Ўзбекистон | 15:29 / 27.09.2021
53537
2 дақиқада ўқилади

«4 қаватли уй қуриб нима қиласан?» – Шавкат Мирзиёев прокуратура тизимини 70 фоиз алмаштирганини айтди

Шавкат Мирзиёев Наманганда сайловчилар билан учрашуви чоғида энди ислоҳотлар асосан маҳаллаларда амалга оширилишини айтиб, эски тизимдаги раҳбарларни танқид қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

“Олдин маҳалла раиси ҳокимнинг, прокурорнинг олдига кира олмасди. Биринчи иш кунимдан бошлаб прокуратура тизимида тозалаш олиб бордим, 70 фоизини алмаштирдим. Чунки жуда кўпчилигининг оёғи ердан узилган, халқни менсимасди. 4 қаватли уй қуриб, ҳар йили машинангни алмаштириб нима қиласан? Халқнинг кўзига ёмон кўриниб нима қиласан?” – деди амалдаги президент.

Шунингдек, президентликка номзод бошқа номзодларнинг ташаббуслари бўйича фикр билдирди:

“Бошқа номзодларимиз ҳам ҳаракат қилишяпти, ташаббуслар кўрсатишяпти. Айримлари “Темир дафтар”ни танқид қилишяпти. Лекин бу ҳаётдан узоқликни билдиради. Агар “Темир дафтар” бўлмаганида пандемияда муҳтожларни аниқлаб олармидик, керакли ёрдамни манзилли берармидик? Мендан қўшни давлат раҳбарлари ҳам “Темир дафтар” нималигини сўрашди. “Одамингизни жўнатинг, ўз кўзи билан кўриб ўргансин”, деб жавоб бердим”, – дея президентликка номзоднинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид