Иқтисодиёт | 18:00 / 17.06.2021
12965
2 дақиқада ўқилади

Икки ой ичида давлат харидларига доир 101 млрд сўмлик қонунбузарликлар аниқланди

2021 йил май-июнь ойларида ўтказилган давлат харидларида бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 101,5 млрд. сўмлик 324 та танловда «Давлат харидлари тўғрисида»ги ва «Рақобат тўғрисида»ги қонунларнинг талаблари бузилишига йўл қўйилган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган масофавий мониторинг натижаларида айтилмоқда.

Давлат харидларига оид қонунчилик талаблари бузилиши энг кўп Андижонда 20,0 млрд. сўмлик (51 та), Тошкент шаҳрида 19,5 млрд. сўмлик (51 та) ва Самарқанд вилоятида 12,8 млрд. сўмлик (52 та) қайд этилган.

Кейинги ўринларда мос равишда Жиззахда 8,3 млрд. сўмлик (20 та), Бухорода 7,3 млрд. сўмлик (33 та), Қашқадарёда 7,2 млрд. сўмлик (20 та), Сурхондарёда 7,9 млрд. сўмлик (30 та), Хоразмда 5,3 млрд. сўмлик (18 та), Навоийда 5,2 млрд. сўмлик (16 та), Наманганда 2,6 млрд. сўмлик (11 та), Фарғонада 2,0 млрд. сўмлик (10 та), Қорақалпоғистон Республикасида 3,4 млрд. сўмлик (11 та) танловлар бўйича қонунчилик талаблари бузилган.

Шунингдек, давлат харидларига оид қонунчилик талаблари бузилган танловлардан 72 таси (24,6 млрд.) туман (шаҳар) ҳокимликлари, 71 таси (20,9 млрд.) Халқ таълими вазирлиги, 61 таси (17,9 млрд.) Соғлиқни сақлаш вазирлиги, 33 таси (11,1 млрд.) Мактабгача таълим вазирлиги, 24 таси (7,9 млрд.) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, 9 таси (3,6 млрд.) Сув хўжалиги вазирлиги ва қолган 54 таси (15,5 млрд.) бошқа вазирлик ва идоралар ҳисобига тўғри келади.

Аксилкоррупция агентлигига кўра, мониторинг якунлари бўйича бюджет буюртмачилари томонидан эълон қилинган ушбу 101,5 млрд. сўмлик 324 та танловларни бекор қилиш ҳақида вазирлик ва идораларга 268 та тақдимнома киритилган.

Мавзуга оид