Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 10 йиллик стратегияси – пахта ва ғалла етиштиришда давлат иштирокидан воз кечилади
Президент фармони билан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси тасдиқланди.
23 октябрь куни имзолаган ҳужжатда Стратегияни амалга оширишнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланган:
- аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш;
- қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;
- соҳа бошқарувида давлат иштирокини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш;
- табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш;
- давлат бошқарувининг замонавий тизимларини ривожлантириш;
- тармоқни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат харажатларини босқичма-босқич диверсификация қилиш;
- қишлоқ хўжалигида илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш;
- қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш;
- тармоқ статистикасининг шаффоф тизимини ишлаб чиқиш.
Стратегияда белгиланган вазифаларни бажариш орқали 2030 йилгача қуйидаги натижаларга эришиш назарда тутилмоқда:
- ер ажратиш ва уни олиб қўйишда шаффоф тизим яратилади, коррупция ва бошқа субъектив ҳолатларнинг олди олинади, ердан фойдаланувчилар ҳуқуқларини кафолатлайдиган тизим яратилади;
- ерларни ноқонуний ажратиш, улардан хўжасизларча фойдаланиш ҳолатлари кескин камайишига эришилади;
- 1,1 млн гектар қишлоқ хўжалиги ерлари ўзлаштирилади, 535,6 минг гектар лалми, яйлов ва бошқа ерлардан фойдаланиш самарадорлиги ортади;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тўлиқ хатловдан ўтказилади;
- ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг ҳақиқий бозор нархи шаклланади, бу ҳуқуқдан гаров таъминоти сифатида фойдаланиш мумкин бўлади, тадбиркорлар ва аҳоли қўлидаги капитал қиймати ўз-ўзидан ортади, ер солиғи солинадиган базани кенгайтириш имконияти яратилади;
- республика ҳудудларида суғоришнинг сув тежовчи тизимларидан фойдаланилиш майдонлари кенгайтирилади ва ушбу тизимларни жорий қилишни рағбатлантириш механизмлари такомиллаштирилади;
- сув истеъмолчилари ва сув етказиб берувчилар ўртасида ҳисоб-китоблар истеъмол қилинган сувни етказиб бериш учун қилинган ҳақиқий харажатлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда ва бозор механизмлари асосида амалга оширилади;
- ҳудудлар ихтисослаштирилади, бир жойда бир хил маҳсулотларни етиштириш, агроинновацион ғояларни жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот сифатини яхшилашга шароит яратилади;
- пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштиришда давлатнинг иштирокидан босқичма-босқич воз кечилади;
- пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштирувчилари билан қабул қилувчилар ўртасида маҳсулот ҳажмига қараб шартнома тузиш тизими йўлга қўйилади;
- ерларнинг турига қараб юқори ҳосил берувчи экинлар етиштирувчилар томонидан мустақил жойлаштирилади;
- майда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш ва ерлардан оқилона фойдаланиш имконияти яратилади;
- сифатли рақобатбардош мева ва сабзавотларни ишлаб чиқариш, сақлаш, чуқур қайта ишлаш ва экспорт ўсиши барқарорлигини таъминлашга эришилади;
- илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграцияси амалга оширилади;
- кадрлар тайёрлашда олий ва ўрта таълим ўртасида узвий алоқадорлик таъминланади;
- илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий техник базаси яхшиланади, лаборатия жиҳозлари янгиланади, ходимларнинг малакаси оширилади;
- қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасалари ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказилади;
- бошоқли донни биржа савдоларида чекловларсиз сотилишига имкон яратилади, давлат харидлари камайтирилади;
- бошоқли дон бозорида интервенцион механизмлар жорий этилади;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳосилдорлиги ва рақобатбардошлиги ортади;
- қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига мақбул қишлоқ хўжалиги ва экологик амалиёти (GAEP), аграр тадбиркорликка мақбул ишлаб чиқариш амалиёти (GMP) ва бошқа сифат стандартлари жорий этилади;
- қишлоқ хўжалигида хизмат кўрсатишнинг шаффофлик ва рақобатга асосланган бозор хизматлари ривожланади;
- қишлоқ хўжалигида ўртача меҳнат унумдорлиги 1,7 баробар ошади;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшимча 3,4 млн тонна қувват яратилади;
- маҳсулотларни қайта ишлаш кўрсаткичи 30 фоизга етказилади (2030 йилга қадар экспорт ҳажми 20 млрд АҚШ долларига етказилади).
Фармонга мувофиқ, стратегияни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби белгилаб берилди.
Унга кўра, мувофиқлаштирувчи кенгашга Бош вазир Абдулла Арипов раислик қилади. Кенгашнинг ишчи органи этиб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгиланган.
Кенгаш бир ой муддатда стратегиянинг ҳар бир йўналиши бўйича малакали мутахассислар, жумладан хорижий экспертлардан иборат таркибда доимий ишловчи ишчи гуруҳларини шакллантиради.
Шунингдек, ҳар йили 1 декабрга қадар жорий йил учун белгиланган вазифаларнинг бажарилишини чуқур таҳлил қилган ҳолда, стратегияни амалга ошириш юзасидан келгуси йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳар чоракда бажарилган ишлар бўйича Президент Администрациясига ахборот тақдим этади.
Фармонга биноан, Агросаноат мажмуйи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибига ўтказилади.
Мавзуга оид
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
11:37 / 20.11.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида импортни 50 фоизга қисқартириш режалаштирилмоқда
21:20 / 19.11.2024