Жамият | 13:14
11602
3 дақиқада ўқилади

Олмалиқдаги мактабда 10-синф ўқувчиси вафот этди

Бунга мактабда ўзбошимчалик билан ўтказилган «тарбиявий» суҳбат сабаб бўлгани айтилмоқда.

Иллюстратив фото

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида жойлашган мактабда 10-синф ўқувчиси бўлган қиз вафот этди. 

Sukut Saqlama (NeMolchi.uz) лойиҳаси фарзанди марҳума билан синфдош бўлган онага асосланиб, ушбу ўқувчининг ўлимига кучли стресс оқибатида тромб ҳосил бўлиши сабаб бўлган. 

«Стрессга эса ички ишлар ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилиш сабаб бўлган. Ушбу йиғилишни мактаб ота-оналар қўмитаси вакили бошқа бир ўқувчи қизни ҳимоя қилиш мақсадида ташкил қилган.

Мактабда юқори синф ўқувчиси бўлган бир қиз ҳақида нохуш миш-мишлар тарқалган эди. Бу қиз ота-оналар қўмитаси вакилининг ё қариндоши, ё таниши бўлган. У ёлғон баҳона билан ички ишлар ходимларини чақиртириб, қизларга қўпол оҳангда, баланд овозда „маъруза“ ўқий бошлаган. Сўнгра миш-миш тарқатишда „гумон қилинган“ қизларни суҳбат учун алоҳида хонага чақиришган.

Хонада асосан эркаклар бўлган. Вафот этган қиз суҳбатга чақирилганда жуда кучли стрессни бошидан ўтказган.

Менинг фарзандим ҳам шу йиғилишда эди. Мен ва кўплаб ота-оналар ғазабдамиз. Қандай қилиб болаларни ота-оналар ва психологларни огоҳлантирмасдан йиғиш мумкин? Қайси ҳуқуқ билан бу ота-она ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари (эркаклар) ҳузурида бизнинг болаларимизга баланд овозда дашном беради, устига-устак ноқулай саволлар беришга журъат этган ўқитувчини ишдан бўшатиш билан қўрқитишга ҳадди сиғади?» – дея ёзади ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилган манба.

У маъмурият ва бошқа мутасадди шахслар бунга ҳеч қандай муносабат билдирмаётгани, ушбу шахс барчага ўзининг таниш-билишлари билан таҳдид қилиб, ўқувчилар ҳаётига аралашишда давом этаётганини таъкидлаган.

Ҳодиса юзасидан Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди. Маълум қилинишича, воқеа 2026 йил 28 январ куни Олмалиқ шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабида юз берган. Мактабнинг 10-синф ўқувчиси  (2009 йилда туғилган) К. Е. мактаб йўлагида ҳушини йўқотган. Дастлабки тиббий ёрдамларга қарамай вафот этган.

«Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Якуний хулосалар расмий текширувлар ниҳоясига етгач эълон қилинади», – дейилади хабарда.

Ўрганиш ишлари якунланганидан сўнг қўшимча маълумотлар белгиланган тартибда жамоатчиликка тақдим этилиши маълум қилиниб, унгача тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмаслик, холислик ва қонун устуворлиги тамойилларига риоя қилиш сўралган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид