологи, қоровул ва ёшлар ишлари етакчисини ишдан бўшатганини маълум қилган. Маънавий-маърифий ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари ҳам ўз хоҳишига кўра ишдан олинган.
«Директорнинг ишдан бўшаш тўғрисидаги аризасини вилоят ХТБга тақдим этдик. Бундан ташқари, ИИБ ходимлари томонидан ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Музаффарнинг икки акаси ва амакиси қонунда кўрсатилган жазосини олади.
Синфдошлари билан суҳбат давомида ўқувчилар Музаффар мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарининг ўғли эканини тасдиқлади. Шуларни инобатга олиб, директор ўринбосари ўз хоҳишига кўра ишдан олинди», дея маълумот берди туман мудири.
Шу билан бирга, жабрланувчининг ўзи директор ўринбосари билан муносабати яхши бўлганини таъкидлади.
«Носир муаллим билан жуда яхшимиз. Борганимдан буён анча нарсани ўргатиб келаётгандилар. Менга умуман қаттиқ гапирмаганлар», дейди ўқитувчи.
У шифохонадан чиққанидан сўнг мактабдаги фаолиятини давом эттиришини билдирди.
«Ишлаш учун борганман, яна давом эттираман. Бунга сабаб 2020 йилда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Тошкент Молия институтида талабалар билан учрашганида менинг шартнома пулимни тўлаб берганди. Ўшанда вилоятга бориб ишланглар, деб илтимос қилган. Йигит сўзини берганман. Шунинг учун ҳам ишлашни давом эттирмоқчиман. Бир-икки одам учун ташлаб кетмайман. Ёшларга қўлимдан келганча инглиз тилини ўргатаман», дейди у.
Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати муносабат билдирди. Маълум қилинишича, ҳолат туман ИИО ФМБ навбатчилик қисмида белгиланган тартибда қайд этилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ҳозирги кунда ҳолат юзасидан Чироқчи туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўролжон Камолов тайёрлади.
Мавзуга оид
19:44 / 18.11.2024
Хоразмда ўқувчининг онаси мактабга бориб, ўқитувчи аёлга ташланди
16:34 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани ёш болалар хивчин билан савалангани акс этган видеога муносабат билдирди
16:55 / 15.11.2024
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун имзоланди
22:39 / 13.11.2024