Ўзбекистон | 15:43 / 05.01.2024
10676
3 дақиқада ўқилади

“Док-1 Макс”: Камида 16 нафар бола оғир жароҳатланган, қурбонлар сони ошган

Тергов органига қайтарилган “Док-1 Макс” иши 1 ойлик танаффусдан сўнг бугун қайта тикланди. Маълум қилинишича, йўталга қарши сиропдан 16 нафар бола ҳаёт учун хавфли даражада жиддий жароҳатланган, 2 нафар бола енгил жароҳат олган, яна 3 нафар бола заҳарланиш оқибатида вафот этган.

Фото: Kun.uz

2023 йил 1 декабр куни қўшимча тергов ўтказиш учун тергов органига қаратилган “Док-1 Макс” иши бўйича суд жараёни 2024 йил 5 январ куни тикланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

5 кунги мажлисда прокурорнинг қўшимча айблов бўйича хулосаси ўқиб эшиттирилди. Унга кўра, тергов органлари томонидан яна 2 нафар шахс ишга айбланувчи сифатида жалб этилган. Шу тариқа, жиноят ишида судланувчилар сони 21 нафардан 23 нафарга етди.

Айблов эълон қилинганлар орасида Сардор Кариевдан кейин бир муддат Фармагентлик директори лавозимида ишлаган Улуғбек Эгамов йўқ. 22 ноябрдаги суд мажлисида Кариевнинг ҳимоячилари жараёнга гувоҳ сифатида жалб этилган Эгамов устидан ҳам жиноят иши қўзғатишни сўраган, судя бу масала кўриб чиқилишини билдирган эди.

Ўнлаб болалар вафоти билан боғлиқ мазкур жиноят ишидан ташқари, “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида болаларнинг ногирон бўлиб қолиши ҳолати бўйича тергов ҳаракатлари алоҳида жиноят иши доирасида олиб борилган. 5 январ кунги суд мажлисида ушбу иккита жиноят ишини битта суд жараёнига бирлаштирилгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган йўталга қарши сиропдан 16 нафар бола ҳаёт учун хавфли даражада жиддий жароҳатланган, 2 нафар бола енгил жароҳат олган, яна 3 нафар бола заҳарланиш оқибатида вафот этган.

Август ойида эълон қилинган биринчи жиноят иши доирасидаги тергов хулосасида “Док-1 Макс” дорисидан 65 нафар бола вафот этгани келтирилган эди. Шунингдек, Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизов 27 октябр кунги суд мажлисида 66-қурбон ҳам борлиги ҳақида гапирганди. Шу тариқа, Маматқул Азизов назарда тутган қурбон иккинчи жиноят ишида қамраб олингани ёки йўқлигига қараб, қурбонлар сони камида 68 ёки 69 нафарни ташкил этмоқда.

Суд ишида қатнашаётган адвокат Даврон Аҳмадовнинг маълум қилишича, ҳимоячиларга янги материаллар билан танишиб чиқиш учун 1 ҳафта вақт берилган.

Суд иши 10 январ куни давом эттирилади.

Мавзуга оид