Ўзбекистон | 17:08 / 15.10.2024
4655
8 дақиқада ўқилади

Президент ОКМКнинг муҳандислик мактаби ва 3-мисни бойитиш фабрикасини кўздан кечирди

Шавкат Мирзиёев Олмалиқ шаҳрида бўлиб, ОКМКнинг муҳандислик мактаби билан танишди, “Ёшлик-1” кони маъданларидан юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун мўлжалланган 3-мис бойитиш фабрикаси (4,6 млрд долларлик лойиҳа) қурилишини кўздан кечирди.

Президент мис фабрикаси қурилишида / Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 15 октябр куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрди.

Бу шаҳарнинг асоси ва драйвери – Олмалиқ кон-металлургия комбинати. Иқтисодиёт, иш ўринлари, уй-жойлар, маданият ва таълим масканлари ушбу мажмуа негизида шаклланган.

Шаҳарда Тошкент давлат техника университетининг ҳамда Москва пўлат ва қотишмалар институти филиаллари очилган. Яқинда буларга қўшимча Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Муҳандислик мактаби ташкил этилди.

Президент аввало мазкур мактаб фаолияти билан танишди. Бу ерда Германия тажрибаси асосида йилига 480 нафар муҳандис тайёрланади, минг нафар ходимнинг малакаси оширилади. Дарс жараёнлари йўналиш ва мавзулардан келиб чиқиб, хорижлик профессор-ўқитувчилар иштирокида олиб борилади.

Ўқув дастури Германиянинг Фрайберг кончилик академияси, “GP Günter Papenburg AG” ва “Aurubis AG” компанияларининг илғор таълим методологиялари асосида ишлаб чиқилган. Мактаб шунга мувофиқ, механика, металлургия, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, фойдали қазилмаларни бойитиш, энергетика йўналишлари бўйича замонавий ўқув-амалиёт ускуналари билан жиҳозланган.

Давлат раҳбари мазкур хоналарда бўлиб, иш ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди. “Замон ўзгараяпти, ҳар бир соҳага инновациялар кириб келаяпти. Шунга муносиб малакали кадр бўлиш учун доим ўз устингизда ишлашингиз керак. Комбинат тақдири рақамлаштиришда. Ҳар бир бўлимни, ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичини рақамлаштириш зарур”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилмоқда. Келгусида унда ишлайдиган мутахассислар ҳозирдан тайёрланмоқда.

Қисқа вақтда бу ерда 100 дан ортиқ ёшлар ўқиб, тармоқ корхоналарига ишга жойлашган. Президент мактабнинг самарадорлигини янада ошириш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун ўқувлар мунтазам ташкил этилиши, энг муҳими, амалиёт билан чамбарчас боғлиқ бўлиши керак.

Шу йил 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда биринчи босқичда 10 та олий муҳандислик мактаби ташкил этилиши белгиланганди. Бугунги кунда шундай мактаблар ташкил этилмоқда. “Тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжирини мустаҳкамлаш мақсадида ҳар бирининг саноат ҳамкори белгиланади.

Муҳандислик мактаблари олий таълим муассасалари таркибида етакчи йўналишлар бўйича ташкил этилади. Уларда математика, физика, кимё, муҳандислик графикаси, информатика ва хорижий тиллар бўйича чуқур билим берилади. Бакалавриат ва магистратура 4+1 шаклида йўлга қўйилади. Талабалар 2-курсдан ихтисосликлар бўйича саралаб олиниб, саноат ҳамкорлари учун мақсадли кадрлар тайёрланади.

Мазкур мактабларнинг профессор-ўқитувчилари “Эл-юрт умиди” жамғармаси, тегишли ҳамкор ва университет маблағлари ҳисобидан етакчи хорижий муассасаларга малака оширишга юборилади. Саноат ҳамкорлари соҳа тараққиётидан келиб чиқиб, замонавий лабораториялар ташкил этади.

Шавкат Мирзиёев Олмалиқдаги “Ёшлик-1” кони ҳамда унинг негизида қурилаётган 3-мис бойитиш фабрикасини ҳам кўздан кечирди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати рангли, нодир ва қимматбаҳо металлар қазиб чиқаришда етакчи. Мамлакатимиз ялпи саноат маҳсулотининг 5 фоизи, саноат маҳсулотлари экспортининг 6 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади. Комбинат тизимида 35 мингга яқин киши ишлайди.

Ўтган йили 148 минг тонна мис, 17 тоннадан зиёд олтин, 162 тонна кумуш ишлаб чиқарилган. 1 миллиард 100 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 662 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. 

Кейинги йилларда геологик қидирувлар ва инвестициялар миқдори ошгани натижасида ишлаб чиқаришнинг янги имкониятлари топилмоқда. Шулардан бири – “Ёшлик-1” кони. Бу ерда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ истиқболли инвестициявий лойиҳа амалга оширилмоқда.

Кон ҳудуди 11 минг гектар. Захираси ҳам салмоқли – йилига 65 миллион тонна маъдан. Бу конда олтин, мис, кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар бор.

Давлат раҳбари мазкур конда бўлиб, қазиш ишларини кўздан кечирди, мутахассислар билан мулоқот қилди.

“Ёшлик-1” кони маъданларидан юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикаси барпо этилмоқда. Унинг қурилишига 2021 йил 29 июлда тамал тоши қўйилган эди.

Бу йирик лойиҳанинг қиймати 4,6 миллиард доллар бўлиб, конни қазиш, фабрика ва унинг инфратузилмасини қуришни ўз ичига олади. Ҳозирги кунда 200 миллион куб метр кон юзаси очилган, 41 километр темир йўл ётқизилган, 650 мегаваттли подстанция қўйилган. АҚШ, Буюк Британия, Германия, Туркия, Хитой, Россия ва бошқа Европа давлатларидан ускуналар келтирилган. Фабрика ва бошқа инфратузилмалар қурилиши жадал кетмоқда.

Шавкат Мирзиёевга бўлажак заводнинг иқтисодий самарадорлиги, унда қўлланиладиган илғор технологиялар, иш жараёнидаги қулайликлар ҳақида ахборот берилди.

Мазкур фабрика биринчи босқичда йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Бу орқали йиллига 917 минг тонна мис ва 2,5 минг тонна молибден концентратлари ишлаб чиқарилади. 5 минг 600 кишининг бандлиги таъминланади.

Бу йирик лойиҳа турдош саноат тармоқларининг ривожланишига ҳам туртки берди. Масалан, фабрика қурилишига металл конструкциялар етказиб бериш учун 6 та завод ишга туширилди. Муҳандислик, дастурий таъминот ва касб-ҳунар таълими янги даражага чиқмоқда. Янги турар жойлар ва хизматларга талаб пайдо бўлмоқда.

Фабрикада логистика жараёни ҳам қулайлаштирилади. Фабриканинг барча корпуслари орасида конвейерлар бўлади. Бу юк ортиш ва ташишни бартараф этиб, харажатларни қисқартиради.

Иккинчи босқичда қувват 160 миллион тоннага етади ёки бугунги кўрсаткичдан 3 баробарга кўпаяди. Ушбу икки босқич амалга оширилиши натижасида корхона 2028 йилга бориб йилига 400 минг тонна мис, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Шу тариқа Олмалиқ комбинати тоғ-кон металлургияси соҳасида дунёдаги энг йирик саноат мажмуаларидан бирига айланади.

Халқаро баҳолаш мезонларига кўра, Олмалиқда миснинг ялпи захираси 45 миллион тоннани, олтин захираси эса 5 минг тоннадан зиёдни ташкил этиши аниқланган. Бу дунё миқёсида ҳам энг йирик ва ноёб кўрсаткичлардир.

Яна бир муҳим томони, бугун дунёда “яшил иқтисодиёт”, электр техникаси, электромобиллар саноати жадал ривожланмоқда. Бунинг натижасида 2030 йилга бориб мис маҳсулотларига бўлган эҳтиёж 40 фоизга ортиши кутилмоқда.

Яъни, Олмалиқ комбинати маҳсулотларига узоқ йиллар давомида халқаро даражада бўлади. Келгусида комбинат ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар ҳажми 3 мартадан зиёд кўпайиб, унинг қиймати қарийб 8 миллиард долларга етади. 11 мингта янги, юқори технологик иш ўринлари яратилади.

Давлат раҳбари “Enter Steel” механика таъмирлаш корхонаси устахоналарида ҳам бўлиб, янги ускуналар ва иш жараёни билан танишди.

Кеча, 14 октябр куни Олмалиқда 1 млрд долларлик саноат технопарки қурилишига старт берилганди.

Мавзуга оид