Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳафта охирида ҳаво ҳарорати яна кўтарилади - «Ўзгидромет»
Бугун эрталаб Ўзбекистон аҳолиси мамлакатга жанубий Урал ҳудудларидан кириб келган салқин ҳавони ҳис қилди. Қуруқ, аммо салқин ҳаво массаси кириб келиши ҳарорат фонининг иқлимий меъёрларгача пасайишида акс этди.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, бугун кундуз куни республика ҳудудининг катта қисмида ҳарорат 26-29 даража иссиқни, шимолда 22-25 даража иссиқни, республика жанубида 32-35 даража иссиқни ташкил этади. Республиканинг барча ҳудудларида асосан кам булутли об-ҳаво сақланиб туради.
Ҳафтанинг катта қисмида республика бўйича асосан шундай қуруқ ва салқин об-ҳаво ҳукмронлик қилади. Ҳаво ҳарорати кечалари 10-15 даража илиқ, кундуз кунлари 26-31 даража иссиқ атрофида бўлади. Бундай об-ҳаво Ўзбекистон бўйича сентябрь ойи охири учун хосдир.
Ҳафта охирига бориб, антициклон периферияси Қозоғистон ҳудудига чекина бошлайди. Ҳаво ҳарорати яна кўтарилади ва ҳафта охирига 32-35 даража иссиқни ташкил этади.
24 сентябр куни республика шимолида шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.