Ўзбекистон | 15:50 / 24.06.2025
9581
2 дақиқада ўқилади

Маҳмуд Истамов Адлия вазирлигига қайтди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девони раҳбари лавозимида ишлаб келган Маҳмуд Истамов адлия вазири ўринбосари этиб тайинланди. У 2017-2019 йилларда вазирнинг биринчи ўринбосари, вазир ўринбосари бўлиб ишлаган.

Фото: Адлия вазирлиги

Президент қарори билан, Истамов Маҳмуд Шуҳратович адлия вазири ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маҳмуд Истамов 1979 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси. 2000 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Адлия вазирлиги Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси катта маслаҳатчиси лавозимида бошлаган. Кейинчалик мазкур бошқармада бош маслаҳатчиси, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари бўлган. 2004-2005 йилларда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази раҳбари, 2005-2006 йилларда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг қилиш маркази бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган.

2006-2011 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси хизматида адлия ва суд идоралари фаолияти масалалари бўйича инспектор, 2011-2014 йилларда етакчи инспектор лавозимида ишлаган.

2014-2017 йилларда Президент девони Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш хизмати Сиёсий партиялар билан ҳамкорлик қилиш шуъбаси мудири бўлиб ишлаган. 2017 йилда Президент девони Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик шуъбаси мудири этиб тайинланган.

Маҳмуд Истамов 2017-2019 йилларда адлия вазирининг ўринбосари, биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

2019-2021 йилларда Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари лавозимида, 2021-2024 йилларда Бухоро вилояти прокурори лавозимида ишлаган.

Тайинловга қадар (2024 йилдан) Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девони раҳбари лавозимида фаолият кўрсатган.

Аввалроқ, март ойида Нуъмон Муҳаммадиев адлия вазирига ўринбосар этиб тайинланган эди. У расмий хабар бермаган ҳолда лавозимидан бўшатилган Худоёр Мелиевнинг ўрнини эгаллаганди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид