Жаҳон | 10:35 / 25.04.2026
1836
3 дақиқада ўқилади

Норвегияда болалар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланади

Норвегия ҳукумати 2026 йил охирига қадар 16 ёшдан кичик болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини парламентга киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Йонас Гар Стёре маълум қилди.

Фото: Visually

Ҳукумат расмий сайтида 24 апрель куни эълон қилинган пресс-релизга кўра, мазкур қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун ёш бўйича чеклов жорий этишни кўзда тутади.

“Биз ушбу қонунни жорий қиляпмиз, чунки болалик — болалигича қолишини истаймиз. Ўйинлар, дўстлик ва кундалик ҳаёт алгоритмлар ва экранлар таъсири остида қолмаслиги керак. Бу болаларнинг рақамли ҳаётини ҳимоя қилиш учун муҳим чора”, — деди Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре.

Қонунга кўра, чеклов бола 16 ёшга тўладиган йилнинг 1 январидан бекор қилинади. Яъни, ижтимоий тармоқларга кириш ҳуқуқи мактаб ўқувчилари гуруҳлари учун бир вақтнинг ўзида очилади ва бу пайтда уларнинг ёши камида 15 ёш бўлади.

“Мен технологик компаниялар ёш чекловига риоя этилишини таъминлашини кутаман. Болаларга тақиқланган платформаларга кирмаслик масъулиятини уларнинг ўзига юклаб бўлмайди”, — деди рақамлаштириш ва давлат бошқаруви масалалари бўйича вазир Карианне Тунг.

Унинг таъкидлашича, компаниялар самарали ёшни текшириш тизимларини жорий этиши ва қонунни биринчи кундан бошлаб бажариши шарт.

Болалар ва оила масалалари бўйича вазир Лене Вогслид айтишича, Франция, Дания, Испания ва Португалия каби қатор Европа давлатлари ҳам шунга ўхшаш чораларни кўриб чиқмоқда. “Европа Иттифоқи эса қоидаларни янада қатъийлаштиришни қўллаб-қувватламоқда. Биз Европада етакчилар қаторидамиз ва шу мақомни сақлаб қолмоқчимиз”, — деди у.

2025 йил декабрида Австралияда 16 ёшга тўлмаганларга ижтимоий тармоқларнинг аксариятига кириш чекланган эди.

2026 йил январда Буюк Британия ҳукумати ҳам болаларни интернетда ҳимоя қилиш доирасида шунга ўхшаш чораларни, жумладан, ижтимоий тармоқларни тақиқлаш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилган.

2026 йил февралда Испания бош вазири Педро Санчес ҳам 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларга киришни тақиқлаш нияти борлигини билдирган.

“Платформалар самарали ёш текшириш тизимларини жорий этиши шарт — бу фақат расмият учун эмас, балки ҳақиқатан ишлайдиган тўсиқлар бўлиши керак”, — деди у.

Шунингдек, Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга ёш чеклови жорий этилишини қўллаб-қувватлаган.

Унинг ҳукуматдаги шериклари — Германия Социал-демократик партияси эса 14 ёшгача бўлганлар учун тўлиқ тақиқ ва 16 ёшгача бўлган ўсмирлар учун алоҳида ижтимоий тармоқлар версияларини жорий этишни таклиф қилган.

INSA тадқиқот институти томонидан 2025 йил декабрида ўтказилган сўровга кўра, респондентларнинг 60 фоизи 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашни қўллаб-қувватлаган. 24 фоиз иштирокчи эса бундай чораларга қарши чиққан.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид