Ўзбекистон | 12:10
2394
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда

Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистонда қуруқ об-ҳаво кузатилади. 21–23 январ кунлари аксарият ҳудудларда ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда. Ҳарорат кечаси –2 дан –7 даражагача, кундузи эса +3 дан –2 даражагача пасаяди.

Фото: Kun.uz

Душанба ва сешанба кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет.

19 январ куни фақат Навоий вилоятида ва эрталаб Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида бироз қор ёғади. 20 январ куни фақат республиканинг жанубий-ғарбий ҳудудлари бўйича кечқурун ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин.

21–23 январ кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

Ҳафтанинг биринчи ярмида ҳаво ҳарорати кечалари –3…+2 даража, кундуз кунлари +3…+8 даража атрофида бўлади. Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳарорат аста-секин кечалари –2…–7 даражагача, кундуз кунлари –2…+3 даражагача пасаяди.

Қорақалпоғистон Республикасида ушуб ҳафта давомида ҳарорат асосан кечалари –8…–13 даража, кундуз кунлари 0…–5 даража, 23 январга келиб +3 даражагача бўлади.

Баъзи жойларга туман тушиши мумкин. 21–22 январда республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача кучаяди. Тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қор ёғади, қор кўчиши хавфи бор.

Тошкент шаҳрида 19–21 январда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат асосан кечалари –2…+1 даража, душанба ва сешанба кундуз кунлари +3…+6 даража, чоршанба куни +7…+9 даража бўлади. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан 3–8 метр/сония тезликда эсади.

22–23 январда вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Ҳарорат 22 январда кечаси ва кундузи 0…+2 даража, 23 январда кечаси –3…–6 даража, кундузи 0 даража атрофида бўлади. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан 3–8 метр/сония тезликда эсади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид