Ўзбекистон | 11:06 / 11.12.2019
140725
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда машинага эгалик қилиш учун йиғим жорий этилади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикаси йўл хўжалиги тизимини чуқур ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан йўл инфратузилмаси сифатини ривожлантириш ва яхшилашда, минтақавий автомобиль йўллари тармоғини ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқлари ҳамда жавобгарлигини янада кенгайтириш мақсадида шундай тартиб жорий этиладики, унга кўра:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари автомобилга ёнилғи ва газ қуйиш станциялари томонидан автомобиль бензини, дизель ёқилғиси, суюлтирилган ва сиқилган газни охирги истеъмолчиларга реализация қилишда ёқилғи бирлиги учун 25 сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда минтақавий йўлларни ривожлантиришга махсус йиғим жорий этишга ҳақли;

туманлар (шаҳарлар) халқ депутатлари Кенгашлари транспорт воситаси двигателининг қувватидан келиб чиқиб, автотранспорт воситасига эгалик қилиш учун йиллик йиғим жорий этишга ҳақли.

Белгиланишича, кўрсатиб ўтилган йиғимлар кенг жамоатчилик муҳокамалари асосида, муайян маъмурий-ҳудудий бирлик аҳолиси даромадлари даражасини ҳисобга олиб ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда киритилади.

Шундай тартиб жорий этиладики, унга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

йўл ҳаракатини тартибга солиш, мавжуд йўл-транспорт инфратузилмасидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчилари масъулиятини ошириш мақсадида автомобиль йўллари ва кўчалар бўйлаб автомобиль сақлаш жойларидан фойдаланганлик учун тўлов белгилашга ҳақли;

транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш учун йиғимнинг базавий ставкалари миқдорларини, шунингдек, йиғимнинг базавий ставкасига транспорт воситаси двигатели қувватидан келиб чиққан ҳолда тоифаланадиган қўшимча коэффициентларни белгилайди.

Қуйидагилар:

лойиҳалаш, йўл-қурилиш ишларини, шунингдек, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда эксплуатация ишларини молиялаштириш учун йўналтириладиган маблағларни тўплаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси;

шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларида (минтақавий йўллар) лойиҳалаш, йўл-қурилиш, таъмирлаш ва эксплуатация ишларини молиялаштириш учун йўналтириладиган маблағларни тўплаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бош молия бошқармалари ҳузурида автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармалари ташкил этилади.

Мавзуга оид